Apple Ўзбекистонга 59,2 минг AҚШ доллари миқдорида солиқ тўлади

1

Apple Distribution International Limited Ўзбекистонда ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди ва I чоракдаги фаолияти натижаларига кўра, давлат бюджетига 59,2 минг AҚШ доллари миқдорида солиқ тўлади.

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хориж компаниялари учун қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлаш тартиби жорий этилган эди.

ДСҚ Матбуот хизматининг маълумотига кўра, бугунги кунга қадар Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатаётган 10 та чет эл компанияси “Интернет-компанияларнинг ҚҚС офиси” (http://tax.uz) орқали қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтди.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳудудида электрон хизмат кўрсатувчи хориж компанияси – “Google Commerce Limited” ҳам ҚҚС тўловини амалга оширган эди. Мазкур компания жорий йилнинг I чораги якунларига кўра, давлат бюджетига 85 минг евро тўлади.

Хабарда айтилишича, юқоридаги икки йирик компаниядан ташқари фильмлар ва сериаллар етказиб берувчи – Netflix International B.V. компанияси ҳам Ўзбекистон бюджетига 4,3 минг евро миқдорида ҚҚС тўлаган.

ДСҚ Матбуот хизматининг айтишича, чет эл компанияларининг ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтиши ва солиқларни тўлаши ҳудудида пуллик хизмат кўрсатаётган мамлакат қонунларини ҳурмат қилишларини англатади.

Аввалги мақолаПластик карта йўқолганда нима қилиш керак?
Кейинги мақолаЯна 23 кишида коронавирус аниқланди