Муҳим“Биз биргамиз”: Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод — яхшидир ер юзин...

“Биз биргамиз”: Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод — яхшидир ер юзин қилгандан обод!

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “ECOBOZOR” савдо мажмуасида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг савдо ярмаркаси ўтказилди.

Адлия вазирлиги ҳамда Ногиронлар жамияти томонидан ташкил этилди ушбу ярмарка учинчи марта ўтказилмоқда.

“Биз биргамиз!” шиори остида ўтказилган ярмаркада республиканинг барча ҳудудларидан 100 га яқин ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари тайёрлаган маҳсулотлари билан иштирок этди.

Улар томонидан каштачилик, дурадгорлик, зардўзлик, тикувчилик, қандолатчилик каби халқ ҳунармандчилиги йўналишларида асосан қўл меҳнати билан тайёрланган маҳсулотлар тақдим этилди. Ярмарка давомида жами 500 миллион сўмлик маҳсулотлар харидорлар томонидан сотиб олинди.

 Болаларга ўз истеъдодларини юзага чиқаришга ёрдам беришимиз керак!

Шахноза Ярашова,
Тошкент шаҳри:

— Бугунги кўргазмада болалар қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотларимиз билан иштирок этяпмиз. Республика болалар ижтимоий мослашув марказига қатнайдиган болалар иштирокида ижодий устахона очганмиз. Бу устахонада бешта йўналишда ҳунар ўргатилади. Каштачилик, кулолчилик, бисер тўқиш, миллий ўйинчоқлар ясаш ва кигиз босиш каби меҳнат турлари ўргатилади. Устахонамизга ҳозирда 50 га яқин 5 ёшдан — 18 ёшгача бўлган болалар қамраб олинган. Болалар ясаган ёки тиккан ишларни кўриб баъзан биз устозлар хайрон қоламиз. Чунки буларни катталар ҳам маромига етказиб ясай олмайди. Уларнинг ҳар бирида истеъдод яширин. Фақат уларни чиқаришга, ўзларини намоён этишларига кўмаклашишимиз керак. Бугунги кўргазма ҳам болаларга катта рағбат бўлади. Уларга ярмарка бўлишини айтганимизда, ўзларининг энг яхши кўрган ишларини юборишга ҳаракат қилишди.

 

Меҳрли инсонлар биз билан бирга экан имкониятимиз чексизлигига ишониб яшаймиз

Хосият Аманова,
Тошкент вилояти

— Руҳшуносман. Шу сабабли инсонлар кўнгил кечинмаларини кўзидан, ўзини тутишидан сезиш менга қийин эмас. Айниқса, имконияти чекланганлигидан қимтиниб, одамлардан ўзларини олиб қочишга интилиш ҳолатларини ўзим ҳам бошимдан ўтказганимдан сўнг, буни яна-да яхшироқ ҳис қила бошладим. Аммо ҳаёт давом этаверади. Ёстиққа бошингизни бериб, ҳеч қандай иш қилмасдан ҳам кунни ўтказиш мумкин. Аксинча, имконсизликдан имкон топиб, ҳаёт учун курашиб, фойдали иш билан шуғулланиб ҳам ўтказиш мумкин. Инсон ҳамма нарсага улгуриши, ўрганиши мумкин. Фақат кўнглида шунга иштиёқ ва истак кучли бўлиши керак. Биз қўғирчоқлар тикамиз. Ҳамма жараён қўл меҳнати билан бажарилади. Бир кунда қўғирчоқларнинг катта-кичиклигига қараб 2 та-3 тагача ясаш мумкин. Онлайн тарзда буюртмалар оламиз. Қўғирчоқларимиз Россия давлатида ҳам харидоргир. Айтганча, ногиронларни касб-ҳунарга йўналтириш марказимизга 2-қаватли бино берилди. “Дамас” машинаси совға қилинди. Бу эътибор биз учун кутилмаган рағбат бўлди. Муҳими, биз кераклигимизни ҳис қилдик. Давлатимиз, меҳрли инсонлар биз билан бирга экан имкониятимиз чексизлигига ишониб яшаймиз.

