Жорий йилда 52-Халқаро кимё олимпиадаси Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган эди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли ушбу нуфузли халқаро олимпиада 2020 йил 25 июлда масофавий тарзда ўтказилди.

Унда дунёнинг 60 та давлатидан жами 235 нафар иқтидорли ўқувчи иштирок этди. Жорий йилги олимпиадада ўқувчилар лаборатория кимёвий тажрибаларисиз ўтказишди. Олимпиада синов жараёнини назоратчилар 4 та веб-камера ёрдамида кузатиб боришди.

Масофавий олимпиада Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг академик лицейида санитария гигиена ҳамда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилди.

52-Халқаро кимё олимпиадасида юртимиз шарафини республика фан олимпиадалари ғолиблари орасидан саралаб олинган академик лицей ва мактабларнинг 4 нафар иқтидорли ўқувчиси ҳимоя қилди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳузуридаги академик лицей ўқувчилари Мирумид Миракбаров ва Дилшодахон Исаевалар муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлишди.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги 35-сонли мактаб ўқувчиси Фирдавс Собиров бронза медалини қўлга киритди.

Олимпияда масофавий ўтказилгани боис ғолибларнинг медал ва дипломлари Туркиядаги ташкилий қўмита томонидан почта орқали жўнатилади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг