ЯнгиликларМаҳаллийАхборот технологиялари — ҳуқуқий ахборотларни узатишни ҳам, тайёрлашни ҳам осонлаштирди

Ахборот технологиялари — ҳуқуқий ахборотларни узатишни ҳам, тайёрлашни ҳам осонлаштирди

Юристлар малакасини ошириш марказида «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази бўлим бошлиқлари Музаффар Ахмедов ҳамда Баҳодир Турғуновлар томонидан  вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг юридик хизмат ходимлари учун ўқув машғулоти ўтказилди. Қатнашчиларга Марказнинг мақсад ва вазифалари, Марказ томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилиб, ўзаро ҳамкорлик  масалалари муҳокама қилинди.


Ўтган давр мобайнида Марказ томонидан норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва ҳуқуқий ҳужжатлар нумуналарини тайёрлаш соҳасида кўпгина ишлар амалга оширилди.
Хусусан, ҳуқуқий ҳужжатлар нумуналарини тайёрлашда ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланишни назарда тутувчи «Legal Tech» тизимини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Марказ томонидан ўз-ўзига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ахборот тизими “Yurxizmat.uz” доменида ташкил этилиб, тизим 2021 йил 1 апрелдан тест режимида ишга туширилди. Мазкур тизим кичик ва ўрта бизнес вакиллари, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, шунингдек бошқа фуқаро ва ташкилотлар фойланиши учун мўлжалланган.
Тизимнинг қулайлиги шундан иборатки, фойдаланувчилар тизимга кириб, ўзларига керакли ҳуқуқий ҳужжат турини танлаб, иш ҳолатлари юзасидан бериладиган бир неча саволларга жавоб бериш орқали автоматлаштирилган ҳолда шакллантирилган ҳужжатни олишлари ва ундан фойланишлари мумкин.
Тизимнинг ишга туширилиши фойдаланувчилар билан бир қаторда давлат органларига ҳам катта қулайлик яратади. Чунки ҳозирга қадар Ўзбекистонда ҳуқуқий ҳужжатларнинг автоматлаштирилган бепул базаси мавжуд эмас эди. Бу эса, ўз навбатида, ҳуқуқий ҳужжатлар тузишда ортиқча вақт ва ресурс сарфланишига сабаб бўлаётган эди. Эндиликда интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлган ҳар бир шахс ҳужжатни тизим орқали тўғридан-тўғри расмийлаштириб олиши мумкин.
Шунингдек, тизим аҳолининг давлат органларига ҳуқуқий ҳужжат намуналарини сўраб мурожаат қилиш ҳолатларига барҳам бериши билан ҳам аҳамиятли бўлиб, давлат органларининг ушбу ишларга сарфлайдиган вақтларини бошқа устувор вазифаларига йўналтириш имконини ҳам беради.
Бугунга қадар 450 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича махсус сўровнома саволлари шакллантирилиб, ахборот тизимига киритилиб, фойдаланувчиларга тақдим этилган. Маълумотлар базаси контентини шакллантириш ва сўровнома саволларини тузиш, уларни тизимга киритиш ишлари давом этмоқда.
Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш, сарфланадиган вақтни янада тежаш мақсадида тизимдаги стандарт маълумотлар шакллантирилиб, автоматлаштирилди ҳамда тизим Адлия вазирлигининг ADVICE.UZ ҳуқуқий ахборот портали билан боғланди.
Шунингдек, Марказ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш соҳасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилган.
Хусусан, мазкур даврда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал, Оила, Меҳнат, Жиноят ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексларига, “Хўжалик юритувчи субектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Адвокатура тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги Қонунларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази фаолиятини ташкил этиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрланиб, кўриб чиқиш учун вазирликка юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ҳамда “Адлия органлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳа Марказ томонидан кўриб чиқилиб, лойиҳалар юзасидан таклифлар билдирилди.
Марказ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги ЎРҚ-682-сон Қонуни талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда малакали мутахассислар томонидан тайёрланмоқда.
Ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжатлари намуналари ҳам амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, амалиётдаги муаммолар ва низоли ҳолатлар инобатга олинган ҳолда тайёрлаб келинмоқда.
Ҳозирда Марказ томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда бошқа ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжатлари намуналарини тайёрлаб бериш нархининг калькуляцияси тайёрланган.
Тадбир иштирокчиларига Марказ томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда бошқа ҳуқуқий ва бошқарув ҳужжатлари намуналарини тайёрлаб бериш бўйича Марказ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан тушунчалар берилиб, фикр алмашилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши ва уларнинг расмий эълон қилиниши, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланиш, шу билан биргаликда Қонунчилик маълумотлари миллий базаси (Lex.uz)дан фойдаланиш, унинг янги модернизация қилинган кўринишининг ўзига хос жиҳатлари, янги имкониятлари, қулайлик ва афзалликлари ҳақида тадбир иштирокчиларига тушунтирилди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img