Беларусь хоккей бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилди

0

Беларусь ўз майдонида хоккей бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда ошкор этилмаган манбага таянган ҳолда ТАСС хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бу қарор Халқаро хоккей федерацияси (IIHF) кенгаши томонидан қабул қилинган. Жаҳон чемпионати энди қаерда ўтказилиши ҳали эълон қилинмаган.
16 январь куни IIHF президенти Рене Фазель ташкилотга сиёсий босим ўтказилаётгани ҳақида хабар берган эди. Унинг айтишича, биринчи навбатда Швеция, Финляндия, Норвегия, Дания, Германия сингари давлатлар Жаҳон чемпионатини бойкот қилишга чақирган. Шунингдек, қатор йирик компаниялар ҳам турнирга ҳомийлик қилишдан бош тортишган.
Даставвал, турнир 2021 йилнинг 21 май-6 июнь кунлари Беларусь ва Латвияда ўтказилиши айтилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойида Беларусда ўтказилган президент сайловида Александр Лукашенконинг 80 фоиздан кўпроқ овоз билан ғалаба қозониши мамлакатда йирик норозилик тўлқинини келтириб чиқарган, қатор Европа мамлакатларида бу сайлов натижаларини тан олмасликларини маълум қилишган.