Асака туманида фуқароларни сарсон қилган МФЙ раислари ишдан бўшатилди

84

Асака туман адлия бўлими томонидан “Файз” ва “Бирдамлик” МФЙларда яшовчи фуқаролар томонидан болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги аризалари МФЙ раислари томонидан кўрмай келинаётганлигидан норозилиги билдирилган мурожаатлари ўрганилди.

Мазкур мурожаатлар юзасидан тумандаги “Файз” ва “Бирдамлик” МФЙларда ўрганиш ўтказилганида, фуқаролар томонидан болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш юзасидан 2019 йилнинг декабрь ойида мурожаат қилган бўлса-да, ушбу МФЙ раислари томонидан ушбу фуқароларни мурожаатлари жорий йилнинг май ойига қадар кўриб чиқилмаганлиги аниқланган.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда “ариза берилган ойнинг охирги кунидан кечикмай, махсус комиссиянинг хулосаси инобатга олинган ҳолда, ариза тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш ёки тайинлашни рад этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш учун фуқаролар йиғини ёки Комиссия томонидан кўриб чиқилади” деб кўрсатилган.

Ўзингиз ўйланг-а, айнан шу каби ҳолатлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини сўндирмаяптими? Одамларда нега эътироз пайдо бўлаяпти? Мана шундай масъулиятсиз инсонлар касрига эмасми?

Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан Асака туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига тақдимнома киритилиб, натижада ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларнинг аризалари белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун махсус комиссияга киритилиши таъминланди ҳамда ўз вазифаларига маъсулиятсизлик билан қараб, фуқароларнинг мурожаатларини кўрмасдан уларни сарсон бўлишига сабабчи бўлган “Файз” ва “Бирдамлик” МФЙ раислари ишдан бўшатилди.

Асака туман адлия бўлими

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг