ЯнгиликларМаҳаллий“Advice.uz” орқали 110 мингдан ортиқ мурожаатларга онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар...

“Advice.uz” орқали 110 мингдан ортиқ мурожаатларга онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган

“Мадад” ташкил қилинганлигининг икки йиллиги муносабати билан пойтахтимизда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш борасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда тегишли давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро ҳамкор ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

— Фуқароларда ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда, — деди “Мадад” ННТ ижрочи директори Тўлқин Турсунов. — Ташкилотимиз фуқаролар эҳтиёжидан келиб чиқиб,  малакали юридик ёрдам кўрсатиш бўйича қулайликларни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Аҳолининг барча қатламлари, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерларга жойида амалий жиҳатдан юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида республика бўйича 60 та туман (шаҳар)да ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди.

Бюролар фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул маслаҳат ва тушунтиришлар бериш, шунингдек, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини тақдим этиш ёки бундай ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш орқали яқиндан амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, шу даврда “Мадад” ННТнинг ҳудудий бюроларига 150 минг нафар фуқаро бевосита мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бепул юридик ёрдам олди.

Жойларда фуқароларга берилган ҳуқуқий маслаҳатлар натижасида кейинчалик уларнинг кўпчилигининг муайян муаммолари тегишли давлат идораларида ўз қонуний ечимини топгани эътиборга молик.

Тадбирда “Мадад” ННТнинг расмий веб-сайти ҳисобланган “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталининг АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури билан ҳамкорликда янгиланган интерактив шаклининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Порталнинг янгиланган интерактив шакли ишга тушгани фойдаланувчилар учун бир қатор қулайлик ва имкониятлар яратди. Жумладан, порталда фуқароларимиз учун муҳим ҳуқуқий масалалар юзасидан тегишли ахборотлар олиш учун алоҳида бўлимлар мавжуд. Улардаги маълумотлар (контентлар) кўпчилик учун тушунарли, оддий ва равон тилда баён этилган.

Порталнинг қулайликларидан яна бири — агар фойдаланувчилар ўзлари учун зарур бўлган маълумотлар билан танишиб чиққач, уларда қўшимча ахборотга эҳтиёж юзага келса, порталда мавжуд бўлган онлайн маслаҳатчи хизмати орқали савол йўллаш ва ўз вақтида жавоб олиш мумкин.

Ҳозирга қадар “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталига фуқаролардан келиб тушган 110 мингдан ортиқ мурожаат юзасидан фуқароларга онлайн режимда ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилган.

Айни вақтда портал хизматларидан фойдаланувчилар сони бир кунда ўртача 3,5-4 минг кишини ташкил этмоқда.

Тадбирда “Мадад” ННТ томонидан фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари таҳлил қилиниб, амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан 20 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилиб, ҳозирда уларнинг 10 дан ортиғи қонунчиликда ўз ифодасини топганлиги қайд этилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш борасида илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини кенгайтиришга қаратилган ягона амалиётни шакллантириш хусусида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Муҳими, уларда амалга оширишнинг аниқ чора-тадбирлари ҳам белгиланди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img