Бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган фуқаронинг аёли нафақа тўланмаганидан норози бўлди

0

Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан Косонсой тумани, Баҳористон МФЙда яшовчи фуқаро М.Самиеванинг турмуш ўртоғининг вафот этганлиги сабабли тўланиши лозим бўлган бир марталик товон пули тўлаб берилмаганлигидан норозилиги тўғрисидаги мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, фуқаро М.Абдуллаев Подшоота-Чодак ИТБ Косонсой туман бўлимида К-701 трактор ҳайдовчиси вазифасида ишлаб, 2017 йил 19 июль куни Косонсой туман ҳудудидаги Ертикон сув омборини навбатдаги босқич тоғон кўтармаси ишларини бажариш учун экскаваторни юклаб олиб келиш ишларини бажараётган вақтда унинг бошқарувида бўлган трактор сув омбори ҳудудидаги жарликка қулаб тушиб кетиши натижасида бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этган.

Ўрганиш жараёнида фуқаро М.Абдуллаевнинг турмуш ўртоғи М.Самиевага боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан тўланадиган бир йўла бериладиган нафақа пули тўлаб берилмаганлиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сон қарори билан тасдиқланган “Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари” 29-бандига асосан, боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга иш берувчи вафот этганнинг камида олтита ўртача йиллик иш ҳақининг ушбу шахслар сонига бўлинган суммасида бир йўла бериладиган нафақа тўлайди.

Ўграниш якунига кўра, бошқарма томонидан жорий йилнинг 17 февраль куни Подшоота-Чодак ирригация тизими бошқармасига тақдимнома киритилиб, фуқарога 58 591 710 (эллик саккиз миллион беш юз тўқсон бир минг етти юз ўн) сўм пул маблағи ундириб берилди.

 

Азизбек Ёдгаров,

Наманган вилоят бошқармаси бош маслаҳатчиси