Суд очеркиАмнистияни “имтиёз” деб билган “уддабуронлар” қўлга тушди

Амнистияни “имтиёз” деб билган “уддабуронлар” қўлга тушди

Одам савдоси – инсонни ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қул бўлишга маҳкум этиш, инсонлар умрига зомин бўлиш, уларнинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилишдек оғир ва жирканч жиноятлардан энг хавфлиси саналади. Минг афсуски, инсон ҳаётини тасарруф қилиш, инсонни олди-сотди нарсага айлантириш айрим вахший, баднафс шахсларнинг доимий фаолиятига ҳамда мўмайгина даромад манбаига айланиб қолмоқда.

Бу турдаги жиноятларнинг аёллар томонидан содир қилиниши эса барчани сергак тортишга ундайди.

Зеро, аёл деганда ҳар бир инсоннинг кўз ўнгига – меҳрибон, бағрикенг, оқ сут бериб тарбиялаган муътабар зот “ОНА” сиймоси намоён бўлади. Барчамизни ёруғ дунёга келтириб ўзининг бутун борлиғини фарзандлари камолига бахшида этган оналаримиз ҳамда турли соҳаларда эркаклар қаторида тер тўкиб, ҳалол меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз тимсолида биз хонадонимиз чароғи, оиламиз таянчи ва юртимиз истиқболининг кафолатини кўрамиз.

Бироқ бугунги “қаҳрамонларимиз” бу каби таърифларга қанчалик мос келишларига мақола давомида ўқувчиларимизнинг ўзлари баҳо беришгани маъқул.

Эндигина 22 ёшни қарши олган, турмуш қурмаган ҳолда фарзандли бўлган Зилола Олимова (исм-шарифи ўзгартирилган) талончилик ва босқинчилик жиноятларини содир қилганлиги учун икки марта судланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаганлигига, унинг тенгдоши, турмушидан ажрашган Салима Тўхтаева (исм-шарифи ўзгартирилган) эса, ўғирлик жиноятларини содир қилганлиги учун икки марта суднинг “қора курсиси”да ўтиришга улгурганлигига ҳайрон қоласан киши.

“Кўр ҳассасини бир марта йўқотади”, деган мақол бу аёлларга тааллуқли эмасга ўхшайди.

Уларга нисбатан амнистия актлари қўлланилиб, жазодан озод қилинишлари моҳиятини тўғри англаб етмадилар, аксинча уларни “имтиёз” сифатида қабул қилдилар. Шу хатолари уларни яна жирканч жиноят сари етаклади.

Бу икки “уддабурон”га ногирон фарзандини даволатиш учун пул топиш мақсадида Тошкент вилоятидан Қарши шаҳрига келган Ҳамида Насимова (исм-шарифи ўзгартирилган) жуда қўл келди. Ҳ.Насимованинг яшаш уй-жойи, иш излаб юрганлигидан фойдаланган З.Олимова ва С.Тўхтаевалар ўзаро тил бириктиришади. Ҳ.Насимовага уй-жой ва иш топиб беришни ваъда қилиб, уни алдаб, ўзлари вақтинча яшаган уйга олиб келишади. Уни кунига 150.000 сўм эвазига фоҳишалик қилишга мажбурлашади.

Бу ҳам етмаганидек, ўтган вақт мобайнида Ҳ.Насимовани мунтазам равишда қийнаб, қорин, кўкрак қафаси ва танасининг дуч келган жойларига қўллари билан бир неча бор уриб, оёқлари билан бир неча марта тепиб, унга қасддан оғир шикаст етказишган. Оқибатда, етказилган ушбу тан жароҳатлари натижасида Ҳ.Насимова вафот этган.

Жиноят иши ҳужжатлари ва ишни судда кўриш давомида аниқланган ҳолатлар З.Олимова ва С.Тўхтаеваларнинг мўмай даромад топиш мақсадида ҳеч нарсадан, энг ачинарлиси, ўз юртдошлари, қариндошларини ҳам бу қабихлик домига илинтиришдан ҳам тоймайдиган тоифадаги кимсалар эканликларини яққол кўрсатиб турибди.

Тўғри, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй-ҳаракатлари билан мазкур жиноят иши фош қилиниб, суднинг ҳукмига кўра, З.Олимова ва С.Тўхтаевалар турли муддатга озодликдан маҳрум қилиндилар. Бироқ, марҳуманинг яқин қариндошларининг бир умрлик айрилиқ азобини ким ва қандай қилиб қайтариб бера олади, етказилган маънавий азоб-уқубат ўрнини эса қандай қилиб қоплаш мумкин?

Сўнгги пушаймон, ўзингга душман, дейди доно халқимиз.  З.Олимова ва С.Тўхтаевалар суднинг қора курсисида ўтириб, қилмишларидан пушаймонликларини қайта-қайта таъкидладилар. Афсуски, энди бу тавба-тазарруларнинг вақти ўтган эди.

Ҳақли савол туғилади, нима сабабдан ҳаётнинг аччиқ-чучигини тушунмаган марҳума Ҳ.Насимованинг ота-онаси уни бегона жойга ишлаш учун кетишига рухсат берди? Нимага унинг тақдири билан ҳеч ким қизиқмади? Наҳотки балоғат ёшида бир неча марта суднинг “қора курсиси”да ўтиришга улгурган З.Олимова ва С.Тўхтаеваларга бирон кимса тўғри йўлга киришни тушунтирмади, нотўғри йўлдан қайтармади? Нимага улар истиқомат қилувчи маҳалла фуқаролар йиғини, кенг жамоатчилик уларнинг хулқини назоратга олиш чораларини кўрмадилар?

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, гендер тенглик кафолатларини таъминлаш, илмий фаолиятга кенг жалб қилиш, оила ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оила ва хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун зарур шароитлар яратиш, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш учун барча имкониятлар яратилаётган бир пайтда бу каби жиноятларнинг содир этилиши барчамизни жиддий ўйга солмасдан қолмайди, албатта.

Одам савдоси каби мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш, бу иллатни томири билан даф қилиш барчамиздан сергаклик, ҳушёрлик, ён-атрофимиздаги воқеликларга бефарқ қарамасликни тақозо қилади. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда “Инсон ҳаёти, инсон манфаати билан боғлиқ соҳаларда майда нарсанинг ўзи йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”.

Шу мақсадда кенг жамоатчилик, хусусан, маҳалла, таълим муассасалари, жамғармалар, ёшлар, хотин-қизлар ташкилотлари имкониятларидан кенг фойдаланиш, шу эзгу мақсад йўлида жамиятимиздаги барча куч ва имкониятларни мувофиқлаштириш лозим.

Шаҳзод Бахтиёров,
Қашқадарё вилоят суди судьяси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img