Азиза Шоназарова: хорижлик талабаларнинг ўзбекистонлик тенгдошларидан асосий фарқи – улар кўп илмий китоб ўқишади

0

Бугун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Колумбия университетининг умрбод профессорлик лавозимига қабул қилинган илк ўзбек аёли Азиза Шоназарова билан вазирлик раҳбарияти, олий таълим муассасалари ректор ва проректорлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда А.Шоназарова илмий фаолияти, мазкур натижага эришиш йўлида тўплаган тажрибалари, ўзи таълим олган Тошкент давлат шарқшунослик институтида олган билимлари, айниқса, араб ва форс тиллари бўйича билим ва кўникмалари бугунги кунда олиб бораётган тадқиқотларига муҳим пойдевор бўлганлиги ҳақида гапириб берди.

– АҚШ ва Ўзбекистондаги олий таълим тизимидаги ўқув жараёнининг асосий фарқи талабаларнинг дарсга ёндашувида кўринади, – деди А.Шоназарова. – Америкалик талабалар жуда кўп китоб ўқишади ва асосий вақтларини илмий адабиётларни ўрганишга сарфлашади. Ўзимизда эса, афсуски, талабаларнинг аксарияти китоб ўқимайди, ўз устида ишламайди. Талаба ўз устида қанчалик кўп ишласа, унинг илмий салоҳияти шунчалик баланд бўлади.

Профессор-ўқитувчиларга бўлган муносабатга тўхталадиган бўлсам, АҚШда бу борада эркинлик максимал даражада таъминланган. У ерда ҳеч ким ўқитувчига дарсларни қайси метод асосида олиб бориш, маъруза ва семинар машғулотлари тақсимоти ёки қайси адабиётлардан фойдаланиш бўйича кўрсатма бермайди. Буларнинг барчаси ўқитувчининг ўзига боғлиқ, – деди А.Шоназарова.

Тадбир якунида йиғилганлар профессорнинг илмий-педагогик фаолиятига доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ректорлар Азиза Шоназаровани ўзлари раҳбарлик қилаётган ОТМга ишга таклиф қилишди.

Аввалги мақолаОилавий меҳмон уйларига қандай талаблар қўйилади?
Кейинги мақола“Ҳамдўстлик – 2020” ўқув йиғини ўтказилади (+видео)