“Болғали”нинг ўгай боғчаси

0

Болғали Нарпай туманининг аҳолиси зич жойлашган қишлоқларидан бири. Бу ерда қарийб 7 мингга яқин аҳоли яшайди. Унга қўшни бўлган Чўмоқ қишлоғида эса 4 минг нафар ҳамюртимиз умргузаронлик қилади. Гап шундаки, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида иккала қишлоқ фарзандлари учун 70 ўринга мўлжалланган боғча қурилганди. Аммо салкам эллик йилдан буён фаолият юритиб келаётган мазкур муассаса биноси айни пайтда жуда ачинарли ҳолатга келган.

Ачинарлиси, боғчанинг бир қисмидаги бинонинг ғиштлари қўпорилиб, томлари очилиб қолган. Бинонинг бошқа хоналарида эса поллар тешилиб, девор сувоқлари нураб тушган.

— Халқимизда эскини ямагунча эсинг кетади, деган гап бор. Шунга қарамай, ҳар йили ота-оналар ва ҳомийлар ёрдамида боғчани таъмирлаб, эпақага келтирамиз. Нима бўлганда ҳам қишлоқ болалари кўчада қолмасин, — дейди мазкур 33-мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Гулрух Зоирова. — Биноданку бир йўлини қилиб фойдаланиб турибмиз. Бироқ боғчамиздаги бошқа муаммолар бизни қийнаяпти. Яъни ичимлик суви йўқ. Шунинг учун ҳар куни бирор ота-онадан илтимос қиламизки, улар қарийиб 5-6 километрдан тоза ичимлик сувини ташиб келтириб беришади. Боғча ҳовлиси эса девор ва тўсиқ билан ўралмаган.

Гулруҳ Зоированинг таъкидлашича, тарбиячилар худди чегарачидек ҳар бир болани назорат қилиб ўтиришади. Уларнинг ота-онаси фарзандини боғчага ишониб топширган. Қолаверса, боғчада табиий газ ҳам йўқ. Оқибатда овқат пишириш ва хоналарни иситиш жуда қийин. Тўғри, кўмир берилар экан. Аммо ўлчовли бўлгани учун ундан бемалол фойдаланиш имконсиз. Хоналар етишмаганлиги туфайли қўшни 18-умумтаълим мактабининг битта хонаси ижарага ҳам олинган. Мусиқа асбоблари етишмайди. Давлатимиз раҳбари ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга энг устувор вазифа сифатида қараётган бир пайтда бу нима деган гап? Ёки Болғали қишлоғининг кичкинтойлари ўгайми? Наҳотки, қурилганига эллик йил бўлган боғчада деярли бирон-бир шароит йўқлиги мутасаддиларни ташвишга солмаса?

— Узоқ йиллар қишлоқ фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаганман, — дея суҳбатимизга қўшилади меҳнат фахрийси Эгамберди Тоҳиров. — Ҳақиқатан ҳам боғчанинг аҳволи жуда ночор. Шу боис ишлаб юрган кезларимда янги боғча қурилиши учун кўп югурганман. Бироқ айрим мутасадди раҳбарларнинг лоқайдлиги сабабли айни иш ҳанузгача пайсалга солиб келинмоқда.

Биз ушбу мақола билан шов-шув қилмоқчи эмасмиз. Фақат шу ердаги болалар шаҳардаги тенгдошлари сингари қулай шарт-шароитларда таълим-тарбия олишса бўлгани. Умид қиламизки, ҳадемай газетамизда Болғалида янги боғча қурилгани ҳақида хушхабар тарқатсак.

 

Азим ҚОДИРОВ,

журналист