Болалар ва аёллар бир қатор дори воситалари билан бепул таъминланади

0

Қонунчиликдаги янгиликлар

“Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4887, 10.11.2020 й.).

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 июндан:

  • 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
  • 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар “А” витамини билан;
  • 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан бепул таъминланади.

2022 йил 1 июлдан:

  • ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан;
  • 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.

Қарорга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан тамғаланади. Бунда:

2021 йил 1 июлдан:

  • озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш ихтиёрий равишда амалга оширилади;
  • таълим, спорт ва тиббиёт муассасаларида хавфсизлик белгиси билан тамғаланмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга йўл қўйилмайди ҳамда бундай маҳсулотларни реализация қилиш савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

2025 йил 1 январдан республикага сотиш учун олиб кириладиган ва маҳаллий ишлаб чиқариладиган озиқ-овқат маҳсулотлари уларнинг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи белгилар билан мажбурий тартибда тамғаланади.

Озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон соғлиғи учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини белгилаш давлат санитария назорати органлари томонидан амалга оширилади.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб биринчи нав буғдой уни билан бир қаторда олий нав буғдой уни микронутриентлар билан бойитилган тақдирда республика ҳудудида реализация қилишга рухсат этилади.

Ҳужжат ҳақидаги тўлиқ маълумот билан www.lex.uz сайти орқали танишиш мумкин.