700 метр чуқурликдан отилиб чиққан шифобахш сув қаерда?

0

Юртимизда кишини ҳайратга соладиган, керак бўлса, хорижлик сайёҳларни ҳам

ҳайрон қолдирадиган сирли жойлар жуда кўп. Шунинг учун ҳам она юртимизни

бемалол, фахр-ифтихор билан “Ўзбекистон сайёҳлик учун жудаям қулай, мақтансак

арзигулик маскан”, деб айта оламиз. Сайёҳликка эътибор кучайгани ҳам бежиз эмас.

Эҳ-ҳей, ҳали қанча сизу биз билмайдиган ғаройиб масканлар кўп.

Онам Хоразмдан Тошкентга кела солиб Мингбулоққа шошади. Ҳар сафар онам: “Юр қизим, Мингбулоққа олиб борман”, деса ўқиш, иш бор, деб баҳона қилардим. Бу сафар онамга эргашдим, Наманганга боришга қарор қилдим. Кун иссиқ, қуёш ўз меҳри билан бутун табиатни сийламоқда. Қанчалик уйқум келса ҳам худи бир нарсадан қуруқ қоладигандек, мижжа қоқмай кетавердим. Тангатопди қишлоғидан ўтиб борар эканмиз, машинада гурунг қизиди. Қорачадан келган, қошлари қалин, мўйловли ҳайдовчи, “Ана, ана, қаранглар, ўсаётган тоғ”, деб қолди. Анчадан бери табиатнинг сеҳрли манзараларидан баҳраманд бўлмаган эдим, менга ҳамма нарса қизиқ туюлар эди. Шом чўка бошлади. Ҳайдовчи амакига савол билан юзландим: — “Анави тепалик ғалати эканми?. Ҳайдовчи менга қаради: — Эй, синглим, бундан тахминан 5-6 йил илгари қум кўчкиси келиб бутун кишлоқни босиб қолди. Худонинг кароматини қаранг, айтишларича, бешикда ётган биргина чақалок тирик қолган экан”. Ниҳоят, манзилга етиб келдик. Қуёш ҳам ботай, деб қолганди. Мен онамдан таърифини эшитганим шифобахш сув олдига шошилдим. Сув бўйида юзлари кулиб турган соддадилгина аёл хаёл суриб ўтирган экан. Саломлашдик. — Қаердансизлар, сўради у. — Хоразмданмиз, дедим. — Вой-вуй, шунча йўлдан келдингларми? Биз шу ерда яшаб туриб, энди келдик. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шуни айтишса керак”, деди аёл. Қизиқишим ортди, аёл мактабда физика фанидан дарс берар экан. Дилфуза опа бу шифобахш сув ҳақида менга анча-мунча маълумот берди. Дилфуза опанинг айтишича, Мингбулоқ атрофида Беш Банги, Қўш Булоқ, Гултепа қишлоқлари бор экан. Ривоятларга кўра, Қўш Булоқ қишлоғидаги булоқда илоҳий балиқлар бор эмиш. Ҳар жума куни балиқлар Ўшга бориб, қайтиб келар экан…

— Мингбулоқдаги бу илоҳий сув 700 метр чуқурликдан отилиб чиқаяпти, — дейди Дилфуза опа. — Чет элдан олимлар келиб ўрганишганида сувнинг таркибида натрий, калий, магний, кальций, темир 2, темир 3, хлоридлар, сульфатлар, корбанат кислота, йод ва бромнинг минераллашган хусусияти борлигини аниқлашган. Бу сувдаги яна бир хусусият шунда-ки, сув ҳаводаги кислород, азот ва азон газлари билан реакцияга киришиб, таркибида кальций, темир 2, темир 3 оксидлари бор табиий чўкинди, яъни шифобахш балчиқ ҳосил бўлади. Суҳбатимиз ниҳоялаб борар экан, Дилфуза опага бу ҳақда, албатта, бирор мақола ёзаман, деб сўз бердим. Табиатнинг бу ғаройиб сеҳрига мафтун бўлиб турган эдим, бир онахонни кўтариб олиб келишди. Онахон юролмай қолган экан. 3 кундан кейин онахоннинг шу даргоҳдан юриб чиқиб кетганини ўз кўзларим билан кўрдим. Биз ҳам ўша куни Тошкентга қараб йўлга тушдик. Йўлда кўзим илинибди. Телефон қўнғироғидан чўчиб уйғондим:

— Алло, алло, Латофат кизим, эсон-омон етиб олдингизларми?

— Раҳмат, Дилфуза опа, ҳозиргина Тошкентга етиб келдик.

— Майли, қизим, учрашгунча. Мақолани, албатта, ёзинг.

— Ҳа, албатта, ёзаман.

Латофат ЮСУБОВА