Ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ортиқча мулоқотнинг олдини олиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан айрим фанларни ўтиш вақтинчалик тавсия этилмаганди. Масалан, Жисмоний тарбия ва яна бир нечта фанлар. Шу боис ушбу ўтилмайдиган фанларнинг ўқитувчиларига аввалгидек ойлик тўланиши масаласида айрим саволли мулоҳазалар пайдо бўлди.

Халқ таълими вазирлиги ушбу масалага ойдинлик киритиш учун расмий муносабат билдирди:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йилнинг 28 августида “Умумий ўрта таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилига тайёргарлик кўриш ишлари тўғрисида” ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимларига анъанавий шаклда дарс машғулотлари ўтказилмайдиган айрим фанлар педагогларига ажратилган дарс соатлари бўйича ойлик иш ҳақини сақлаш топширилди.

Ушбу фан ўқитувчилари мактабда ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб этилиши белгиланди. Ўқув йили бошлангунга қадар бўлган давр учун муассасанинг педагог ва бошқа ходимларига 2020/2021 ўқув йили учун шакллантирилган тарификация рўйхати ҳамда штатлар жадвали бўйича белгиланган лавозим маошидан келиб чиқиб, ойлик иш ҳақи тўлаб берилади.

Меҳнатига соатбай ҳақ тўланадиган ўриндошлик асосида ишловчи педагог ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш муассасада ўқув жараёни бошлангандан кейин амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, мактабда ўтилмайдиган фанлар масофавий таълим шаклидаги телевизион дарслар орқали узатилади.

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг