БМТ Бош котибининг ўринбосари Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги ташаббусларини олқишлади

0

Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев 25 сентябрь куни БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ГЖБ) ижрочи директори Гада Фатхи Валига БМТнинг Венадаги бош қароргоҳида доимий вакил сифатидаги ишонч ёрлиқларини топширди.

Бўлиб ўтган суҳбат чоғида БМТ Бош котибининг ўринбосари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тузилмалари ҳамда Ўзбекистон ўртасида жадал ривожланиб бораётган ҳамкорликни мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, у БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик ва муҳим шерик деб билиши ҳамда гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, трансмиллий жиноятчилик ва халқаро терроризмга қарши курашишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта аҳамият беришини таъкидлади.

Гада Фатхи Вали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқини юқори баҳолади. Унинг сўзларига кўра, давлатимиз раҳбарининг БМТнинг глобал терроризмга курашиш стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш тўғрисидаги баёноти, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлари, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни сақлашда мамлакатнинг иштироки, шунингдек, минтақада тинчликни барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган қатор муҳим ташаббуслари алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

БМТ Бош котибининг ўринбосари Ўзбекистон коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасидаги сай-ҳаракатларини юқори баҳолаб, мамлакатда Коррупцияга қарши кураш агентлиги ташкил этилганини мамнуният билан қарши олди.