Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни эслаб

0

«Қорақалпоғистонга эътибори ўзгача эди…»

Ислом Абдуғаниевич Каримов 1989 йилнинг 23 июнида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган куннинг эртасига Вазирлар Кенгашининг мажлисида “Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган эди. Бугун фараз қилайлик: биринчи раҳбар бўлиб сайланган куннинг эртасига “ерни деҳқонлар ихтиёрига берадиган тадбирлар жорий этиш…”, “пахта яккаҳокимлиги”, “қишлоқдан келганларни шаҳарга ишга олишмайди, лекин республика таш­қарисидан келганларни эса ишга олишади” каби сўзларни ким дадил айта оларди? Бундай гапларни қўрқмас, ботир, иродаси метин, ўзига ишонган одамгина айта оларди. Бу сўзлар Ислом Каримовнинг юрагида қайнаб-пишиб тўпланган эди, демак бу инсон Ўзбекистондек катта давлатга раҳбар бўлишга тайёр эди.

Шу ўринда Ислом Абдуғаниевичнинг Қорақалпоғистонга қилган ташрифи беихтиёр эсимга тушади.

…Ўшанда қорақалпоғистонликлар биринчи бор Ўзбекистонимизнинг янги раҳбарини кўришди, унинг сўзларини тинглашди. Тўлиб-тошиб турган ғайратини, бир сўзли, қатъиятли инсон эканини ҳис қилдилар. Унга ишонишди. Чўккалаб қолган халқ яна оёққа қалқди. Яратган Эгам ҳақиқий раҳбар юборганига шукрона қилиб, изидан эргашдилар.

Кейинги келганларида Ўзбекистон давлати мустақилликка тайёргарлик кўраётган, Президентимиз раҳбарлигида янги Конституция устида ишланаётган давр эди. Айрим одамлар “Янги Конституцияда бизнинг ўрнимиз қаерда бўлади? Биз ким бўламиз?” деган саволлар билан юрган эди. Ислом Каримов Нукусда тўпланган халқ олдига чиқиб “Мустақиллик учиб юрган қушга ҳам керак, Қорақалпоғистон Ўзбекистон таркибидаги суверен республика бўлади, унинг суверенитетини Ўзбекистон Республикаси ҳимоя қилади”, деди. Бу сўзлар шу куннинг ўзидаёқ олис овулларгача етиб борди.

Ундан кейинги келганида Нукус шаҳрининг пойтахт бўлганига 60 йил тўлаётган палла эди. Ўшанда Муҳтарам Президентимиз “Нукус нафақат Қорақалпоғистоннинг пойтахти, бутун Ўзбекистондаги иккинчи пойтахт ҳисобланади, юбилейни ўтказамиз, ўзим ёрдам бераман”, деб халқимизни руҳлантириб юборди.

Бугун Қорақалпоғистон катта саноат маркази ва қурилиш майдонига айланди. Фақат кейинги беш йилда ҳудудга 10 триллион сўмлик инвестиция киритилди. Мустақилликкача қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куйган Устюрт чўлида ўтган йили иккинчи навбати ишга туширилган, энди дунё бозорига икки баравар, яъни йилига 200 минг тонна кальцийланган сода етказиб бераётган Қўнғирот сода заводини бунёд этиш ҳам Президент Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси ва қатъиятлилиги билан боғлиқ.

Муддатидан олдин, 2014 йил охирида дастлабки маҳсулотини чиқара бошлаган, собиқ Иттифоқ ҳудудида тенги йўқ Устюрт газ-кимё комплекси тўлиқ ишга тушгач, йилига 500 минг тонна полиэтилен ва полипропилен етказиб бериш имкониятига эга бўлади. Энди бир кўз олдимизга келтириб кўрайлик. Ҳар бир вагонга 60 тонна юк ортиладиган бўлса, демак 500 минг тонна 8333 та вагонга сиғади. Бу дегани… ҳазилакам гапмас…

Бундан 13 йил муқаддам Нукус шаҳрининг 70 йиллигига ташриф буюрганида Ислом оға 1984 йили Ўзбекистон Молия вазири лавозимида ишлаётганида Мўйноқ шаҳрига борганини айтиб берган эди. Ўшанда маҳаллий аҳоли билан учрашганида мўйноқликлар: “Ҳойнаҳой, бу инсоннинг қорақалпоқларга яқинлиги бўлса керак, бизларга жуда ўхшар экан”, дейишган. Бу сўзларни академик Собир Камолов Ислом Каримовга айтганда, Президентимиз “Агар қорақалпоқлар мени қорақалпоғим, деса, ўзимни бахтли инсон деб биламан”, деган эди. Халқимиз буни ҳеч эсдан чиқармайди.

Чиндан ҳам, Ислом аканинг қорақалпоқ халқига ҳурмати ўзгача эди. Халқимиз ҳам у Инсонни ўзига қандайдир яқин сезарди.

Халқда “Донишманд кетса, олам ҳувиллаб қолади”, деган гап бор. Яратганга минг шукр, бу донишманд ўзига шогирд, хал­қига муносиб етакчи тарбиялаб кетган экан. У киши билан 27 йил бирга, айниқса, ке­йинги 13 йилда елкама-елка, қўлни-қўлга бериб ишлаган сафдоши Шавкат Миромонович Мирзиёев улуғ Инсон хизматларини янги чўққиларга бошламоқда.

Шароф УСНАТДИНОВ,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби,

қорақалпоқ адиби