Суд очеркиБеш марта судланганидан хулоса чиқармаган йигит олтинчи жиноятга қўл урди

Беш марта судланганидан хулоса чиқармаган йигит олтинчи жиноятга қўл урди

Асли андижонлик бўлган Дилбар Яминова (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2020 йил сентябрь ойида Фарғона шаҳрининг Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олади. Қарасаки, уй бироз таъмирталаб. Шу боис бегонадан кўра, андижонлик – Марҳамат туманида туғилган, аммо ўша А.Қодирий кўчасидаги қўшни уйда яшовчи Мамасиддиқ Оқилбоевни уста сифатида уйига олиб келади.

Шундан сўнг Мамасиддиқ хонадон соҳибасининг талаби бўйича таъмирлаш ишларини бошлайди. Ана шундай кунларнинг бирида – 2020 йил октябрь ойининг ўрталарида Дилбар опага укаси Фурқат Қулматов қўнғироқ қилиб, ўғли Қосим Имомиддиновни Фарғона шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бош­қармасига олиб кетишганини, қамаб қўйишганини айтади.

Ўша пайтда уста уларнинг суҳбатини эшитиб турганди. Шу боис у Қосимжоннинг оғир жиноят содир этганидан хабар топади. Уддабуронликни қарангки, М.Оқилбоев айни вазиятдан фойдаланиб қолишга киришади.

– Сизлар андижонликсизлар. Бу ерда кўпчиликни танимайсизлар. Менинг эса горотделда танишларим бор. Ўзим сизларга ёрдам бераман, – дея ўзини ҳожатбарор қилиб кўрсатади Мамасиддиқ.

– Жуда яхши бўларди, – деб илтижоли боқади Дилбар опа.

Ана шу суҳбатдан кейин М.Оқилбоев Д.Яминовани Фарғона шаҳар ИИО ФМБ биносига олиб боради. Қ.Имомиддиновнинг қилмишидан оз-моз хабар топгач, у ҳимоя­­чи Р.Абдуллажоновни опа-укага таништиради. Сўнгра кечки пайт уйга қайт­ганларида Дилбар опани аврай бош­лайди.

– Бу ишни судга чиқмасидан ёпди-ёпди қилиш керак. Харажатини берсанглар, мен терговчи билан гап­лашиб чиқаман. У турманинг ўзиданоқ чиқариб беради жиянингизни. Бир ярим минг берилса, масала аниқ ҳал бўлади, – дейди Мамасиддиқ дангалига.

Д.Яминова устанинг гапларини укаси Фурқат Қулматовга етказади. Бироқ Фурқат пора беришга рози бўлмайди.

– Укангиз калта ўйлаяпти. Эртага кеч бўлади, – дея яна ваҳима қилади М.Оқилбоев Ф.Қулматовнинг кўнмаганини эшитгач.

– Фурқатжонни қўяверинг, ўша пулни ўзим бераман.

Шундан кейин Дилбар Яминова ўзи жамғариб юрган пулларидан 1500 АҚШ долларини Мамасиддиққа беради.

– Ҳозироқ бориб, ишни ҳал қиламан. Худо хоҳласа, Қосимжонни эртагаёқ чиқартириб юборамиз, – дей­ди М.Оқилбоев пулни олиб чиқиб кетаркан.

Лекин эртаси тугул, орадан бир неча кун ўтса-да, Қ.Имомиддинов озодликка чиқмайди. Аксинча, иш судга ошиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Д.Яминова шундагина алданганини англаб етади. Аммо бу пайт­­да кеч бўлганди. Негаки, ҳар қанча қўнғироқ қилмасин, М.Оқилбоев гўшакни кўтармайди. Кўп ўтмай, телефонини бутунлай ўчиради. Натижада фирибгарни излашга тушади Дилбар опа. Охир-оқибат уни топади ҳам. Бироқ “ҳожатбарор” пул олганлиги тўғрисида тилхат ёзиб бериш билан чекланади холос – пулни қайтариб бермайди. Бинобарин, Д.Яминова бу хусусда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилади. Натижада Мамасиддиқ Оқилбоевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми, 28,211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шунингдек, суд ҳукмида айбдордан пора предмети сифатида олинган 1500 АҚШ доллари давлат фойдасига ундирилиши ҳам белгиланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан амалга оширилган таҳлиллар сўнгги пайтларда содир этилаётган жиноятларнинг аксарият қисми муқаддам судланган шахслар ҳиссасига тўғри келаётганини кўрсатмоқда. “Қаҳрамон”имиз М.Оқилбоев ҳам муқаддам талончилик, босқинчилик, безорилик ва бошқа жиноятларни содир этгани учун “кўп эмас”, беш маротаба судланган. Лекин шунда ҳам ўзига тегишли хулоса чиқариб олмаган. Юқоридаги фирибгарликка қўл урганда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2020 йил 26 сентябрь кунги ҳукмига биноан тайинланган озодликни чеклаш жазосини ўтаётганди. Бинобарин, суд жазо тайинлашда унинг ўталмаган 3 йил 2 ой 4 кунлик озодликни чеклаш жазосини ҳам инобатга олди. Ажабмас, бу гал фирибгар устанинг кўзи очилса.

Жамшид ХЎЖАМБЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img