4 июнь куни аҳоли орасидан 13 нафар коронавирус аниқланган

147

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 июнь куни коронавирус қайд этилган 96 нафар бемордан 13 нафари аҳоли орасида аниқлангани ҳақида маълум қилди.

Маълум қилинишча, 4 июнь давомида коронавирус аниқланган 96 нафар бемордан 13 нафари айнан аҳоли орасида аниқланган. Шундан 4 нафари Тошкент шаҳридан, 1 нафари Тошкент вилояти, 8 нафари эса Навоий вилоятидан.

Жумладан, Тошкент шаҳри Шайхонтохур туманида вақтинча яшовчи фуқарода тана ҳарорати кўтарилган, томоқда оғриқ безовта қилган. У текширувдан ўтказилганда коронавирусга чалингани маълум бўлган. Шу туманда жойлашган қурилиш фирмасининг ходимида ҳам ишга келиш учун таҳлил ўтказилганда коронавирус аниқланган.

Миробод туманида яшовчи, нафақадаги фуқаро юқори қон босими билан тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб келинган ва текширилганда унда ҳам коронавирус тасдиқланган.

Бундан ташқари, Юнусобод туманида яшовчи фуқарода тана ҳароратининг кўтарилиши ва томоқда оғриқ безовта қилган. У уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган. Тошкент вилоятида яшовчи, пойтахтимиздаги Шайхонтохур туманида жойлашган “Mediapark” савдо мажмуасида қўриқчи бўлиб ишловчи фуқарода ҳам тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, қуруқ йўтал ва томоқда оғриқ безовта қилган. Инфекция аниқланган ушбу бемор ҳам уй шароитида турли антибиотик дори воситаларни қабул қилган.

Шунингдек, Навоий шаҳридан 6 нафар, Навбаҳор ва Кармана туманларидан эса 1 нафардан коронавирусга чалинган бемор бевосита аҳоли орасида тасдиқланганини афсус билан қайд этиш лозим.

Юқоридаги барча ҳолатлар бўйича эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилиб, тегишли қатъий чоралар кўрилмоқда.

Вазирликнинг маълум қилишича, бу каби аҳоли орасида касалланиш ҳолатларининг учраб туриши атрофимизда касалланган, аммо белгилари сезилмай юрган фуқаролар ҳам бўлиши эҳтимоли юқори эканидан далолат. Шу боис касаллик белгилари сезилганда уй шароитида эмас, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржамликка берилмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг