МуҳимАдлия вазири Р.Давлетов: 73 турдаги маълумот ва “справка”ларнинг бекор қилиниши натижасида йилига...

Адлия вазири Р.Давлетов: 73 турдаги маълумот ва “справка”ларнинг бекор қилиниши натижасида йилига ўртача 5 млндан ортиқ фуқаронинг овора бўлишига барҳам берилди

Адлия вазири Русланбек Давлетов фейсбукдаги шахсий саҳифасида Адлия фаолияти билан боғлиқ йил якунларига бағишланган сарҳисоб ахборотда муҳим ислоҳотларни санаб ўтди. Қуйида ушбу ахборот билан Сизларни таништирамиз.

«Йил тугаётган лаҳзаларда, табиийки, ҳар бир инсон ёки жамоа босиб ўтган бир йил давомидаги йўлга назар ташлайди ва сарҳисоб қилади. Биз ҳам бу борада қисқача ахборотни ҳавола қилмоқчимиз.

1. Адлия тизими бир кунда ўртача 70 минг фуқарога хизмат кўрсатмоқда. Адлия органлари фаолиятини фуқаро эҳтиёжига қаратилган тарзда ташкил қилиш ва аҳолини рози қилиш бизнинг мажбуриятимиз. Бунинг учун, аввало, бюрократияни қисқартириш аҳолининг ҳаётини осонлаштиришда тез самара берадиган воситадир.
Биргина 73 турдаги маълумот ва “справка”ларнинг бекор қилиниши натижасида йилига ўртача 5 млндан ортиқ фуқаронинг овора бўлишига барҳам берилди, уларнинг 60 млрд сўмдан ортиқ маблағи ўзида қолди.
ФҲДЁ тизимида рақамлаштиришни тугатдик (60 млн ҳужжат), натижада фуқаро исталган ФҲДЁга мурожаат қилиш мумкин, яъни экстерриториал принцип янада кенгайди. Композит хизматлар киритилди, туғилганлик гувоҳномаси билан бирга бошқа 4 та хизматни бир вақтнинг ўзида олиш имконияти яратилди.
“Лицензия” ахборот тизими ишга туширилди ва 17 мингдан ортиқ электрон лицензиялар берилди. Бунинг натижасида шунча фуқароларнинг давлат идораларида сарсон бўлишига чек қўйилди.
Умуман олганда, ўтган йил давомида тизим ташкилотлари томонидан аҳолига 11 млн дан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги 159 та давлат хизматлари маркази бинолари, чекка ҳудудларда 149 та филиаллар ташкил этилди.
Келаётган йилдан 59 турдаги давлат хизматини кўрсатиш муддати ўртача 2 баравар қисқартирилади.

2. Тўловлар қисқартирилди
Кам таъминланганлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари бўйича ҳар қандай тўловлар 50 фоиз чегирма билан кўрсатилади. 6 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори кескин камайтирилди, илгари тўлов ундирилган 2 турдаги хизмат бепул кўрсатила бошланди.

3. Бу йил Давлат раҳбарининг топшириғи билан коррупцияга қарши, шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича 3 та муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишда Адлия вазирлиги асосий ижрочи бўлди.
Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган 33 хил тоифадаги маълумотлар рўйхати тасдиқланди. Уларнинг очиқланиши жамоатчиликда мустақил суриштирувлар олиб бориш имкониятини оширади.
Адлия вазирлиги ишлаб чиққан e-qaror.gov.uz тизимида ҳокимларнинг барча қарорлари (2021 йилда 80 мингта) эълон қилинмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама бўлган кейслар (ҳокимлик хизмат автомашиналари, мажбурий обуна ва ҳ.к.) айнан “E-qaror” тизими шарофати билан жамоатчилик эътиборига тушиб, бекор қилинмоқда. Жумладан, 1339 та қарор “E-qaror” тизимини мониторинг қилиш орқали бекор қилинди.

4. Ер ислоҳоти
Ноқишлоқ ва қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишнинг ҳокимликлар аралашувисиз, барча учун бир хил ва шаффоф бўлган тартиби жорий этилди, бунда барча қонунчилик пакетини ишлаб чиқиш бўйича асосий ижрочи Адлия вазирлиги бўлди. Очиқ аукционнинг илк натижаларини кўра бошладик. Масалан, Сергелида 4 сотих ер e-auksion да 2 млрд сўмга сотилиши жуда аҳамиятли воқеа: бир томондан бу очиқ савдода ернинг асл бозор нархи қайд этилаётгани бўлса, бошқа томондан пуллар кимларнингдир чўнтагига эмас, давлат бюджетига тушади.

5. Ҳужжатлар ижросини таъминлаш
Президент ҳужжатларининг ижросини назорат қилиш адлия идораларига юклатилгандан кейин Адлия вазирлиги бу борадаги ишларини ҳам кучайтирди. Ижроси пайсалга солинаётган 2800 та топшириқнинг ижроси таъминланди. Ҳозирда Республика миқёсида 3 мингдан ортиқ Президент ҳужжатларидаги 60 мингдан ортиқ топшириқлар мавжуд бўлиб, шулардан 82,3% бажарилган, 17,7 % ижро жараёнида.
Юқоридагилар йил давомидаги фаолиятимизнинг айрим жиҳатлари, холос. Амалга оширилган ишлар ҳақида жамоатчилик олдида батафсил ҳисоботни кейинги йил бошида тақдим қиламиз.
Адлия идоралари ўз фаолиятида яна нималарга эътибор қаратиши керак, таклифларингизни шарҳларда ёзинг«, дейилади ахборотда.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img