ЯнгиликларМаҳаллийАндижон: уй-жойлар одамларни рози қилиб, қонуний бузилса ҳам бўларканку...

Андижон: уй-жойлар одамларни рози қилиб, қонуний бузилса ҳам бўларканку…

Бугун вилоят ҳудудларида қурилаётган, иқтисодий, маданий-маърифий тараққиётимизга хизмат қиладиган иншоотлар кўзимизни қувонтирмоқда. Буюк бунёдкор, меъмор Соҳибқирон авлодлари яна муҳташам ва кўркам бинолар қуришмоқда. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур “Ободончиликка ярайдиган бирон қарич ернинг ҳам зое бўлишини раво кўрмасди”. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари фикримизнинг далилидир.

Андижон вилоятида ҳам сўнги 4-5 йил ичида кўплаб қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташриф буюриб, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Ташриф давомида Президентимиз Андижон шаҳар Бобур шоҳ кўчасини боғловчи автомобиль йўл ўтказгич (кўприк) қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича берган топшириғи ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш қарори асосида Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан кўприк узунлиги 695 км, йўл ўтказгич қисми 26 метр, энг баланд нуқтаси 10 метрга тенг янги технология асосида барпо этилиши кўзда тутилган, лойиҳа қиймати 250 миллиард сўмлик кўприк қурилиши муносабати билан ушбу ҳудудда 1.8 гектар ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг турар жой бинолари бузилишга тушган эди.

Маълумки, ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган низомга асосан тартибга солинган.

“Снос” — бу русча сўз бўлиб, “бузиш, бузилиш” деган маънони билдиради. Аниқроқ қилиб айтганда, “снос” деганда жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларга эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи билан тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида олиб қўйилиши натижасида ушбу ер участкасида қурилган кўчмас мулкларнинг бузилиши тушунилади.

Ўтган қисқа вақт мобайнида амалдаги қонунчилик талаблари асосида Андижон шаҳар Бобур шох кўчаси автомобиль йўлини туташтирувчи кўприк қурилишининг ҳимоя ҳудудидаги бузилишга тушган 72 та хонадон эгалари билан очиқ муҳокама ўтказиш, компенсация пулларини тўлаш юзасидан вилоят ҳокимлиги штаби ташкил этилиб, уй-жойларнинг бузилиш жараёни қонунийлигини таъминлаш ва фуқароларга ҳуқуқий жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида адлия ходимлари, шунингдек, 10 нафар нотариус жалб этилди.

Қонун ҳужжатларига қатъий амал қилган ҳолда Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг қарори асосида  ҳокимлик ва мулкдор ўртасида очиқ муҳокама ўтказилиб, мулкдорларнинг ер участкасини давлат ва жамоат эхтиёжлари учун олиб қўйилишига дастлабки розиликлари олингандан сўнг, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ер участкасининг олиб қўйилиши ҳақида тегишли қарори қабул қилинди. Шундан кейин Андижон шаҳар ҳокимлиги мулкдорлар билан келишиш ишларини амалга оширди. Олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати мустақил баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланди. Ҳокимлик ҳамда мулкдорлар ўртасида икки томонлама келишув битимлари имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланди.

Ҳокимлик томонидан 72 та хонадон эгаларига бозор қийматида баҳоланган нарҳларда 30 миллиард сўм миқдорида компенсация пуллари уй бузилишидан аввал тўлиқ тўлаб берилди.

Шахсан вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ туну кун давомида бузилишга тушган хонадон эгаларини рози қилиш билан шуғулланди.

Амалдаги тартиб бўйича кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

Шунга кўра, мулкдорларга компенсация пуллари тўлиқ тўлаб берилгандан, турар жой бинолари бўшатиб қўйилгандан сўнг адлия бўлимининг ижобий хулосаси асосида ҳокимнинг турар жой бино-иншоотларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлигини таъминлаш бугун юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончиликни ва кундан-кунга гўзаллашиб бораётган шаҳару қишлоқларни кўриб, кишининг кўзи қувонади.

             Озодбек ГАФУРОВ,
Андижон шаҳар адлия бўлими бошлиғи,
1-даражали юрист

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img