Суд очеркиБешинчи марта суднинг қора курсисига ўтирди

Бешинчи марта суднинг қора курсисига ўтирди

Учкўприк туманининг Чўлпон қишлоғида яшовчи, тумандаги “Muvozanat Plus” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мансур Очилов (исм-шарифлари ўзгартирилган) фирибгарлик ва ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларини 2 маротабадан содир этган. Яъни 2010-2016 йиллар мобайнида 4 маротаба судланган. Бундан ташқари, ана шу судланишларида Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми “а” банди, 184-моддаси 3-қисми, 25,211-моддаси 2-қисми “б” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” бандига биноан ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас ёки кўзнинг очлигини тупроқ тўлдиради, деганларидек, у бешинчи маротаба яна жиноятга —  фирибгарликка қўл урди.

Гап шундаки, Мансур фуқаро Гулмира Ҳасановадан турли вақтларда 37.000 АҚШ доллари миқдорида қарз олади. Бироқ вақтида бермайди. Шу боис Гулмира опа 2017 йил охирларига келиб, ундан пулларини қайтаришни талаб қилади.

— Хабарингиз бор, Қўқонбойда янги савдо мажмуаси қуриляпти. Менга берган пулларингиз ҳисобидан ўша ердан 4 та савдо дўкони олиб бераман, — дейди оғиз кўпиртириб.

Шундан кейин у ваъдасини қисман бажаради ҳам. Яъни 4 та савдо дўкони учун 18.500 АҚШ доллари ҳисобидан 160.000.000 сўм миқдоридаги пулни дастлабки тўлов сифатида амалга оширганлигини тасдиқловчи тўлов қоғозларини Г.Ҳасановага тақдим қилади. Лекин қолган 18.500 АҚШ доллари маблағни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Бундан ташқари, М.Очилов фуқаро Зафар Аброровни Гулмира Ҳасановадан тўрт баравар кўпроққа чув туширади. Қандай қилиб дейсизми?

2018 йил январь-февраль ойларида З.Аброровни алдаб, авраб, ишончига кириб, пластик картасидаги пулларини нақдлаштириб беришини айтади. Шу мақсадда ҳисоб рақамида 615.000.000 сўм пул мавжуд бўлган пластик картасини олиб кетади. Сурбетликни қарангки, Мансур Зафаржонга бор-йўғи 5.000.000 сўм пул беради холос. Қолган 610.000.000 сўмни қайнонасининг ҳисоб рақамига ҳамда ўзига тегишли бўлган бошқа ҳисоб-рақамларга ўтказиб нақдлаштиради-да, тап тортмай ҳазм қилиб юборади.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Орадан бир ой вақт ўтса ҳамки нақд пулдан дарак бўлмагач, Зафаржон Аброров Мансур Очиловдан пулларини сўрай бошлайди. Шунда Мансур яна З.Аброровни лақиллатади.

— Ака, ҳозир катта иш бошлаб қўйганман. Бироз шошмай турсангиз, пулингизни, албатта, қайтараман.

У шундай деб Зафаржонни чунонам аврайдики, оқибатда, шундоғам пулини ололмай юрган жабрланувчи яна 14.000 АҚШ долларини фирибгарнинг қўлига тутқазиб қўйганини билмай қолади. Бироқ М.Очилов бу қарзини ҳам қайтаргиси келмайди. Шу мақсадда турли важ-карсонлар билан ҳақдорни алдаб юраверади.

— Пулларимни берсангиз беринг. Аксинча, мендан ўпкаламанг, — дейди охири тоқати-тоқ бўлган З.Аброров.

Лекин “кўпни кўрган” “қаҳрамон”имизга бу гаплар кор қилмайди. Фақатгина жабрланувчини тинчлантириш ва вақтни чўзиш учун унга битта “Jentra” русумли автомашинани бериб кетади. Орадан 3 ой ўтгандан кейин эса автомашинани қайтариб олади. Зафаржоннинг ишончини суиистеъмол қилиб, қўлга киритган 14.000 АҚШ долларини бўлса ҳар доимгидек жиғилдонига уради.

Шундан сўнг орадан икки йилга яқин вақт ўтади. Ана шу “танаффус”дан кейин Мансур Очилов яна “эски ҳунари”ни давом эттиради. Аниқроғи, 2020 йил январь ойида фуқаро Юнусжон Қўлдошевнинг “Neksiya” русумли автомашинасини 9.300 АҚШ долларига сотиб олишга келишиб олиб кетади. Қолаверса, Юнусжондан  “Neksiya”ни ўзининг номига расмийлаштириш учун яна 700 АҚШ доллари олади. Аммо Ю.Қўлдошев пулларига ҳам, машинасига ҳам куйиб қолаверади.

Кейинги галда – 2020 йил март ойида М.Очилов фуқаро Низомжон Йўлчиевни ҳам 5.000.000 сўмга чув туширади. Бироқ бунгача олдинги жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилгани боис унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Буни қарангки, тергов-суриштирув жараёнида Мансур Очиловнинг яна бир жинояти фош бўлади. Яъни у тумандаги “Muvozanat Plyus” МЧЖ раҳбари сифатида давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган тўловларни тўламаслик мақсадида, жамиятнинг 2017-2018 йиллардаги фаолияти юзасидан ДСИга топширган ҳисоботларида солиқ солинадиган базани 5 миллиард 279 миллион 740 минг сўмга камайтириб кўрсатган экан. Пировардида жами 324.928.600 сўм миқдоридаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Бинобарин, мазкур ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатилади. Айни ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди эса айбдорни қонуний жазога маҳкум этди. Унга жазо тайинлашда жабрланувчиларга етказилган зарарлар қопланганлиги инобатга олинди.

Нодиржон МИРЗАЖОНОВ,
жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судининг раиси

Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img