Бола туғилганда унинг ҳужжатлари қандай рамийлаштирилади?

0

Боланинг дунёга келиши жуда қувонарли ҳол. Бироқ энди катталар бу “жажжи одамча”нинг ҳаётдаги ўрнини белгилашлари зарур. Масалан, унинг илк ҳужжатларини тайёрлаб маромига етказиш, бирор дард билан оғриганида шифокорга мурожаат этиш ва гўдакнинг меъёрий яшаши учун барча ҳатти-ҳаракатларни қонун доирасида бажармоқ керак. Ёш оналар бу хусусда етарлича маълумотга эга бўлганлари маъқул.

Туғруқ жараёнида иштирок этган доянинг имзоси ва туғруқхона муҳри қўйилган маълумотномада боланинг туғилган вақти ва санаси, жинси, бўйи, вазни туғилиш жараёни учун масъул шифокорнинг исм-шарифи ёзилган бўлади.

Чақалоқ уй шароитида дунёга келган ҳолатларда, яъни туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий  ёрдамсиз туғилган боланинг туғилганлигини қайд этиш учун унинг шу онадан туғилганлигига гувоҳлик берувчилар имзолаган ва участка шифокори ёки фельдшерининг имзоси билан тасдиқланган далолатнома асосида амалга оширилади.

Туғилганлик ҳақида гувоҳнома – боланинг туғилганлигини, унинг ота-онаси ким эканлигини тасдиқловчи ягона ҳужжатдир.

Бола туғилганлигини расман тасдиқловчи, унинг исм-шарифи, туғилган куни, ойи ва йили, шунингдек, ота-онасини аниқловчи,  республиканинг янги фуқароси сифатида рўйхатга олинганлигини билдирувчи ҳужжат, яъни “туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома” ФҲДЁ бўлими томонидан ёзилади. Ҳар бири ўз серияси ва рақамига  эга бўлган бундай  гувоҳномалар гербли бланка шаклида босмахонада тайёрланади.

Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ФҲДЁ ходими томонидан тўлдирилиб, шу идора муҳри билан тасдиқланади. Шунингдек, фуқаролик ҳолати ҳақидаги далолатнома ёзувлари дафтарига бола туғилиши ҳақидаги маълумот қайд этилади.

Боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бола туғилган жойдаги ёки ота-онасидан бирининг доимий яшаш жойидаги ФҲДЁ органида амалга оширилади.

Ота – онанинг истагига кўра ФҲДЁ органи боланинг туғилганлигини қайд этишни тантанали вазиятда ўтказиши мумкин.

Туғилганлик ҳақидаги аризани олиш учун бола туғилган кундан бошлаб бир ой муддат  ичида ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиш мумкин. Агар бола республика ҳудудидан ташқарида туғилган бўлса, уни рўйхатга  қўйиш Ўзбекистоннинг ўша мамлакатдаги  консуллик муассасалари томонидан амалга оширилади.

Бола туғилганлиги ҳақидаги ариза ота-онаси ёки улардан бири, алоҳида ҳолларда эса қариндошлари, қўшнилари, тиббиёт муассасалари маъмурияти, ички ишлар ёки васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан берилиши мумкин.

Туғилганликни қайд этиш учун: тиббиёт муассасасининг бола туғилганлиги тўғрисидаги тиббий маълумотномаси, ота-оналарининг паспортлари ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гербли гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза, ёхуд никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади.

Боланинг туғилганлигини қайд этишда унга фамилия ота-онасининг келишувига кўра ота ёки онанинг фамилияси, боболарининг бирининг ёхуд отанинг исми бўйича берилади. Келишув бўлмаган тақдирда низолар васийлик ва ҳомийлик органи, консуллик округида эса консул томонидан ҳал этилади.

Болага исм ота-онанинг розилигига кўра берилади. Болага қўшалоқ исм беришга йўл қўйилади.

Шу ўринда болага исм танлашда ўта масъулият ва эътибор билан ёндошиш зарурлигини таъкидлаб ўтиш жоиздир.  Биринчидан, болага исм танлаш ишига жиддий ўйлаб, иложи борича анъаналарга боғлаб ёндошиш керак. Иккинчидан, кишининг исми шарифи ва ота исмини расмий ҳужжатларда тўғри ёздириш лозим. Учинчидан, кишининг исми шарифини аниқ ва тўлиқ айтиш, тўғри талаффуз қилиш, ўринсиз равишда шаклан бузмасликка интилиш керак. Тўртинчидан, чақалоққа исм танлаганда тилдаги мавжуд, тайёр номлардан фойдаланиш билан бир қаторда янги, диққатни тортувчи, ўзига хос исмлар устида изланиш, яъни янги, бетакрор исмлар ижод қилдишга интилиш лозим. Бешинчидан, исмларимизда миллий руҳнинг сақланиши, уларнинг она тилимиз қонуният ва талабларига мос бўлиши керак. Боланинг исми мазмунан гўзал, шаклан чиройли бўлиши лозим. Исмларда одатда, холисона орзу-умидлар, фарзандга бўлган меҳр-муҳаббат ҳамда эзгу орзулар ўз мужассамини топади. Шунга кўра болага исм қўйишда ўзаро маслаҳатлашиб маъноли, чиройли исм қўйиш керак. Чунки болага қўйилган исм унинг бутун ҳаёти давомида ҳамроҳи бўлиб, унинг ҳаётига ўз таъсирини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги Фармонига биноан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, “ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функцияларни юклаган ҳолда ФҲДЁ органлари Агентлик тасарруфига ўтказилди.

Болани Оилавий поликлиникага ҳисобга қўйиш, ота ёки онанинг доимий яшаш жойи бўйича ҳисобга қўйиш, болани давлат мактабгача  таълим муассасига жойлаштириш бўйича навбатга қўйиш, шунингдек бола туғилганлиги муносабати билан бериладиган бир маротабалик пул маблағи олиш каби  хизматлар жорий йилнинг 1 сентябрь кунидан бошлаб  ФҲДЁ органлари томонидан туғилишни қайд этиш билан бир қаторда фуқароларга қулайлик яратиш, ортиқча вақт, маблағ сарфлашни ва сарсонгарчиликларни олдини олиш мақсадида “ФҲДЁ электрон архиви” ахборот тизими орқали йўлга қўйилди.

Шунингдек боланинг туғилишини ўз вақтида расмийлаштириш зарур. Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини ўз вақтида расмийлаштирмаслик оқибатида боланинг ҳуқуқ ва эркинлиги поймол бўлиши мумкин. Масалан, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмаслиги, мактабгача таълим муассасасига ва умумий таълим мактабларига жалб этилмасдан қолган ҳолатлари мавжуд. Бу эса ўз навбатида  бола жисмонан ва маънан соғлом бўлиб, унинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишда бир қатор қийинчилик туғдиради. Юртимиз келажаги бўлган ёш авлодни муносиб тарбиялаб, уларни  жисмонан соғлом маънан етук, баркамол авлод бўлиб етишишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Д.Сулейманова,
Олмазор туман ФҲДЁ бўлими мудираси    

Изоҳ қолдиринг:

Илтимос, изоҳингизни ёзинг
Илтимос, исмингизни бу ерга киритинг