ЯнгиликларЖаҳон8 қаватда осилиб қолган 3 ёшли қизчани қутқариб қолган йигитга 3 хонали...

8 қаватда осилиб қолган 3 ёшли қизчани қутқариб қолган йигитга 3 хонали уй берилди

11 май куни Нур-Султонда яшовчи 37 ёшли Собит Шонтакбаевнинг 8 қаватда осилиб қолган 3 ёшли қизчани қутқариб қолгани видеоси тарқалган эди.

«Кун қаҳрамони» дея эътироф этилган йигитнинг кўрсатган жасорати муносиб баҳоланди.

Собит Шонтакбаев Нур-Султан шаҳри ҳокими Алтай Кўлгиновнинг қабулида бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Иброҳим Қулшимбаев қаҳрамонни «Фавқулодда вазиятлардаги жасорати учун» кўкрак нишони билан тақдирлади.

Маълум қилинишича, Собит эрталаб соат 10 да ишга кетаётган вақтида ҳовлида одамлар бақираётганини эшитади. 8-қаватда осилиб турган болани кўргач, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ФВД ходимлари ҳамда полиция келгунга қадар қизчани қутқариб қолган. Қизча тахминан 10-15 дақиқа шу ҳолатда чидаб турган.

Маҳаллий полициянинг хабар беришича, 3 ёшли қизча уйда ёлғиз бўлган ва юмшоқ ўйинчоқлари ва ёстиқлари билан дераза олдида ўйнаётган бўлган. Қизча улар ёрдамида дераза токчасига чиқиб, 8-қаватдан пастга осилиб қолган.

Маълумот ўрнида: Қизалоқни қутқарган йигит ҳам кўп болали ота, икки ҳафта олдин Қозоғистон пойтахтига иш излаб келган. Оиласи эса Қизилўрдада яшайди. 

Хабарларга кўра, хайрия ташкилотларидан бири қурилиш компанияси билан биргаликда Собит Шонтакбаевга пойтахтдан 3 хонали уй совға қилди.

Ҳомийлардан бири эса Собитнинг банк кредитларини тўлаб, унинг фарзандларини ёзги лагерларга таклиф қилган.

Ҳатто, ўша кунги воқеада Собитнинг оёқларидан тутиб тургани учун унинг шериги Саги Жилкишевга ҳам ҳомийлар томонидан 2 хонали уй совға қилинди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img