Аёллар ҳуқуқлари ва имтиёзлари нималардан иборат?

0

Баҳор янгиланиш фасли кириб келди. Айнан хотин-қизлар байрами, Наврўз миллий ва азалий байрамларга бой  ойда амалга оширилаётган ислоҳотлари билан бирга аёлларнинг давлат ва жамият ҳаётига интеграциялашуви сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғи деб эътироф этсак, муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, бошқарув ва ишлаб чиқариш жабҳаларида банд хотин-қизлар улуши сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бундан кўринадики, аёлларимиз нафақат ижтимоий соҳаларда, балки саноат ва қишлоқ хўжалигини, хизмат кўрсатишни ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлида ҳам салмоқли ҳисса қўшишмоқда.

Дарҳақиқат, юртимизнинг замонавий аёли, бу — таълим олиб, касб эгаллаётган, хизмат даражаси пиллапояларидан кўтарилиб, мамлакат ва жамият ҳаётида қатнашаётган ижтимоий фаол шахсдир. Буни Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар янги Ўзбекистонни яратишга қаратилган бўлиб, бу соҳадаги мамлакатимиз фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида: инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш; гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан ошириш; алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш;  ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш; мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш; “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” декларациясининг 10 йиллигига бағишлаб глобал форум ўтказиш; фуқаролиги бўлмаган шахслар сонини камайтириш ҳақида илгари сурилган ташаббусларида  ҳам тасдиғини топган.

Бинобарин, доимий иш жойи ва муқим даромад манбаига эга бўлиш ҳар бир аёлга ижтимоий фаоллигини, ҳаётий позициясини намоён этишида ҳал қилувчи омил саналади. Шу маънода, аёлларимизнинг қизиқишлари, таклифлари ҳамда уларни ўйлантираётган масалалар билан танишиш мақсадида ҳудудларда бўлиб, оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини яқиндан ўрганаётган маҳаллама-маҳалла юриб, “темир дафтар”, “ аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ўргаганилиб, опа-сингилларимизни, ёшларни, эҳтиёжманд оилаларнинг қизларини  қўллаб-қувватлашга урғу берилаётгани бежиз эмас. Қолаверса, сўнгги пайтларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишбилармонлик муҳити янада яхшиланиб,  тадбиркорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилаётгани бу соҳада хотин-қизлар улуши ортишига туртки бериши, шубҳасиз. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборат.  Ана шу тамоийлга таянган ҳолда таъкидлаб ўтиш жоизки, мамлакатимиздаги ҳар бир ишлаб чиқилаётган миллий қонунчилигимиз инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштирилиб борилмоқда.

Аёлларнинг ҳуқуқлари инсон ҳуқуқларининг таркибий ва ажралмас қисмидир. Шу боис ҳам, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 103-сонли Конвенциясида, аёл атамаси ёши, миллати, ирқи ёки эътиқоди, никоҳда бўлиш ёки бўлмаслигидан қатъи назар, аёл жинсига мансуб ҳар қандай шахсни англатади деб белгиланган. Мустақиллигимизнинг буюк қадамларидан бири ҳам  аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги реал ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилиш ишига содиқлигини намоён этиб, 1979 йил 18 декабрда қабул қилинган “Аёлларни камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида”ги Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 майдаги қарорига асосан қўшилганлиги таҳсинга сазоврдир. Ўзбек аёлининг давлат томонидан ҳам маънан, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилган ҳуқуқий ҳужжат давлат ўз ҳудудида аёлларнинг реал, ҳақиқий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида аёлларни камситишнинг ҳар қандай шаклларини йўқотиш мажбуриятини таъминлаши билан диққатга сазовордир. Унинг мантиқий давоми эса,  бугунги ислоҳотларда ҳам давом этмоқда. Ҳатто пандемия шароитида ҳам бирор бир оила, бирор бир инсон эътибордан четда қолмагани сўзимиз исботи. Мазкур конвенция ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда баён этилган аёлларнинг ҳуқуқларига оид қоидалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ўзининг тўлиқ аксини топган. Бозор муносабатлари тобора чуқурлашиб бораётган бугунги глобаллашув шароитида аёлларнинг ва оиланинг ҳаётимизда тутган ўрни ва роли янада ошмоқда ва бу соҳада олиб бориладиган ишлар янаям долзарб аҳамият касб этмоқда. 2018 йил 27 июндаги ПҚ–3808-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги” қарори, 2018 йил 2 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ 5325 –сонли “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмунидан келиб чиқиб, бу масаланинг давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини кўриш мумкин. Бу эса бежиз эмас. Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, ҳаётимизнинг энг муҳим соҳалари фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъатда машғул бўлган ходим ва мутахассисларнинг 72 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу кўрсаткичнинг ўзи айнан, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишларини янада ривожлантиришни талаб этади. Ҳолбуки, бу соҳада муайян ишлар амалга оширилаётганлигига қарамасдан, хотин-қизлар билан мақсадли ишларни ташкил этиш,  оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида, бу камчилик ва муаммолар қаторида, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимининг мавжуд эмаслиги, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар билан якка тартибда иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилмаганлиги, хотин-қизлар ўртасида бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича фаолиятнинг самарасиз ташкил этилганлигига алоҳида урғу берилган. 2019 йил 7 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмларини яратишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд эканлиги, жумладан, узоқ муддат бола парваришлаш билан банд бўлган аёлларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича қайта тайёрлаш борасидаги ишлар етарлича ташкил этилмаганлиги қаттиқ танқид остига олинган ва бу муаммо ва камчиликларнинг ечими белгилаб берилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, амалдаги меҳнат қонунчилигимизда белгиланган аёлларнинг меҳнати билан боғлиқ нормаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг XIV бобининг 1-параграфи “Аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар”га бағишланган. Шу билан бирга, меҳнат ҳуқуқининг асосий принциплари меҳнатга оид бўлган муносабатларда мажбурий меҳнатнинг ва камситишларни тақиқланиши Меҳнат кодексининг 6-7, моддаларида ўз ифодасини топган бўлиб, ушбу моддаларда камситиш ва мажбурий меҳнат тушунчалари халқаро стандартларга амал қилган ҳолда белгиланган. Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмаслиги қайд этилган.

