Берлинда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ чеклов чораларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда

0

Берлинда COVID-19 пандемияси билан боғлиқ чеклов чораларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар парламент биносига киритишларини талаб қилмоқда, деб хабар бермоқда РИA Новости.

Аммо оломон ҳозирда Германия Бундестаги ҳудудидаги полиция тўсиқларига учраган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Бранденбург дарвозасидан Германия Бундестаги биносига олиб борувчи кўчани тўсиб қўйишган.

Таъкидланишича, баъзибир агентликлар мухбирларига мамлакат полицияси томонидан намойишчилар орасига киришга рухсат берилмаган.

Чоршанба куни Германияда аҳолини юқумли касалликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниши режалаштирилган эди. Янги қонун пандемия ҳолатида юзага келиши мумкин бўлган чеклов чоралари нуқтаи назаридан Германия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ваколатларини кенгайтиради.

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Берлиндаги мазкур норозиликларга сабаб бўлган COVID-19 чекловлари тўғрисидаги қонунга танқидий муносабат билдирган.

“Биз ижтимоий ҳаётнинг ҳар қандай чеклови аниқ асосланиши керак, деб ҳисоблаймиз. Ҳақли равишда Бундестагда очиқ ва танқидий баҳслар бўлиб ўтмоқда”, деб ёзган Маас ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 29 август куни Берлиндадаги COVID-19 чекловлар фонида ўтказилган акцияларда 38 мингга яқин одам қатнашган. Aкциялар пайтида ўнг қанот рейхбургчилар ҳаракати фаоллари Россия элчихонаси ёнида полиция билан тўқнашади, натижада 200 киши ҳибсга олинган ва бир гуруҳ фаоллар томонидан император байроқлари билан Рейхстаг биносига “босқин” уюштиришга уриниш ҳолатлари содир бўлган. Aкциялар давомида жами 300 дан ортиқ фуқаро ҳибсга олинган, 33 полиция ходими жароҳат олган.

Етакчи сиёсатчилар Бундестагга “ҳужум” қилмоқчи бўлган фаолларнинг ҳаракатларини қораламоқдалар.

Айни пайтда Германияда коронавирус инфекциясининг тарқалиши янада авж олган. Кунига 22 мингдан ортиқ инфекция юқтирганлик ҳолати қайд этилмоқда.