ЯнгиликларМаҳаллийАндижонда нотариуснинг бир иш куни

Андижонда нотариуснинг бир иш куни

«Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан», дея қасамёд қабул қилганим кечагидек эсимда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг мажлисида ана шу мазмундаги сўзларни айтган ҳолда қасамёд қилгандик. Ўзгача ҳаяжон, таъриф этиб бўлмас даражада хурсандчилик, ажойиб ўй-хаёллар чулғаб олган эди мени ўшанда. Қасамёд қилар эканман, нотариус сифатида фаолият бошлаш, кичик бўлса-да, бир идорага ва ундаги ходимларга раҳбарлик қилиш, фуқароларни қабул қилиш, улар билан суҳбатлашиш, ҳужжатларини ўрганиш ва улар асосида нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, энг асосийси эса, ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзларидан бири бўлмиш Давлат герби акси туширилган муҳр билан тасдиқлаш — буларнинг бари бирин-кетин ўтган эди ҳаёлимдан.

Нотариус сифатида иш бошлаган кунимоқ бу касбнинг ўзига хос масъулияти-ю, жавобгарлиги борлигини теран ҳис этдим. Илк нотариал ҳаракатни амалга ошириб, фуқарога унинг ҳуқуқларини тушунтирар эканман, бунга яна бир бор амин бўлдим.

Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги Қонуни 1-моддасида Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институт экани белгилаб қўйилган.

Ҳар кунлик иш фаолиятимни янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳамда қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан танишиш билан бошлайман. Сабаби, қонунчиликка киритилган бирор ўзгаришдан бехабар қолиб, бекор қилинган ёки ўзгартириш киритилган ҳуқуқ нормасини қўллаш орқали нотўғри нотариал ҳаракат амалга ошириб қўймасликка, бунинг оқибатида эса кимнингдир ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлиб қолмасликка интиламан. Нотариат соҳасига оид қонунлар, қонуности ҳужжатлари, қарорларни такроран кўздан кечираман. Зеро, «Билимнинг онаси такрорлашдир».

Нотариал идорага турли хил ёшдаги, турли хил характер ва кайфиятдаги инсонлар ташриф буюришади. Уларнинг ҳар бири билан ўзига хос тарзда суҳбатлашишга, масалаларини қунт билан эшитишга, олиб келинган ҳужжатларни эса атрофлича ўрганишга ҳаракат қиламан. Ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилганида эса улар асосида нотариал ҳаракатларни амалга оширишга киришаман. Нотариус ёрдамчиси орқали битим лойиҳалари тайёрланади ва тўловлар амалга оширилгач, ҳужжатлар имзоланади, бармоқ излари сканер қилиниб, битимлар тасдиқланади.

«Умрингиздан барака топинг» — деб гап бошлаб қолди бир куни ёши улуғ бир онахон, нотариал ҳаракатни амалга ошириб бўлиб у билан хайрлашарканман, — «Ёш экансизу, лекин жуда эътиборли йигит экансиз. Қабулингизга келган ҳар битта одам билан шунақа самимий суҳбатлашасизми? — деб сўраб қолди. Мен эса «Ҳа, онахон» дедим бироз жилмайиб, ҳам бироз ўнғайсизланиб. «Қабулингизга киргунча ташқарида бироз кузатиб турдим, ҳамма билан қўлингиз кўксингизда, ўрнингиздан туриб хайрлашаяпсиз, жилмайибгина кузатиб қўйяпсиз. Отангизга раҳмат, жуда хурсанд бўлдим, давлатнинг одамлари шунақа самимий бўлса, қандай яхши», деб дуо қилиб чиқиб кетди.

Халқимизда «Дуо билан эл кўкарар» деган нақл бор. Доимо ана шу нақлга амал қилган ҳолда нотариал идорамга ташриф буюрган ҳар бир фуқаро билан самимий суҳбатлашишга, ҳужжатларида кўплаб камчиликлар бўлса ҳам, «Келинг, шу камчиликларингизни биргаликда бартараф қиламиз», дея уларнинг кўнглидан жой олишга ҳаракат қиламан.

Баъзан меросни расмийлаштириш учун қабулимга келган фуқаролар билан соатлаб суҳбатлашишга тўғри келади, меросхўрлар доирасини аниқлаш, меросхўрлардан қай бири ҳаёту қай бири вафот этганлиги, қайси меросхўр нотариал идорага кела оладию қайси бири хорижда бўлганлиги ёки бошқа сабабларга кўра кела олмаслиги, ким меросдан ўз улушини олишни хоҳлайдию, ким меросдан воз кечади, буларга аниқлик киритиш зарур, албатта.

Ана шу пайтлар нотариал ҳаракатни расмийлаштириш учун навбат кутиб турган бошқа фуқароларнинг ташқарида туриб, нотариал идоранинг бошқа ходимларига эътирозомуз оҳангда «Битта нарсани сўраймизу чиқиб кетамиз», «Бизни масаламиз битта савол холос, кириб сўраб чиқайлик» деган сўзларини эшитиб қоламан. Чиқиб уларга «Нотариат тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасини тушунтирган бўламан. Сабаби нотариал ҳаракат амалга оширилаётганда бошқа бегона шахсларнинг нотариус хонасида ҳозир бўлиши мумкин эмаслигини айтаман.

Нотариал идорамда иш олиб бораётган барча ходимларимни ҳам фуқаролар билан хушмуомалада бўлишга, тез ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишга чақираман. Зеро, бирор юмушини ортиқча оворагарчиликларсиз, тез ва осон битира олган ҳар қандай киши, яна шу соҳага иши тушиб қолса, ўша идорага яна бир бора келсам дейди. Бизнинг асосий вазифамиз эса қасамёдимизга содиқ қолган ҳолда ишимизга ҳалол ва виждонан ёндашиб, фуқароларимизга тез ва сифатли ҳуқуқий хизмат кўрсатишдан иборат.

Камолиддин Жалолиддинов,
Андижон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img