Ютуқларим оила аъзоларимнинг кўмаги туфайли

Камола Асламова,
Тошкент вилояти:


— Мен учун 2021 йил жуда омадли йил бўлди. Менга имтиёзли равишда икки хонали квартира берилди. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳар доим қўллаб-қувватланиб келаман. Ютуқларим оила аъзоларимнинг кўмаги туфайли. Улар мени ҳам қўллаб, ҳам руҳлантириб туради.

Тикувчилик цехимиз бўлишини жуда истардим

Одина Тошбоева,
Фарғона вилояти

— 15 йилдан буён тикувчилик билан шуғулланаман. Асосан болаларга мўлжалланган кийимлар тикамиз. Ҳозирчалик ким нечтагача улгурса ўз уйида тикиб, кийимларни етказиб беряпти. Ўзимизнинг алоҳида биномиз бўлишини, цех очиб, чиройли кийимларни тикиб одамларни хурсанд қилишни жуда хоҳлардим.

 

Ҳавас одамларни яхшиликка ундайди

Сафарбой Абдуримов,
Хоразм вилояти

— Бугун ўзим ясаган бешик, рубоб, лавҳ ва бошқа қўлда меҳр билан яралган миллий маҳсулотлар билан ушбу ярмаркада иштирок этяпман. Битта лавҳни ясаш учун 12-18 соат вақт кетади. Бу меҳнат катта сабрни, иштиёқни талаб қилади. Мен ўз касбимни яхши кўрганимдан қийинчиликлари ҳам кўзимга кўринмайди. Чарчоқ билмайман. Баъзан шогирдларим, фарзандларим ҳам “Сиздан куч оламиз. Сиздек моҳир ҳунарманд бўлишни истаймиз”, дейишади. Инсоннинг ҳавас билан яшагани яхши. Чунки ҳавас одамларни яхши ишларга ундайди. Истардимки, биз ясаган мана шу лавҳларда фарзандларимиз китоблар мутолаа қилиб, руҳи тетик бўлиб, зиёли бўлиб, яқинлари, халқига фойдаси тегсин.

Қуроқ қураш одамнинг сабрини синовдан ўтказади

Садорат Мўминова,
Сирдарё вилояти

— Ҳар бир вилоятнинг ўзига хос қуроқ намуналари бор. Кўпчилик нега қуроқлар ҳар хил матолардан тикилади, нега шакллари ҳар хил бўлади, деган саволни беради. Қуроқ қураш одамнинг сабрини синовдан ўтказади. Кўрпа, қуроқ, ёстиқ, кўрпача қиз узатганда қўшиб берилади. Қуроқдан тикилган маҳсулотлар қизнинг борган ерида илдиз отиб, палак ёйиб, ўзидан кўпайиб, қўшгани билан қўша қарисин, қураши кетсин деган маъноларни ифодалайди. Тўйдан аввал қуроқ тикиш, қизининг сепига қўшиш – ўзбек халқининг урф-одати. Ҳув, телефон бўлмаган замонларда қизлар бир уйга тўпланиб кашта, қуроқ тикишларни ўрганишар эди. Ҳунарли бўлишарди. Ҳозир эса қизлар телефондан бошини кўтармайди, бозор тўла кўрпа-ёстиқ, замонавийларини сотиб оламиз, деб оналар ҳам қизларини бу ҳунарга йўналтирмай қўйгани бор гап. Шундай бўлса ҳам қадимги қаштачилик, қуроқ тикиш каби қадриятларимизни сақлашимиз, келажак авлодга етказишимиз шарт. Масалан, мана бу “Ойнаванд”ни қаранг (ранг-баранг матолардан тикилган бежирим тўртбурчак маҳсулот) янги келинчаклар уйини безатиш учун тикилади. Ҳар бир матони бир бирига улаб тикар экан, тикувчи ёш оилага бахт-саодат тилайди. Шу ёрқин ранглардек ҳаётлари гўзал бўлиши ният қилади. Ёки “Турна” деб номланган ҳошияа ҳам ўз сири бор. “Турна” бир бирига уланиб тикилар экан, келин ва куёв, унинг яқинлари аҳил бўлиб, қурашиб кетсин деган маъно бор.

Биз ясаган қўғирчоқлар ҳам жаҳон бозорига чиқишини истардим

Умида Махмудова,
Самарқанд вилояти

— Бундан бир неча йиллар один интернет орқали қўғирчоқ ясашни ўргатувчи видео дарсларни кўриб, ўзим ҳам шунга қизиқиб қолдим. Одамда иштиёқ бўлса энг мураккаб нарсаларни ҳам ўрганиш қийин бўлмас эканлигини шунда англадим. Ўрганганимга бир йил бўлди. Ҳозир 3 нафар шогирдим ҳам бор. Битта қўғирчоқни ясаш учун 2-3 кун вақт кетади. Ўзига яраша қийинчиликлари бор. Лекин биз ясаган қўғирчоқлар болаларга завқ бағишлаганини кўрганимда илҳомланаман. Бугунги ярмаркада мен каби қўғирчоқлар ясайдиган аёллар билан танишдим. Улар чет давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган экан. Мен уларга ҳавас қилдим. Келгусида биз ясаган қўғирчоқлар ҳам жаҳон бозорига чиқишини истардим.

Ўзимиз кабиларга ҳаётга ишончи ортишига сабабчи бўлдик

Азимжон Зойимов,
Наманган вилояти

— Эркаклар оёқ кийимларини ишлаб чиқарамиз. Корхонамизда 16 нафар одам ишлайди. Бир кунда 35-40 тагача оёқ кийим ишлаб чиқарамиз. Ишчиларимиз бажарган ишига қараб, айримлари 3-3 ярим миллионгача маош олишади. Уларнинг меҳнати олдида бу ҳақ кам. Корхонамиз ҳали ёш. Муҳими, имконияти чекланган бўлса ҳам уларнинг бировдан кам эмаслигини исботлашга, ҳаётга ва ўзига ишончни ортишига сабабчи бўлдик.

Улардан қандай муаммолари борлигини сўрадик:

— Ижарада ишлаймиз. Бирон жой ажратиб беришса яхши бўларди. Бизга шу катта ёрдам бўлар эди.

Яхши пичоқ танлаш бўйича мастер-класс

Зоҳиджон Воҳидов,
Наманган вилояти

— Яхши пичоқ танлаш сирини билмоқчи бўлсангиз, эшитинг мухбир қизим, нафақат эшитинг, балки ёзинг. Биздан мастер-класс бўлсин (кулади)! Яхши пичоқни оғирлигига, метали сифатига қараб танлаш керак. Пичоқ қанча оғир бўлса шунча сифатли бўлади. Битта пичоқни ясаш учун 3 кун вақт кетада. Пичоқ темири ўтда қиздирилгач, сув “ичирилади”. Пичоқнинг узоқ вақт хизмат қилиши мана шу сувни яхши ичиши билан баҳоланади. Битта пичоқ 20 ёки ундан ҳам кўп йиллар хизмат қилиши керак. Ўзбек хонадонларида “Бобомдан қолган, отамдан қолган пичоқни эҳтиёт қилинглар!”, деган гаплар ҳали ҳам жаранглаб туради. Мана шундай пичоқни чин дилдан ясаш керакки, улар узоқ йиллар хизмат қилсин.

Дангасаликдан ёмони йўқ

Зиёдахон Хуррамова,
Қашқадарё вилояти

— Бу йил қувончли йил бўлди. Бизга Президентимиз томонидан 2 хонали уй берилди. Бу эътибор бизни руҳлантирди. Биз каби имконияти чекланганни беътибор қолдиришмагани учун миннатдормиз. Аслида, инсоннинг қўли гул. Қўлидан ҳамма нарса келади. Дангаса бўлмаслик керак холос. Иштиёқ, ишонч бўлиши керак. Бугунги эзгу тадбир ҳам айнан кўнглимизда ишончни уйғотди. Биласизми, бисерлар, мунчоқлардан аввал шунчаки ўзим учун турли тақинчоқлар ясаб кўрдим. Бунчалик даражада ҳаммага ёқиб, оммалашиб кетиши ўшанда хаёлимга ҳам келмаган эди. Мен ясаган тақинчоқлар аёлларимиз, қизалоқларимизнинг чиройига чирой қўшишини истардим.

Кўз нурингиз, қалб қўрингизни бермасангиз жозибали иш чиқмайди

Барно Нарзуллаева,
Жиззах вилояти:

— Мен болалигимдан рассомчиликка қизиққанман. Шу иштиёқ мени санъатнинг янги бир турига чорлади. Бу санъат тури ҳали давлатимизда бўлмаганлиги учун уни Республика миллий каталогига киритишди. Ўзимиз унга бисердан безак бериш санъати деб ном бердик.  Шу йил Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига ўқишга кирдим. Биринчи босқич бўлсам ҳам, институтда олаётган назарий билимларим ҳунармандчиликни ривожлантиришимда ёрдам беряпти. Тақдиримдан асло нолимайман. Истиқлол тенгдошиман. Интилишларимга муносиб мукофотлар олганман. “Жасорат” медалига сазовор бўлганман. “Ўзбекистон Республикаси  мустақиллигининг 30 йиллиги“ кўкрак нишонига ҳам мени муносиб кўришди.

Сомондан ҳам санъат асарларини яратса бўлади

Абдураҳмон Муфаззалов,
Бухоро вилояти: (Унинг гапларини онаси тушунтириб берди)

— Ўғлим 14 ёшда. Унинг гапиришда ва эшитишда нуқсони бор. Шу сабабли ўз фикрини имо-ишоралар орқали тушунтиради. Табиатан босиқ, атрофга қўшилгиси, тенгдошлари билан вақт ўтказгиси келмайди. Шу сабабли ўзи табиат билан ёлғиз қолиб, ички кечинмаларини қоғозларда ифодалашни яхши кўради. У рассомчиликка қизиқади. Унинг қизиқишларини ҳар доим қўллаб-қувватлаганмиз. Ўғлимнинг сомондан ясаган ишларига ҳамма қизиқади. У ушбу ҳунар билан 6 ёшдан бошлаб шуғулланиб келяпти. Мен сомонни қайнатиб, дазмоллаб бераман. Интернатдаги устози расмларини чизиб беради. Кейин ўғлим унга турли шакллар беради. Унинг интилишларини кузатиш бизга завқ бағишлайди.

Бунчалик эътибор, бу қадар марҳаматни кўрмагандик

 Хосият ҲАСАНОВА,
Навоий вилояти:

— Йигирма икки йилдан буён  ногиронлар  билан биргаман. Уларнинг дарду ташвишлари ва муаммолари билан қанча-қанча  идораларга киришга тўғри келади.   Энг қийин лаҳзаларда ҳам  бизга умид ва ишонч, яхшиларнинг муруввати ёрдам беради.   Жуда кўп хайр-саховатли инсонларнинг марҳаматидан баҳраманд бўлганмиз. Аммо Адлия вазирлиги бизга кўрсатаётган эътиборни ҳеч қачон, ҳеч қаерда кўрмаганмиз. Барчаси учун   ташаккур! Кўнгли ўксик инсонларни ҳаётни севишга ўргатишдан улуғроқ   марҳамат йўқ!

Туркия ва Россия давлатлари билан шартномалар имзолаганмиз

Махфират Раҳмонқулова,
Сурхондарё вилояти

— Мен миллий ҳунармандчилигимизни асрлар давомида яшашини истаман. Шу сабабли кашталик билан шуғулланиб келаман. Бу йил иш фаолиятимни бошлаганимга 10 йил бўлди. Қўлда тўқилган гиламлар, дўппилар, чимилдиқ ва бошқа ҳунармандчилик маҳсулотларимизга хориждан ҳам талаблар тушган. Туркия ва Россия давлатлари билан шартномалар имзолаганмиз.

 

Шундай меҳрибон қўллар, қалблар бор экан бизнинг кўнглимиз ишончга тўлиб яшайди

Олтиной Халмуратова,
Қорақалпоғистон Республикаси

Каштачиликка қизиқаман. Қорақалпоқ усулидаги каштачилик намуналарим билан кўплаб кўргазмаларда иштирок этиб келяпман. Ҳар сафар кимнингдир қўлида ўзим тиккан сумками кийимларми хурсанд бўлиб кетаман. Бугунги кўргазмада ҳам кўп ишларим одамларга манзур бўлди. Ташкилотчиларга раҳмат. Улар хатто тасаввурига ҳам сиғмаса керак бизни бу тадбир қанчалик руҳлантирганини. Устозларим Гулжаҳон Жуманиёзова ва Дилбар Амурбаеваларга раҳмат. Улар эринмай каштачилик сирларини менга ўргатиб келишяпти. Шундай меҳрибон қўллар, қалблар бор экан бизнинг кўнглимиз ишончга тўлиб яшайди.

Дилфуза Тўхтаева,
Андижон вилояти:

— 15 йилдан буён Андижон вилояти ногиронлар жамиятида ишлаб келяпман. 57744 нафар ногиронимиз бор. Уларнинг 800 нафари қўл остимда ишлайди. Биз Аллоҳ узрли қилиб яралган инсонлар билан жамиятга фойда келтиришга ҳаракат қиляпмиз. 2018 йилда Президентимиз томонидан “Жасорат”, 2019 йилда “Дўстлик” медаллари билан тақдирландим. 2018 йилда кўрик-танловда биринчи ўринни олганим учун хаж сафарига бепул жўнатишди. Бу йил учинчи марта ўтказилаётган ярмарка биз каби инсонларга катта рағбат бўлди. Хайрли ва эзгу ишнинг бошида турганлардан миннатдормиз.

***

Тадбир доирасида Адлия вазирлиги, Давлат хизматлари агентлиги, Интелектуал мулк агентлиги, ФҲДЁ органлари, нотариуслар, адвокатлар ва “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ходимлари томонидан аҳолига сайёр тарзда бепул ҳуқуқий хизматлар кўрсатилди ва маслаҳатлар берилди.

Давлат хизматлари маркази томонидан фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Жумладан, ижтимоий таъминот, субсидия ажратиш, коммунал хизматлар бўйича, ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш, онлайн хизматлардан фойдаланиш каби саволларга жавоблар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси томонидан ҳам фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шу билан бирга нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божи, электрон тарзда нотариус қабулига ёзилиш тартиби, мерос масалалари, уй-жой олди-сотдиси бўйича фуқароларнинг саволларига жавоблар берилди. Нотариал палата томонидан жалб қилинган ходимлар томонидан хайрли ишлар ҳам амалга оширилди. Тизимдаги юздан ортиқ нотариуслар имконияти чекланган шахсларнинг ўз қўллари билан ясаган тиккан маҳсулотлари хариди ҳам амалга оширилди.

Интеллектуал мулк агентлиги ходимлари томонидан ҳам ногиронлиги бўлган шахсларга шахсий брендни яратиш ва уни ҳимоя қилиш ва бошқа тадбиркорлик билан боғлиқ бўлган саволларга жавоб  берилди.

«Мадад» ННТ томонидан ҳам фуқароларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди. Шу билан бирга ҳар қандай вазиятда ушбу ташкилот билан боғланиш учун зарур контактлар ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилган тарқатма материаллар тарқатилди.

Ярмарка давомида «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан тайёрланган ҳуқуқий адабиётлар савдоси ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, уларга муносиб шарт-шароит яратишни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ногиронлар жамиятининг “Тадбиркор аёл” уюшмаси, “Ҳунармандлар” уюшмаси, “Ватанпарвар” ташкилоти, “Психологлар ассоциацияси” билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Тадбир давомида иштирокчилар, ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар Адлия вазирлиги раҳбарияти томонидан эсдалик совғалари, махсус сертификатлар билан тақдирландилар.

Ижтимоий лойиҳа хайрия-соғломлаштириш тадбирларига уланиб кетди. Ярмарка якунлангач, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган иштирокчилар Адлия вазирлиги томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган дам олиш масканига таклиф этилди.

Тоғ ёнбағрида жойлашган сўлим масканда меҳмонлар учун байрам дастурхони ташкил этилиб, кўнгилочар ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди. Улар учун бепул тиббий кўрик, психологлар томонидан эса қизиқарли тренинглар ташкиллаштирилди.

“Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасини янада оммалаштириш ва анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб бориш режалаштирилган.

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img