Банк ходими терговда айбланди, аммо суд томонидан оқланди

0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида “Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлати ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз” дея алоҳида таъкидлади.

Шу маънода айтганда, муқаддам – 2017 йил ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрига қадар акциядорлик тижорат “Асака” банкнинг Бухоро шаҳар филиали бош ҳисобчиси вазифасида ишлаган, айни пайтда ташқи иқтисодий фаолият “Миллийбанк”нинг Ромитан туман филиали бош ҳисобчиси ўринбосари лавозимида меҳнат қилаётган Ғанишер Жалилов ҳам суд ҳимояси орқали ўзига эълон қилинган ноҳақ айбловдан халос бўлди. Энди ҳақли савол туғилади: хўш, Ғ.Жалилов қайси ҳатти-ҳаракати учун айбланганди?

Гап шундаки, 2019 йилнинг 14 июнь куни АТ “Асака” банкнинг шаҳар филиали мижози саналган, Бухоро шаҳрида жойлашган “Boreks Avto Servis” масъулияти чекланган жамияти билан Англия давлатининг “QINGDAO HAPPY RUNNER TYRE CO LTD” корхонаси ўртасида автошиналар сотиб олиш юзасидан шартнома имзоланади. Шунга биноан, жамият раҳбари Баҳриддин Ҳотамов банк филиалининг халқаро пул ўтказмалари бўйича мутахассиси Назира Зайниевага шартномани тақдим қилиб, ўзининг ҳисоб рақамидан хорижлик ҳамкори ҳисоб рақамига 37.200 АҚШ доллари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 14.06.2019 йил 14 июндаги маьлумотномасига кўра, 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 8535 сўм 74 тийин бўлиб, 37200 АҚШ доллари 317.529.528 сўмни ташкил қилган) миқдорида пул ўтказишни сўрайди. Аммо тўлов топшириқномасини кейинроқ келтириб беришини айтади. Назира Зайниева эса Б.Ҳотамовни 2010 йилдан буён танигани ҳамда унга ишонгани боис пулни шартномада қайд этилган GB83TSBS77191300005427 ҳисоб рақамига ўтказиш юзасидан дастурга хорижий корхона номи ва ҳисоб рақамини киритиб, тасдиқлаш учун бош ҳисобчи Ғанишер Жалиловга беради. Бироқ пул кўчирилгандан кейин кўп ўтмай, Баҳриддин “Мен ҳозирча товар сотиб олмоқчи эмасман, пулларимни қайтаринглар” дея талаб қилади. Шу боис мижоз пуллар мижознинг ҳисоб рақамига қайтиб тушади. Лекин тадбиркор 2019 йил 14 июнь куни банкка қўшимча келишув тақдим этар экан, Англия корхонаси ҳисоб рақами SE8130000000006808179359 сифатида ўзгарганлиги айтиб, пулни ана шу ҳисоб рақамга ўтказишни талаб қилади. Аммо иккинчи сафар ҳам тўлов топшириқномасини келтириб бермайди. Натижада Н.Зайниева пул кўчириш мобайнида корхона номини шартномада кўрсатилганидек, “QINGDAO HAPPY RUNNER TYRE CO LTD” тарзида эмас, балки “QINGDAO HAPPY RUNNER TYРE CO LTD” дея ёзиб, дастурга нотўғри киритади. Оқибатда пул маблағлари Швеция фуқароси OKAFOR JOHN PAUL UGOCHUKWUнинг ҳисоб рақамига тушади. Бинобарин, тергов органи томонидан бош ҳисобчи Ғанишер Жалиловга дастурга киритилган ёзувларни текширмаган ҳолда тасдиқлаб, АТ “Асака” банкнинг бош офисига юборганлик, шу орқали банк манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказганлик айби қўйилиб, Жиноят кодекси 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.

Шундан сўнг мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд мажлисида эса жиноят ишини тергов қилишда Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Олий суд пленумининг тегишли қарори талабларига риоя қилинмагани аён бўлди.

Қонун талабига кўра, шахсни эҳтиётизликда айблаш учун унинг ҳараакатлари ёки ҳаракатсизлиги билан жиноий оқибат ўртасида сабабий боғланиш бўлиши зарур. Жиноятнинг объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланган сабабий боғланиш бўлмаган тақдирда, шахснинг қилмишида охир-оқибат жиноят таркиби мавжуд бўлмайди. Шунга асосан айтганда, Ғ.Жалилов 37200 АҚШ долларини тўлов топшириқномаси орқали ўтказган тақдирда ҳам пул маблағи мижоз тақдим қилган SE8130000000006808179359 банк ҳисоб рақамига тушар эди. Бу билан бош ҳисобчи ўз вазифаларини лозим даражада бажарган ёки бажармаган бир вазиятда ҳам унга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра оқибат келиб чиқар эди. Кўриниб турибдики, юқоридаги вазиятда судланувчининг ҳаракатлари билан келиб чиққан оқибат ўртасида сабабий боғланиш мавжуд эмаслиги туфайли айни ҳолатда жиноят таркиби мавжуд эмас.

Жиноят-процессуал кодексининг 23-моддасида айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, судланувчининг фойдасига, қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши белгиланган. Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди ўзининг 2020 йил 17 июлдаги ҳукми билан Ғанишер Жалиловни айбсиз деб топиб, оқлади. Шунинг учун Бухоро шаҳар прокурори томонидан келтирилган Ғ.Жалиловдан “Асака” банк Бухоро вилоят филиалига 37.200 АҚШ доллари миқдоридаги зарар, 5.589.715 сўм давлат божи ҳамда почта харажатларини ундириш ҳақидаги даъво аризаси оқибатсиз қолдирилди. Қолаверса, суд ҳукмида оқланиши муносабати билан ўзига етказилган моддий ва маънавий зарар оқибатларини қоплаш бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида даъво ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи қаҳрамонимизга тушунтирилди. Бироқ…

Бироқ Бухоро шаҳар прокурори томонидан суд ҳукмига нисбатан апелляция шикояти берилади. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанцияси мажлисида биринчи инстанция суди томонидан оқлов ҳукми чиқаришда амалдаги қонун талаблари ва Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя қилинган деб топилди.

Бундан ташқари, Ғанишер Жалиловнинг судда келтирган важлари жиноят ишидаги ҳужжатлар билан рад қилинмаган. Унинг зиммасига қўйилган айбловлар дастлабки тергов органининг тахминларига асосланган. Ваҳоланки, қонунчилигимизга биноан, шахсни жиноят содир этганликда айблаш учун унинг ўз ҳаракатларини англаган бўлиши талаб қилинади. Шахс томонидан келиб чиқиши англанмаган ижтимоий хавфли оқибатлар учун уни жавобгарликка тортиш (яъни объектив айблов) қонунга хилофдир. Тилга олинган вазиятда эса Н.Зайниева ва Ғ.Жалиловнинг ҳаракатлари банк тизимида ўрнатилган ички тартиб қоидалар асосида интизомий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин холос. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан, суд ҳукмини эса ўзгаришсиз қолдирди.

Хулоса ўрнида…

Сўнгги 4 йилда муқаддам судланган ҳамда терговда ноҳақ айбланган шахсларнинг оқланиши Юртбошимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг тўлақонли ва энг ёрқин ифодасидир. Бу эса ҳамюртларимизнинг Конституция ва қонунларга бўлган ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлайди.

                                                                 Абдуманнон ШАЙДОЕВ,
                                         жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят
судининг раиси вазифасини бажарувчи

                                                                 Акбаржон ЖАББОРОВ,
                                       жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг судьяси