“Банклар тадбиркорни ток ургандек кутиб олади”

0

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Навоий вилоят ҳудудий бошқармасида ўтказилган семинарда Навоий вилоят иқтисодий суди  ҳамда Кармана туманлараро иқтисодий суди, фуқаролик ишлари бўйича  Навоий вилоят ва  Кармана туманлараро  судлари судьялари,  вилоятдаги тижорат банклари  ҳуқуқшунослари, тажрибали ва ёш тадбиркорлар, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаролар  иштирок  этди.

Тадбирда асосий гап вилоят ҳудудидаги тижорат банклари томонидан фуқаролик ишлари ва иқтисодий судларга киритилган  даъво аризалари ҳақида бўлиб, биргина Кармана туманлараро судининг ўзига ўтган 2019 йилда жами 1206  та даъво аризалар киритилган бўлиб, шундан 362 та даъво аризалар бошқа судга юборилганлиги, 803 та иш кўриб тамомланганлиги баён қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур суд томонидан банклар фойдасига 16 миллиард 362 миллион 892 минг 714 сўм кредит қарздорлиги ундирилган. Шунга асосан жавобгарлардан 654 миллион 515 минг 708 сўм давлат божи ундирилганлиги ҳам қайд этилди.

  Шунингдек,  вилоят иқтисодий судлари томонидан 2019 йилда 5 642 та иш кўриб чиқилиб, даъвогар, шу жумладан, хусусий тадбиркорлик субъектлари фойдасига 323 миллиард 445 миллион сўм зарарлар ундирилган. Даъво аризаларини тақдим этишда республика бюджетига ихтиёрий тўланган давлат божи  886 миллион сўмни, суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 8 миллиард 444 миллион сўмни ташкил этган. Гарчи бу салмоқли  рақамларда банклар ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатлар рисоладагидек кўринган бўлса-да, аммо тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида талай муаммолар борлиги аниқ.

Буни тадбирда Тадбиркор ва ишбилармон аёллар уюшмаси Навоий вилояти бўлими бошлиғи Гулчеҳра Бердиеванинг очиқчасига айтган  қуйидаги  фикрлари  исботлаб турибди:

“Яқинда вилоятимиз марказидаги “Ҳамкорбанк”ка борсам, тадбиркорларнинг дардини эшитиб, уларнинг банк тизимидан норозилигидан хафа бўлиб кетдим. Банклар тадбиркорларни худди ток ургандек кутиб олади. Худдики кредитни чўнтагидан бераётгандек муомала қилишади. Банклар ким учун ишлаётганини унутганга ўхшайди чоғи. Бундай бюрократияга  қачон чек қўйилади? Мана шулар ҳақида ҳам банклардан  сўраш керак менимча. Тадбиркорни  шунақа қилиб  “қўллаб-қувватлаш” инсофданми?”.

Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг