ЯнгиликларМаҳаллий"Биз 200 йилда қилган ишларимизни Ўзбекистон нотариал палатаси бир ярим йилда амалга...

«Биз 200 йилда қилган ишларимизни Ўзбекистон нотариал палатаси бир ярим йилда амалга оширди. Бу кетишда дунё нотариал соҳада Ўзбекистон тажрибасини ўрганиши аниқ»

Бу йил январь ойида Ўзбекистон Нотариал палатаси ташкил топганига 2 йил тўлди. Икки йил тарих учун қисқа вақт. Аммо Нотариал палата бу тарихий қисқа вақт ичида соҳани ривожлантириш, унинг обрўсини нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда юксалтиришга, авваллари фуқаролар доимо норизо бўлган идорани халққа яқин ва беминнат хизмат қиладиган идорага айлантиришга эришди. Франция делегацияси эътирофи билан айтганда, «Францияда нотариат соҳасининг хусусийлаштирилиши амалиёти бундан 200 йил аввал йўлга қўйилган эди. Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан бугунги қисқа даврдаги ислоҳотларни биз бугунги кунга келиб амалга оширяпмиз. Бу кетишда нотариал соҳадаги ислоҳотларни ўрганиш бўйича дунё Ўзбекистон тажрибасини қўллаши мумкин».

Бугун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Нотариал палата томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида журналист ва блогерларга маълумот берилди.

— Нотариал соҳадаги енгилликларни бугун инсонлар ўз ҳаётларида сезиб, ҳис қилиб турибди, — деди Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров. Нотариал идорага борсангиз навбат йўқ, ортиқча тўлов ундиришга шароит йўқ — тўлов ҳақидаги маълумотлар смс тарзда фуқаронинг қўлига келиб тушяпти, онлайн навбатга ёзилиш имконияти бор. Кадрлар танлашда шаффофлик йўлга қўйилган, нотариусликка даъвогарлардан олинадиган имтиҳон жараёнлари онлайн ёритилмоқда. Нотариуслар сони 10 фоизга, нотариус ёрдамчилари сони эса 50 фоизга ортган (2020 йил 807 нафар бўлган бўлса, 2021 йилга келиб 892 нафарни ташкил этди. Нотариус ёрдамчилари 582 нафардан 1123 нафарга ошган). Фуқаролар учун яратилган яна бир қулайлик бу онлайн тарзда нотариал хизматдан фойдаланиш бўлди. Энди фуқаролар айрим нотариал ҳаракатларни уйидан ёки иш кабинетидан чиқмаган ҳолда расмийлаштириши мумкин. Яна бир масала, яширмаймиз, битта Москвичнинг нархи 500 минг сўму расмийлаштириш 1 миллион сўмга тушади, қабилидаги норозиликлар ҳам йўқ эмасди. Яқинда Ички ишлар вазирлиги органларида давлат рўйхатидан ўтказилаётганда, қайта рўйхатдан ўтказилаётганда автомобиль ҳолатидан, нархидан келиб чиқиб ундириладиган уч фоизлик йиғимларнинг бекор бўлганлиги ҳам фуқароларга ката енгиллик бўлди. Шу кунларда давлат божларини такомиллаштириш, соддалаштириш устида иш олиб борилмоқда. Яъни давлат божига оид қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда. Автомобиль сотиб олиш жараёнида тўланадиган давлат божини камайтириш бўйича ҳам таклифлар билдирилган. Фуқароларга нотариуслар томонидан  Палатанинг телеграм каналлари ёки фейсбукдаги саҳифалари орқали ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда».

Шунингдек, Нотариал палата раиси келгусидаги режаларга ҳам тўхталиб ўтди:

Келгусида Франция, Германия, Италия, Қирғизистон, Тожикистон Нотариал палаталари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш; Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Кадастр агентлиги билан ҳамкорликни ўлга қўйиб, мазкур идораларнинг ўзида масъуллар ёрдамида ходимларга нотариал хизматларни кўрсатишни йўлга қўйиш, шу билан бирга нотариуслар томонидан масофадан туриб нотариал ҳаракатларни амалга оширишни янада кенгайтириш (масалан, Фарғонадаги нотариус бемалол Хоразмдаги нотариус билан келишган ҳолда нотариал ҳаракатларни расмийлаштириши мумкин. Дейлик, фуқаро Фарғонада яшайди ва у автомобилини Хоразмга сотмоқчи. Бунинг учун олди-сотди ишларини амалга ошириш учун икки томон ҳам ўзлари яшайдиган нотариал идорага мурожаат қилади. Ва нотариал ҳаракат имзоланади) кўзда тутилган. Шунингдек, “Олмос” оромгоҳида ОАВ, журналистлар ва блогерлар иштирокида “Медиа-тур” ташкил этилиши режалаштирилган.

 

Маълумот учун:
Ўзбекистон Нотариал палатаси билан 5 та хориж нотариат ташкилоти ҳамда 10 та маҳаллий ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.
 2021 йил давомида нотариуслар томонидан кўчмас мулк билан боғлиқ 305 933 та шартномаларни расмийлаштирилди.
Шундан квартирани, уйни ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга ўтказиш бўйича 228 062 та олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. 54369 та ҳадя шартномаси, 262 та айирбошлаш шартномаси рўйхатдан ўтказилган.
26 та корхона олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, 23077 та нотурар жой олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш бўйича шартнома, фуқаро ҳаётлиги давомида қараб туриш бўйича 142 та шартнома расмийлаштирилган.
Автомашина олди-сотди шартномаси сони жами 449762 тани ташкил қилган бўлса, 17991 та ҳадя шартномаси, 72 та айирбошлаш шартномаси расмийлаштирилган. 105365 та автомототранспортни ижарага бериш бўйича ижара шартномаси расмийлаштирилган.
Барча турдаги ишончномалар сони 961238 тани, шундан автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш бўйича яқин қариндошларга 16 376, бегона шахсларга 188 586 тани, автомототранспорт воситаларини тассаруф этиш ҳуқуқи билан яқин қариндошларга 8 623 тани, бегона шахсларга — 470 454 тани ташкил этди.
Рақамлар таҳлили бўйича ярим йил давомида бир нафар нотариус ўртача 4964 та нотариал ҳаракатларни амалга оширди.

«Нотариуслар фаолияти қандай назорат қилинмоқда?», — деган саволга: — «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимидан ҳар бир нотариуснинг ҳар бир ҳаракати кўриниб туради, ва адлия вазирлиги томонидан назорат қилинади. Бундан ташқари, юқорида таъкидланганидек, Нотариал палатанинг «Телеграм» мессенжеридаги «Нотариус маслаҳати Чат» мулоқот чати орқали фуқаролар учун 24 соат давомида нотариусларнинг ҳатти-ҳаракати бўйича мурожаатлар ва нотариал ҳаракатлар юзасидан саволлар бериш имконияти яратилган. Ҳар бир мурожаат ва саволлар жавобсиз қолдирилмайди», деди Д.Ашуров.

Матбуот анжумани якунида Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда бўлган журналист ва блогерлар тақдирланди.

Улар орасида Hudud24.uz сайти ҳам «Содиқ ҳамкоримиз» номинациясида эътироф этилди.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img