Хусусан, 2019 йил 1 майдан қонунчилигимизда аёлларнинг организмини алоҳида муҳофазасини таъминлаш мақсадида тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланиши, аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилиниши назарда тутилди. Меҳнат қонунчилигида аёлларни ишга қабул қилиш умумий асосларда, яъни меҳнат шартномаси тузиш орқали амалга оширилади. Аммо уларнинг айрим тоифаларига қўшимча кафолатлар белгиланган бўлишига қарамасдан амалиётда хомиладор, уч ёшгача фарзандлари бўлган аёлларни ишга қабул қилишда, айрим мансабдор шахслар томонидан турли важларни келтириб уларни ишга қабул қилишдан бош тортиш ҳоллари ҳам учраб туради. Ваҳоланки, Меҳнат кодексининг 224-моддаси нормаларига асосан ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади. Ҳомиладор аёлни ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлни ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда иш берувчи рад этишнинг сабабларини уларга ёзма равишда маълум қилиши шарт. Мазкур шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.  Таъкидлаш жоизки, иш берувчининг аёлнинг ҳомиладорлиги ёки ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиши ёки ишдан бўшатиши Жиноят кодексининг 148-моддасига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган. Аёлларнинг меҳнатини таъминлашда аёллар организмининг физиологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ҳамда оналикни муҳофаза қилиш, келажак авлоднинг саломатлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам меҳнат қонунчилигида аёллар учун комплекс кафолатлар белгиланган. Улар қуйидагилар: а) тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш нормалари, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилади ёки улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилади. Ҳомиладор аёлга енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсиридан ҳоли бўлган иш бериш масаласи ҳал этилгунга қадар, у ана шу сабабдан ишга чиқмаган барча иш кунлари учун ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилиши лозим; б) аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади; в) ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра, унга боласи икки ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, бу даврда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нафақа тўланади г) Аёлга унинг хоҳишига кўра боласи уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилади. Аёл болани парваришлаш таътили даврида тўлиқ бўлмаган иш вақти режимида ёки иш берувчи билан келишиб, уйда ишлашлари мумкин. Бунда уларнинг нафақа олиш ҳуқуқлари сақланиб қолади. Болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Бу таътиллар меҳнат стажига лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан уч йил, шу жумладан мутахассислиги бўйича иш стажига ҳам қўшилади. д) Икки ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади. Бу танаффуслар камида ҳар уч соатда бир марта ҳар бири ўттиз минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. Икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда танаффуснинг муддати камида бир соат қилиб белгиланади. Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар иш вақтига киритилади ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланади. Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин. Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи ва касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, меҳнат қонунчилигимизда янги туғилган болаларни бевосита туғуруқхонадан фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бола фарзандликка олинган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун (икки ёки ундан ортиқ бола асраб олинган (васийлик белгиланган) тақдирда эса етмиш календарь кун) ўтгунга қадар бўлган даврда давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўлаган ҳолда таътил берилади ва уларнинг хоҳишига кўра бола уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун қўшимча таътиллар берилади Болани парваришлаш учун бериладиган таътиллардан боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари ҳам тўлиқ ёки уни қисмларга бўлиб фойдаланишлари мумкин. Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2019 йил 1 майдан бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 234-моддаси тартибида қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилиши назарда тутилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ 4086-сон Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида ” ги қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб 14 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга нафақалар, бола икки ёшга тўлгунига қадар унинг парвариши бўйича нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам беришнинг миқдорлари белгилаб қўйилганлиги ҳам бугунги кунда фарзандли оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг бир кафолати сифатида қаралиши мумкин. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги аёллар меҳнатини таъминлаш масаласи халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ равишда белгиланган. Қонунчиликда белгиланган юқорида белгиланган нормалар амалда тўлиқ ишлаб, аёлларнинг меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг реал воситасига айланиши керак.

 

Хуршида Бурханходжаева,

Тошкент давлат юридик университети

 доценти, юридик фанлар номзоди

 

Аввалги мақолаАдлия аралашуви билан 145 нафар тарбиячига устама ҳақ тўланди  
Кейинги мақолаЁшлик шижоат фасли