Болаларга ҳаёт билан “дўстлашишни” ўргатамиз

0

Киши улғайгач, келгуси ҳаёти қандай бўлиши, кўп ҳолларда унинг болалигига боғлиқ. Айниқса, болаликдаги ота-оналар билан боғлиқ муносабатлар муҳим рол ўйнайди. Очиқлик, юмшоқ кўнгиллилик болаларни ҳаётнинг оқ-қора томонларига нисбатан жуда таъсирчан қилиб қўяди. Ота-оналар болаларга ёрдам бермоғи ва эртага уларнинг муваффақиятли келажаги учун бугундан шуғулланмоғи лозим.

Бу борада бизда бир неча маслаҳатлар бор. Демак:

1. Болага “доим касалсан”, “қобилиятсизсан”, “қайсарсан”, “мустақил эмассан”, деб таъсир кўрсатманг

Агар у бу каби гапларни доимий равишда катталардан эшитаверса, ишонаверинг, улар ўзларини айнан шундай тутиши мумкин.

2. Бола феълидаги, ҳаракатларидаги салбий жиҳатларини яхшилайман, деб унинг шахсиятини танқид қилманг

Кўпинча ота-оналар ўзгаради, деган умидда боланинг камчиликларига эътибор қаратади. Лекин аксинча юз бериши ҳам мумкин. Қолаверса, танқидий муносабат унинг ўз-ўзини баҳолаш, ўзига ишониш даражасига таъсир этади.

3. Унутманг: танқид боланинг шахсиятига эмас, ножўя ҳаракатига қарата бўлиши керак

Масалан, бола пиёлани синдириб қўйди ва онасидан: “бунча бесўнақай, бепарво бўлмасанг” қабилида дакки эшитади. Бу пайт болада “мен доим шунақа ёмонман” деган тушунча пайдо бўлади. Она бундай ҳолларда боланинг қилмишининг эҳтиётсизлик туфайли содир бўлганлигини айтгани маъқул.

4. “Эртаклар-яхшиликка етаклар”, деган нақлга амал қилинг

Сиз ҳам болага қаҳрамони яхши иш қилмаган эртаклардан сўзлаб беринг. Чунки улар кўпинча ўзларини эртак қаҳрамонлари билан солиштиради, бу эса воқеа-ҳодисага четдан назар солишга ёрдам беради. Ўзингиз ҳам биргаликда ўша эртак қаҳрамони қийин вазиятлардан қандай йул тутиши мумкинлигини ўргатинг.

 

Тамара Бўтаева,
психолог

Аввалги мақолаЖиззахда фуқаро ер ажратилиши пайсалга солинганидан норози бўлди
Кейинги мақолаИжтимоий тармоқларда шахсни обрўсизлантирганлик учун қандай жавобгарлик бор?