Айрим пул бирликларининг келиб чиқиши ҳақида (+фото)

0

Дирҳам ёки дирам. VII асрдан ХIV асргача Осиё мусулмон давлатларида муомалада юрган танга. Шунингдек, Бухоро хонлиги, Эрон, Ироқ, Афғонистон ва Туркия пули бўлиб, баъзиларида 3,2 граммлик кумуш тангага чоғиштирилган. Эндиликда БАР ва Марокаш пули, Миср ва Суданда нодир металларнинг 3,12 граммга тенг ўлчов бирлиги.

Дирҳам

Динор. Лотинчада – ўндан иборат, арабчада – тилла ёки ундан ясалган пул. Қадимий мусулмон ўлкаларининг қимматбаҳо тангаси. Шарқда дебочасига VII асрда 2,4 грамм вазнда зарб қилинган. Ҳозир Баҳрайн, Қувайт, Ироқ, Ливия, Югославия, Босния ва Гертсеговина, Жазоир, Иордания, Тунис ва Судан пул бирлиги.

Динор

Пул. Марказий Осиё хонликлари ва Яқин Шарқдаги айрим давлатларда мис чақа вазифасини бажарган. Икки-уч асрча бурун Қўқон хонлигида “танга”нинг 45-60 дан, “тилла”нинг 40 дан, 1932 йилгача Эронда қироннинг 40 дан бир қисмига тўғри келган. Бугунги кунда Афғонистон миллий валютаси афғонийнинг юздан бир улушига тенг танга.

Фунт стерлинг. Инглизча сўз. ХI асрдан эътиборан кумуш, ХIV аср ўрталаридан олтин танга шаклида тайёрлаган. Банкнотларини 1694 йилдан Англия банки чиқара бошлаган. Ҳозир Буюк Британиянинг асосий пули. Жаҳонаро энг барқарор валюталардан.

Фунт стерлинг

Доллар. Инглизча доллар, немисча талер – олтин ва кумуш танга. 1786 йилдан АҚШнинг асосий пули. Дастлаб кумуш тангалиси, сўнгра қоғозлиси муомалага киритилган. Халқаро миқёсда кенг тарқалган. Канада, Австралия, Барбадос, Канада, Малайзия, Цингапур, Фижи, Ямайка сингари ўттизга яқин катта-кичик давлатлар пуллари ҳам доллар деб аталади. Лекин уларнинг бошқа валюталарга нисбатан қиймати бир хил эмас.

Доллар

Евро. Европа иқтисодий ва пул ҳамжамиятига аъзо Австрия, Бельгия, Германия, Греция, Ирландия, Испания, Италия, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Финляндия, Франциянинг шу қитъа номидан олинган ва 1999 йил 1 январдан муомалага чиқарилган пул бирлиги. Аввалбошда нақд пулсиз тўловларда ишлатилди. У билан бирга, мазкур мамлакатлар валюталари ҳам амалда бўлди. Улар 2002 йил 1 январда ўз ўрнини 5,10, 20, 50, 100, 200, 500 евро қоғоз банкнотлари, 1,2 евро ва 1, 2, 5, 10, 20, 50 тсентли тангаларга бўшатиб берди.

Евро

Рубль. Асл маъноси – ғўла, кунда, тиқин. Бу атама ХIII асрда Новгородда гривна – узунлиги 20 сантиметр, оғирлиги 200 граммга яқин кумуш қуймасининг кесилган (русча “рубленный”) ярим бўлаги номидан олинган. 1704 йилдан бошлаб изчил равишда 28 граммлик вазнда зарб қилинган. Шунингдек, мис ва олтиндан ясалганларини чиқариш давом эттирилган. 1843 йили давлат хазинасининг қоғоз билетлари кўринишида тайёрлана бошланган. 1917 йилгача чор Россиясининг, 1919-91 йилларда шўро пули бўлди. Ўша кезлар Ўзбекистонда ҳам расмий пул бирлиги ҳисобланди ва “сўм” деб номланди. Мустабид тузум таназзулга учрагач, Россия ва Беларус Республикасининг миллий валютаси сифатида сақланиб қолди.

Рубль

Вона. КХДР ва Корея Республикаси валюталари. 1947 йили Корея банкининг амалдаги иенаси ўрнига чиқарилган.

Вона

Иена. Аллазамонлар Япониянинг вазни 1,5 грамм соф олтинга ёки 2,3 грамм кумушга тенг бўлган тангаси. Ҳозир ушбу мамлакат пул бирлиги.

Иена

Крона. Немисча кроне, славянча корона (тож). ХIV-ХVII асрларда Франция, ХVI-ХVII асрларда Англия ва бошқа мамлакатларнинг олтин тангаси ҳисобланган. 1924 йилгача Австрия ва Венгриянинг, бугунги кунда Чехия, Словакия, Скандивания, Дания, Исландия, Швеция, Норвегия (крона, кроне), Эстония (кроон), Словакия ва Чехия (коруна)нинг асосий пули.

Крона

Сўнги сўз ўрнида эслатиш жоизки, динорнинг мингдан бир улуши Баҳрайн, Қувайт, Ироқда – филс, Ливияда – дирҳам, юздан бири Югославия, Босния ва Гертсеговинада – пар, Жазоирда – центим, Иорданияда – пиастр, Тунисда – франк, ўндан бири Суданда – фунт, лиранинг юздан бири Италияда – чентизимо, Туркияда – куруш, фунтники МАП, Кипр, Ливан, Сурия ва Суданда – пиастр, Гибралтар ва Ирландияда – пенс, кронаники Эстонияда – тсент, Скандивания, Дания, Исландия, Швеция, Норвегияда – эйре, Словакия ва Чехияда – геллер деб юритилади. Фунт стерлингнинг юздан бири пенс, драҳманики лета, вонаники чон, иенаники сен номини олган. Евро ва шиллингнинг, АҚШ, Канада, Нидерландия ва бошқа айрим давлатлар долларларининг юздан бир улуши эса цент дейилади.

Аввалги мақолаХорватияда 5,5 балли зилзила қайд этилди (+фото)
Кейинги мақолаБу вакцина кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган эди…