ЯнгиликларМаҳаллий5 йил аввал бузилган савдо дўконига адлия аралашгач компенсация тўловлари тўланиши таъминланди

5 йил аввал бузилган савдо дўконига адлия аралашгач компенсация тўловлари тўланиши таъминланди

Андижон вилоят адлия бошқармасига Асака туманида яшовчи фуқаро М.Турсунов мурожаат йўллади. Таъкидлашича, унинг деҳқон бозори ҳудудидаги савдо дўкони туман ҳокимлиги томонидан буздириб юборилганлиги натижасида тўланадиган компенсация пуллари тўланмаганлиги ва компенсация тариқасида берилган ер майдони ҳам бошқа шахсларга бериб юборилган.

Мурожаатни ўрганиш давомида, туман ҳокимининг 2004 йилдаги қарори билан фуқаро М.Турсуновга тегишли бўлган бозор ҳудудидаги савдо дўконига нисбатан эгалик ҳуқуқи белгиланган.

Мазкур савдо дўкони ва Деҳқон бозори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги «2017 — 2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПҚ-2853-сон қарорига асосан туман ҳокимлиги томонидан буздирилиб, компенсация пуллари тўлаб берилмаган.

Бунинг ўрнига, Асака туман ҳокимининг 2017 йил 6 июндаги 870-Қ-сон қарори билан Асака туман, Дўстлик МФЙ ҳудудидан 0.04 га ер майдони якка-тартибда уй-жой қуриш учун ажратиб берилган.

Бироқ мазкур ер майдони ҳам жойнинг ўзида кўрсатиб берилмасдан, бошқа шахсга бериб юборилган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг (01.01.2020 йилдан кучини йўқотган) 3-бандида ер участкаларини олиб қўйишда объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши, 8-бандида эса ер участкаларини олиб қўйиш компенсациянинг қуйидаги яъни, фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш ва дов-дарахтлар қийматини тўлаш, бузилаётган уйлар, бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар қийматини фуқароларга бозор қийматида тўлаш, шунингдек, ер участкасини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш ва бошқа турлари берилиши шарти билан амалга оширилиши кўрсатилган.

Шунга кўра, бошқарма томонидан фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига даъво ариза киритилди ва шу суднинг 2022 йил 26 апрелдаги ҳал қилув қарори билан фуқаро М.Турсунов фойдасига Асака туман ҳокимлигидан 64 359 331 сўм ва 1 000 000 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Алишер Хасанов,
Андижон вилоят адлия бошқармаси масъул ходими

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img