Бир қатор давлатлар билан авиақатновларга қўйилган чеклов 1 февралгача узайтирилди

0

Охирги ойларда айрим хорижий мамлакатларда, хусусан, Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикасида янги коронавирус инфекцияси аниқланиш ҳолатлари сони тубдан ошиб кетганлиги муносабати билан, ушбу мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аксарият Европа ва бошқа давлатлар томонидан эпидемиологик вазиятни мураккаблаштирмаслик мақсадида юқоридаги давлатлар билан халқаро авиаташувларни чеклаш бўйича қарорлар қабул қилинган эди.

Шу жумладан, мамлакатимиздаги эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан
2020 йил 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилган эди.

Бугунги кунга қадар юқорида қайд этилган мамлакатларда эпидемиологик вазият мураккаблиги сақланиб колганлиги сабали 2021 йил 10 январига қадар киритилган чеклов муддати Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 1 февралига қадар узайтирилди.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида сўнгги 14 кун давомида бўлган шахслар юқоридаги чеклов амал қилган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши тартиби давом этирилади.

Мазкур жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади.