Анвар РАДЖАПОВ, олий тоифали шифокор: «Дунё ларзага келаяпти-ю, нега биз бепарвомиз?»

0

Бугунги кунда бутун ер юзида инсонлар ҳаётига хавф солаётган, ҳар қадамда, ҳар лаҳзада инсоннинг ҳаётига зомин бўлаётган коронавирус касаллигининг оғир асоратларини кўриб турибмиз. Кейинги кунларда кимнингдир оиласидаги меҳрибонлари, кимнингдир қадрдон дўсти, кимнингдир қўшниси, кимнингдир ҳамкасби бу касаллик туфайли оламдан ўтаётганлиги ҳақидаги хабарлардан юрагимиз зада бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.

Бу хасталик қаршисида бутун дунё таслим бўлгани, чорасиз қолганини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Аммо одамзот нимагадир бу хавф ва хатар чегараларини, бу офатнинг, бу тилсиз, қўлсиз ажалнинг даҳшатини худдики ҳис этмаётгандек тутаяпти ўзини. Кўчаларда тўп-тўп бўлиб юришлар, кафеларда ўтиришлар, тўю тантаналарни давом эттиришлар, ҳатто ниқобсиз юришлар… Буларнинг барчаси нафақат ўз ҳаёти, балки оиласидагилар, ҳимояга жуда муҳтож фарзандлар ҳаётига бепарволик оқибати эканлиги юз марта таъкидланмоқда.  Аммо одамлар бу таъкидлар, бу огоҳлантириш ва бу эслатмалар гўёки ҳукуматимиз раҳбарлари, мутасаддилар ва шифокорларга керак, деган калта фикрларга бораётганга ҳам ўхшайди. Ана шу хом хаёллар билан юрганлар касалликни юқтириб,  вирусга чалинганлар сонининг кескин ўсиб кетишига сабаб бўлаётганлиги ачинарли, албатта.

Шифокор сифатида шуни таъкидлашни истардим, коронавирус — ўпка тўқимасининг шикастланиши ва нафас олишнинг издан чиқиши билан кечувчи оғир касаллик. Иммунитети паст ҳамда сурункали касалликлари бор инсонлар учун ўта хавфли.

Бу касалликнинг олдини олиш учун энг аввало уйда қолиш, шифокорларнинг берган барча тавсияларини сўзсиз бажариш, санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш, кўчага иложи борича чиқмаслик, бегона кишилар билан яқин мулоқотда бўлмаслик, уйдаги барча очиқ жойларни хлор сақловчи эритмалар билан тозалаш ҳамда уйдан ташқарига чиққанда ниқоб тақиш, ниқобларга ҳар 2 соатда химик ёки термик ишлов бериш ёки алмаштириш зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқчиман. Бу касалликни юқтирмасликнинг оддий шарти.

Ҳам шифокор, ҳам мутахассис сифатида илтимос қиламан: Замондошлар, ўз ҳаётингизга ўзингиз зомин бўлманг! Бу хасталикнинг домига тушиб қолишдан ўзингизни, яқинларингизни асраш ўз қўлингизда эканлигини унутманг! Уйда қолинг, офат чангалидан узоқ бўлинг!

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг