“Бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлайди

0
Law and Justice concept. Mallet of the judge, books, scales of justice. Gray stone background, reflections on the floor, place for typography. Courtroom theme.

Республикамизда суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процессида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилик тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш, одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини ошириш, жиноят ишларини кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, бир-бирини такрорлайдиган ваколат ва инстанцияларни қисқартириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни самарали таъминлаш, судлар мустақиллигини амалда таъминлаш бўйича бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди, бундан ташқари суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш, 2017-2021 йилларда мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам белгилаб қўйилди.

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, соҳада юз берган ўзгаришлар чуқур таҳлил қилингани жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш давлатчилигимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланаётганини кенг намоён этди.

Мурожаатномада қайд этилганидек, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.

Ҳозирги кунгача вилоят судлари чиқарган қарори устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Биргина 2019 йилда вилоят судлари қабул қилган 13 мингта шундай қарор Олий суд томонидан ўзгартирилган ва бекор қилинган.

Эндиликда, “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини эса Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.

Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти эса тугатилмоқда. Бундай тартибнинг ўрнатилиши натижасида судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш орқали суд қарорларининг барқарорлиги таъминланади ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлишининг олди олинади.

Суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш жиноят суд иш юритувининг муҳим аҳамиятга эга институти бўлиб, уни амалга ошириш орқали қонунийликнинг бузилиши, асоссиз ва адолатсиз ҳукм, ажрим ва қарорларнинг чиқарилиши билан боғлиқ суд хатолари бартараф этилади.

Юқори турувчи суд инстанцияларида ишларни кўриш суд хатоларини бартараф этиш мақсадида суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг муҳим шаклидир.

Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.

Президентимизнинг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони айнан мана шундай муаммоларнинг ечимини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Бугунги кунда апелляция ва кассация инстанцияси судлари бир хил вазифани бажариб, биринчи инстанция судларининг қарорларини қайта кўриб чиқади. Улар бири қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни, иккинчиси эса қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиши билан фарқланади.

Эндиликда, суд қарорларини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш асосида қуйидаги тартиб белгиланмоқда. Хусусан, Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан
20 кунга, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан 1 ойга қадар узайтирилмоқда.

Бундан ташқари, апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилмоқда. Худди шунингдек, кассация тартибида шикоят бериш муддатлари амалдаги
6 ойдан фарқли равишда 1 йил этиб белгиланмоқда.

Хўш, “бир суд-бир инстанция” тамойилининг жорий қилиниши қандай афзалликларга эга?

биринчидан, ушбу тамойил бўйича биринчи инстанция суди қарори устидан апелляция шикояти бериш, апелляция инстанцияси қарори устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди кассация инстанциясига мурожаат килиш тартибининг жорий этилиши инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.

иккинчидан, вилоят суди томонидан биринчи инстанцияда кўрилган суд ишлари юзасидан берилган шикоятларни шу суднинг ўзи томонидан юқори инстанция суди сифатида кўрилиши амалиётига барҳам берилади. Натижада, ушбу жараёндаги коррупциявий омиллар бартараф этилиб, шикоят қилиш институтининг самарадорлиги ошади.

учинчидан, ўрта бўғиндаги судлар асосан апелляция инстанцияси суди сифатида ихтисослашгач, уларнинг масъулияти кучайтирилиб, барча эътибор суд қарорларининг сифатига қаратилади ҳамда биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар ўз вақтида бартараф қилинади. Бунда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш ва одил судловни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш имконияти яратилади.

тўртинчидан, биринчи инстанция судида кўрилган ишни бир-икки ой ичида апелляция тартибида, уч-тўрт ой ичида иш Олий судда кўрилишига эришиш имконини беради. Бу ўз навбатида, судма-суд сарсон бўлишнинг олдини олади. Қисқа муддатларда жабрланувчи, даъвогар ва ишдаги бошқа тарафларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини беради.

Шуни таъкидлаш керакки, халқаро экспертлар ҳам ушбу “бир суд – бир инстанция” тамойилнинг юртимизда жорий этилиши фақат ижобий ҳолат экани, бунинг натижасида судлар мустақиллиги янада мустаҳкамланиши, бир судда фақат бир босқичнинг бўлиши ишларни холис кўриб чиқишга замин яратиши, суд қарорларини кейинги босқичларда сифатли ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш, йўл қўйилган хатоларни тез фурсатда бартараф этиш имкониятлари вужудга келишини таъкидлашмоқда.

“Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида суд қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича илғор давлатлар тажрибаси ўрганилганда қўйидагилар аниқланди.

Хорижий мамлакатлар жиноят-процессуал қонунчилигида суд қарорларини қайта кўриб чиқиш тизими таҳлил қилинганда, жумладан инглиз суд ишини юритиш тизимида жиноят ишлари бўйича турли инстанция судларининг қарорлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриб чиқишнинг барча усулларини апелляция деб аташ қабул қилинган.

Англия давлатида суд ишларини юритиш тизимининг ажралиб турадиган ўзига хос хусусиятлари шундаки, суд қарорларининг устидан шикоят қилиш ҳуқуқи чекланган.

