МуҳимАндишанинг отини қўрқоқ қўйиш тўғрими? Адлия аралашмаганида Хатирчида иш ўрни қисқарганларга 92...

Андишанинг отини қўрқоқ қўйиш тўғрими? Адлия аралашмаганида Хатирчида иш ўрни қисқарганларга 92 миллиондан ортиқ нафақа тўланмай қолаверарди

Айни кунда ишидан мосуво бўлган ходимнинг аҳволини фақат унинг тақдирдоши, яъни иш ўрни қисқарган одам тушуниши мумкин. Бу борада ҳақ-ҳуқуқини билган инсон борки, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларга мурожаат қилиши тайин. Аммо, шундай фуқаролар борки, андишага бориб ишдан кетиш чоғида бериладиган нафақаларга ҳам кўз тикмайди. Аслида эса бу нотўғри ва қонунга зиддир.

Хатирчи туман адлия бўлими томонидан ҳудудда Президентнинг “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори талабларига риоя этилиши аҳволи ўрганилди. Қарор талабларига асосан Хатирчи туманидаги 68 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимлари қисқартирилган.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ходимларга белгиланган тартибда огоҳлантириш хатлари берилиб, бу муддат пуллик компенсацияга алмаштирилган. Бироқ маҳалла раиси ўринбосарларининг 38 нафар ходими билан тузилган меҳнат шартномалари Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинган. Муаммо шундаки, ташкилот томонидан ходимларга ишдан бўшатиш нафақалари тўлаб берилмаган. Бу нафақа миқдори 92 миллион сўмдан ортиқ маблағдир.

Хатирчи туман адлия бўлими томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари номига киритилган тақдимномага асосан иш берувчининг ташаббусига кўра, меҳнат шартномалари бекор қилинган 38 нафар ходимга жами 92 млн 108 минг 732 сўмлик ишдан бўшатиш нафақалари тўлаб берилди. Рўзғори учун ойлик даромад манбаидан ажралган собиқ маҳалла раиси ўринбосарларининг шундоғам ишсиз қолгани ачинарлидир.

Адлия идораси ташаббус кўрсатмаганида 38 нафар ходим нафақа тўловларига ҳаққи борлигини билмасмиди? Шу ўринда меҳнат муносабатларида ҳақ-ҳуқуқни билиш муҳим ва фойдали деб ҳисоблаймиз.

Навоий вилояти адлия бошқармаси Матбуот хизмати

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img