70 йиллик муҳаббатнинг гўзал хотимаси

0

Американинг Оҳайо штатида никоҳ тўйларининг 70 йиллигини нишонлаган эр-хотин орадан уч ҳафта ўтиб, бир кунда вафот этишди.
2020 йил декабрь ойининг охирида 89 ёшли Дик Мик ва 87 ёшли Ширли Мик ўзларини ёмон ҳис қилишган. 8 январь куни улар COVID-19га тест топширишган ва натижа мусбат чиққан. Уларни бир кунда шифохонага ётқизишган.
Эр-хотиннинг аҳволи бирданига ёмонлашган, қариндошлари шифокорлардан уларнинг сўнгги дақиқаларини биргаликда ўтказишларига рухсат беришни илтимос қилишган. 16 январь, шанба куни уларни битта палатага ўтқазишган ва каравотларини ёнма-ён жойлаштиришган. Жон бераётиб, эр-хотин бир-бирининг қўлини ушлаб олган. Ширл Дикнинг елкасига бошини қўйган, ҳамшираларнинг палатада уларнинг энг севимли қўшиқларини қўйиб беришган. Аёл биринчи бўлиб ҳаётдан кўз юмган. Бир неча дақиқа ўтиб, эр ҳам жон таслим қилган.
«Улар жуда чиройли умр кечиришди ва бу оламни гўзал тарк этишди. Уларнинг муҳаббат тарихи йилларга чўзилди ва худди эртаклардагидек якун топди. Бизнинг юракларимиз ларзага келди, аммо улар энди абадий бирга эканликларини англаб, ўзимизни овутамиз”, — деб ёзади уларнинг яқин қариндошлардан бири.
Дик ва Ширли 2021 йилнинг 19 январь куни вакцина олишлари керак эди.
Аввалроқ, Англиянинг Эссекс графлиги Саутенд шаҳрида ҳам шундай ҳолат рўй берганди. 44 йил бирга умр кечирган эр-хотин коронавирус инфекциясидан 4 кун олдинма-кейин вафот этишган. Ўлимидан сал аввалроқ эркак ўз маҳбубасига у билан яна ўн йил бирга яшаш орзусида эканини айтган эди.