Апелляция ҳукмнинг қонунийлиги ва асослилиги текширилишини талаб этадиган тарафларнинг тегишли имтиёз деб ҳисобланадиган қатор МДҲ мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия каби мамлакатларнинг апелляция соҳасида жиноят судлов ишини юритишдан фарқли равишда инглиз апелляцияси – бу апелляция бериш имконияти бўлиб, у апелляция билан мурожаат қилинганлиги фактини асосли деб топишга қаратилган суд қарорига боғлиқдир. Суд бу илтимосни қаноатлантириши ёки рад этиши мумкин.

Англияда шикоят қилиш ва суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг барча усулларини апелляция остида бирлаштириш апелляциянинг аниқ турларини таснифлашни тақозо этади. Бу ўз навбатида, шикоят бериш ҳуқуқини амалга оширишни қийинлаштиради. Бунинг сабаби шундаки, апелляция турларига боғлиқ ҳолда у ёки бу апелляция шикояти бериш усулининг процессуал режими ҳам фарқланади.

Ўз навбатида, Америка Қўшма Штатларида ҳукмларни апелляция тартибида текшириш энг мураккаб ва тартибга солинмаган процессуал институтлардан биридир.

Ишни шикоятлар юзасидан қайта кўриб чиқиш аралаш хусусиятга эга. Суд амалиёти вердиктнинг иш бўйича ҳақиқатда тўпланган далилларга зид эканлигини ҳуқуқ бузилишига тенглаштиради. Апелляция суди ҳукмни тасдиқлаши, ўзгартириши ёки бекор қилиши мумкин бўлган, лекин бир қатор штатларда биринчи инстанция томонидан белгиланган жазони енгиллаштиришга йўл қўйилмаган.

АҚШ жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари апелляция шикояти бериш ҳуқуқига бир қатор чекловлар белгилайди. Масалан, апелляция шикояти бериш учун, умумий қоидага кўра, фақат ҳуқуқ масаласи асос бўлиши мумкин. Биринчи инстанция судида ўз айбини тан олмаган маҳкум ҳукм устидан шикоят қилиши мумкин. Шу билан бир вақтда, бу сингари чекловлар, процесс иштирокчиларининг зиммасига кейинчалик бундай имконият бўлмай қолишини англаган ҳолда, ҳар бир тартиб-таомилдан самарали фойдаланиш масъулиятини юклайди.

Франция давлатида жиноят процессида суд қарорлари устидан шикоят беришнинг икки тури: одатий ва фавқулодда турлари мавжудлигидан далолат беради. Франция жиноят процессида апелляциянинг мақсади биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган қарорни апелляция суди томонидан ўзгартиришдан ёки бекор қилишдан иборат.

Апелляция шикояти бериш апелляция инстанцияси судида янги суд муҳокамасига сабаб бўлади. Лекин ҳукм унинг фақат шикоят қилинган қисмида ва шикоятда кўрсатилган ҳолатлар қисмидагина қайтадан кўриб чиқилади. Апелляция шикояти ҳам ҳуқуқий, ҳам фактик асослар бўйича билдирилиши мумкин.

Франция жиноят процессида апелляция тартибида иш юритишнинг ўзига хос хусусияти шундаки, апелляция суди биринчи инстанция судида бўлган суд муҳокамаси доирасидан четга чиқишга ҳақли эмас. Бунда апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятида баён қилинган талаблар билан боғланган.

Юқоридагиларга кўра, “бир суд-бир инстанция” тамойили бўйича суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш юзасидан қўйидаги таклифлар баён қилинади.

биринчидан, апелляция ва кассация инстанциялари судларида қайта кўриб чиқиш предметини дифференциация қилиш зарур.

Ривожланган мамлакатлар (Германия, Франция ва бошқалар) тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг қуйидаги тартибини белгилаш лозим:

– апелляция тартибида иш юритишда – биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган қарорлари бўйича берилган шикоятлар ва протестларга нисбатан, унда шикоят қилиш предмети ҳам ҳуқуқ, ҳам фактлар масалаларидан иборат бўлади;

– кассация тартибида иш юритиш – апелляция тартибида кўриб чиқилган, қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан берилган шикоятлар ва протестларга нисбатан, бунда фақат моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш масалаларигина кўриб чиқиш предмети бўлади.

Кассация тартибида иш юритишнинг мақсади қуйи турувчи судлар фаолиятининг қонунийлигини ушбу қонунийлик шартига жавоб бермайдиган қарорларни бартараф этиш йўли билан таъминлашдан иборат бўлади. Суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг кассацион тури минтақавий турга мансуб процессуал тизимларга эга бўлган Австрия, Испания, Италия, Россия, Германия, Франция ва бошқа мамлакатлар учун хосдир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, мазкур таклифлар суд қарорларини қайта кўриш инстутитини, суд хатоларини бартараф этиш механизмини такомиллаштиришга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашдаги ролини оширишга, шунингдек, суд қарорлари ҳуқуқий барқарорлигини таъминлаш бўйича суд хатоларини бартараф этишга хизмат қилади.

 

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи