Асоссиз иш бўшатилган ходим ишга тикланди

0

Туман адлия бўлимига фуқаро Д.Элов мурожаат қилиб, Тошкент шаҳар Перинатал марказидан ноқонуний ишдан бўшатилганлиги сабабли, уни ишга қайта тиклашда амалий ёрдам беришни сўраган.

Аниқланишича, фуқаро Д.Элов Тошкент Перинатал марказига жорий йилнинг 24 март куни икки ойлик сунов муддати билан бош хисобчи лавозимига ишга қабул қилинган.

Марказ томонидан бош хисобчи Д.Эловга синов натижаси қониқарсиз бўлганлиги сабабли, меҳнат шартномаси бекор қилиш тўғрисида огохлантириш хати берилиб, жорий йил 25 май куни 90-сонли буйруқ билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Бироқ, марказ томонидан Д.Эловга берилган огохлантириш хатида у нима сабабдан синов муддатидан ўта олмаганлиги, ўзига юклатилган қай бир вазифани уддалай олмаганлиги асослантирилмаган.

Ваҳоланки, Д.Элов 17 йилдан ортиқ вақт давомида бухгалтерия йўналишида меҳнат фаолиятини олиб борган бўлиб, унинг меҳнат фаолиятига эътибор бериладиган бўлса, Тошкент Перинатал маркази бош ҳисобчи мансаб йўриқномасида кўрсатилагн вазифаларни бажара олиш учун етарли эди.

Шу сабабдан, Шайҳонтохур туман адлия бўлими томонидан фуқаро Д.Эловнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уни мазкур ишга тиклаш ва меҳнат шартномаси ноқонуний бекор қилинганлиги туфайли бўш юрган кунлари учун компенсация пулларини ундириб бериш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Шайҳонтохур туманлараро судига даъво аризаси киритилди.

Киритилган даъво аризаси суд томонидан мазмунан кўриб чиқилиб, Тошкент Перинатал марказининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 90-сонли буйруғини бекор қилиш ва Д.Эловга бўш юрган кунлари учун компенсация пули (8 175 000 сўм) ундириб берилиши тўғрисида юзасидан қарор қабул қилинди.

Актам НОРМУРОДОВ,
Шайхонтоҳур туман адлия бўлими катта  маслаҳатчиси