ЯнгиликларМаҳаллийАдлия аралашуви билан тадбиркорларга 1 миллиарддан ортиқ компeнсация пули ундириладиган бўлди

Адлия аралашуви билан тадбиркорларга 1 миллиарддан ортиқ компeнсация пули ундириладиган бўлди

Андижон шаҳар адлия бўлими томонидан «НОДИРА» хусусий корхонаси ва “GIGANT GOLDEN” МЧЖ раҳбарларининг корхонага тегишли бўлган савдо дўкони бино-иншоотлари Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилганлиги сабабли компенсация ундириб беришни сўраб, ёзган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Андижон шаҳар ҳокимининг 2015 ва 2018 йиллардаги қарорларига асосан “GIGANT GOLDEN” МЧЖга тегишли Андижон шаҳар, А.Фитрат кўчаси 238 а-манзилда 180,42 кв.метр ер участкасида жойлашган савдо дўкони бино-иншооти бузилишга тушганлиги сабабли 2019 йилда бузилиб, ер майдони шаҳар ҳокимлиги захирасига олиб қўйилган.

Андижон шаҳар ҳокимлиги билан мулкдор “GIGANT GOLDEN” МЧЖ раҳбари Л.Қодирова ўртасида 2019 йил 16 августда тузилиб тасдиқланган келишув шартномасига кўра, савдо дўкони бузилишга тушганлиги сабабли, товон пули ўрнига шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳокимлик захирасидаги ер майдонларидан якка тартибда турар-жой бинолари қуриш учун ҳар бири 400,0 кв.метрдан иборат 3 (уч) дона ер участкаси ажратиб бериш мажбуриятини олган.

Бироқ Президентнинг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг 4-бандига асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш бўйича ваколатлари 2021 йил 1 августдан бекор қилинганлиги сабабли, шаҳар ҳокимлиги томонидан “GIGANT GOLDEN” МЧЖга илгари олиб қўйилган ер майдонига тенг қийматли ер майдони ажратиб беришнинг имкони йўқолган.

Ўрганиш кунига қадар Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан «НОДИРА» хусусий корхонаси ҳамда “GIGANT GOLDEN” МЧЖга олиб қўйилган ер майдони ва бузилган бино-иншоотлари учун компенсация тўловлари тўлиқ тўлаб берилмаган.

Шунга кўра, адлия бўлими томонидан Андижон шаҳар ҳокимлигидан «НОДИРА» хусусий корхонаси фойдасига бузилган савдо дўкони бино-иншооти учун баҳолаш хулосаси асосида 672 790 220 сўм компенсация тўлови ва 2 241 000 сўм моддий зарарни ҳамда “GIGANT GOLDEN” МЧЖ фойдасига 403 674 132 сўм компенсация тўлови ва 4 493 205 сўм моддий зарарни ундириб беришни сўраб Андижон туманлараро иқтисодий судига даъво аризалар киритилди. Суднинг 2022 йил 22 июлдаги ҳал қилув қарорларига асосан даъволар тўлиқ қаноатлантирилиб, тадбиркорлар фойдасига жами 1 083 117 557 сўм компенсация пули ундириш белгиланди.

О.Ғофуров,
Андижон шаҳар адлия бўлими
бошлиғи 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img