Андижонлик ўғрилар Фарғонада қўлга олинди

0

Одатда ўғрилар бирор жойни ўмариш учун ўзининг яшаш ҳудудидан узоқроқни мўлжаллайдики, бунда жиноятини осонроқ яширишни ва шу орқали фош бўлмаслигини ўйласа керак. Аммо қилни қирқ ёрувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳар қандай вазиятда ҳам жиноятчиларни топиб, жазо муқаррарлигини таъминлаб келишади.

Андижон шаҳрида яшовчи Хушнудбек Шарофиддинов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ва Асилбек Латиповлар ҳам Фарғона шаҳрига келиб, ўғирликка қўл уришганда қилмишлари сирлигича қолишини назарда тутишганди.

Ўша куни улар тунги соат 00:30ларда Фарғона шаҳрига – шаҳарнинг А.Навоий кўчасидаги 41Б-уй олдига етиб келишади. Сўнгра атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, уй олдида турган, фуқаро Т.Нуриддиновга тегишли “Lacetti” русумли автомашинасининг олди эшик қулфини бузиб очишади. Натижада автомашина ичидаги нархи 95 АҚШ долларига тенг “Sho-me” номли антирадар аппарати, бир дона нархи 150.000 сўмлик қора рангли сумка ва ундаги нархи 2.400.000 сўмлик “Fujitsu” русумли ноутбук ҳамда Т.Нуриддиновнинг фуқаролик паспортини ўғирлашади.

Шундан кейин ҳамтовоқлар нарироқдаги 44Б-уй ёнига боришади. Бу ерда эса фуқаро Ш.Холматовга қарашли “Cobalt” русумли автомашина қаровсиз қолдирилгани ва атрофда ҳукм сураётган жимжитлик жуда қўл келади “меҳмон”ларга. Бинобарин, икковлон “Cobalt”нинг эшиги ойнасини бемалол синдириб, салонда турган нархи 200.000 сўмлик аёллар катмони, 200 АҚШ доллари , 160.000 сўм пул ва ҳисобида 200.000 сўм маблағи бўлган банк пластик картасини ўмариб кетишади. Бироқ…

Бироқ “қаҳрамон”ларимиз бу билан қаноатланишмайди. Пировардида соат 01:20ларда шаҳарнинг Оқ йўл кўчасига — Фарғона шаҳар газ таъминоти филиали олдига келиб, ўғирликни давом эттиришади. Аниқроғи, идора биноси ёнида қолдирилган, фуқаро Ш.Қодировнинг “Lacetti” русумли автомашинаси олд эшигини дастлабки усулда қулфини бузишади. Кейин нархи 110 АҚШ долларилик антирадар аппарати, транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик талони, автомашина юкхонасидаги нархи 50.000 сўмлик қора рангли сумка ва унинг ичидаги 1200 АҚШ доллари ҳамда 3.000.000 сўм пулларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинишади. Сўнгра жабрланувчи Т.Нуриддиновнинг фуқаролик паспорти ва жабрланувчи Ш.Қодировнинг ҳайдовчилик талони ҳамда транспорт воситасини қайд қилиш гувоҳномасини шаҳар ҳудудидан оқиб ўтган сойга ташлаб юбориб, нобуд қилишади. “Fujitsu” русумли ноутбукни ўғирланганини айтмай фуқаро М.Машраповга 1.600.000 сўмга сотиб юборишади. “Sho-me” номли антирадар аппаратини эса танишлари М.Эргашевга совға қилишади. Шунингдек, жабрланувчи Ш.Холматовга тегишли пулларни ҳам шахсий эҳтиёжларига сарфлаб, кайфу сафо қилишади. Лекин жабрланувчиларнинг мурожаати асосида андижонлик ўғриларнинг қилмишлари кўп ўтмай фош этилади. Негаки, воқеа жойларидаги кузатув камералари уларнинг кирдикорларини видеотасвирга муҳрлаганди. Оқибатда, айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Буни қарангки, тергов ва суд жараёнида ҳар иккала судланувчининг ҳам муқаддам икки маротабадан судланганлиги, энг эътиборлиси, худди юқоридаги сингари жиноятни содир этишгани учун жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2020 йил 25 февралдаги ҳукмига биноан озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташаётгани аён бўлди. Шу боис мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судланувчиларни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а”-банди, 227-моддаси 2-қисми “а”-банди билан айбдор деб топиб, ўталмай қолган жазо муддатини ҳам инобатга олган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Албатта, айни пайтда 23 ва 25 ёшда бўлган навқирон йигитларнинг 3 маротаба судланишга “улгургани” жуда ачинарли ҳолат. Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясини зиммасидаги энг муҳим вазифа деб билса, бу мажбуриятини меҳнат фаолияти ва шахсий юмушларидан ҳам устунлигини ҳис этса, баён этилгани каби воқеалардан йироқ бўлади.

Феруза СИДДИҚОВА,
                                             жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист