ЯнгиликларМаҳаллийХизмат сафари харажатларини тўламаган раҳбар жаримага тортилди

Хизмат сафари харажатларини тўламаган раҳбар жаримага тортилди

Беруний тумани адлия бўлимига М.М. мурожаат қилиб, унга Беруний тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан хизмат сафари учун тўланиши керак бўлган тўлов кам ҳисобланганидан норозилигини билдирган.

Аниқланишича, ходим М.М. тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг тегишли буйруғига асосан 25 кун муддатга хизмат сафарига юборилган. Ходим томонидан бирлашмага унинг 25 кун давомида хизмат сафарида бўлганлигини ва йўл кира миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинган. Унга асосан бирлашма ходимга хизмат сафарига бориш ва келиш учун сарфланган йўл кираси учун 30 000 сўм, кунлик харажатлари учун 557 500 сўм, жами 587 500 сўм нотўғри ҳисобланиб, у ҳам икки ойга кечиктирилиб тўлаб берилган.

Бунда, бирлашма томонидан Президентимизнинг 2020 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2021 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида базавий ҳисоблаш миқдори 245 000 сўм этиб белгиланганлиги эътиборга олинмасдан, олдинги базавий ҳисоблаш миқдори, яъни 223 000 сўмдан ҳисобланганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 171-моддасида хизмат сафарида ва кўчиб юриш билан боғлиқ ишларда йўл кира харажатлари, доимий турар жойидан бошқа жойда яшаш, шу жумладан, уй-жой ижараси билан боғлиқ харажатлар, ходим томонидан иш берувчининг рухсати ёки розилиги билан қилинган бошқа харажатлар тўланиши лозимлиги белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги Йўриқноманинг 9-бандига асосан хизмат сафарига юборилган ходимга турар жой ижараси, хизмат сафари жойига бориш ва иш жойига қайтиш харажатлари қопланади, шунингдек, кундалик харажатлар тўланади.

Лекин хизмат сафарига юборилган ходим М.М.га бирлашма томонидан турар жой ижараси харажатлари ҳисобланмасдан, фақат хизмат сафари жойига бориш ва иш жойига қайтиш харажатлари ҳамда кундалик харажатлари ҳисобланиб тўлаб берилган.

Йўриқноманинг 11-бандида хизмат сафарида ва йўлда бўлган вақт учун кундалик харажатлар хизмат сафарига юборилган ишларга жамоа шартномалари, жамоа келишувлари ва меҳнат шартномаларида кўзда тутилган миқдорларда, лекин қуйидаги миқдорлардан кам бўлмаган ҳолда белгиланади:

Тошкент шаҳрида, шаҳарлар — вилоятлар марказларида — 0,1;

бошқа шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган пунктларда — 0,08.

Ушбу кўрсатилган харажатларни қоплаш ҳақиқатда қилинган харажатларни ҳужжатлар билан тасдиқлашсиз амалга оширилади.

12-бандида эса турар жойни ижарага олганлик бўйича харажатларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳар бир сутка учун белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида қопланади, деб белгиланган.

Йўриқноманинг 15-бандида хизмат сафарига юбориладиган ходимга хизмат сафарига кетишдан олдин мазкур Йўриқноманинг 10-12-бандларида кўзда тутилган миқдорларда кундалик, йўл харажатлари, турар жойни ижарага олиш харажатлари чегарасида пул кўринишидаги аванс (бўнак) тўланади, деб белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, туман адлия бўлими томонидан Беруний туман тиббиёт бирлашмасига қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан тақдимнома киритилиши натижасида фуқаро М.М.га 1 280 000 сўм миқдорда хизмат сафари харажати пули тўланиши таъминланди ва хато-камчиликка йўл қўйган масъул ходимга нисбатан “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди. Шу билан бирга адлия бўлимининг туман Aҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига берган маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифига кўра, бирлашма бошлиғи  Маъмурий жавобгарлик кодексининг 49-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жаримага тортилди.

Салтанат Раимбекова,
Беруний тумани адлия бўлими бошлиғи

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img