Болаларни хор қилаётган оналар кимлар?

0

Бир вақтлар ўз томирини тишлаб, боласига қонидан ичириб, ўлимдан сақлаган оналар бор эди

“Гўдаклардан жаннат иси келади”, дейишади. Сўнгги йилларда аёллар томонидан ўз боласини сотиш, турли йўллар билан жонига қасд қилиш, норасидаларга зулм ўтказиш каби мудҳиш жиноятлар тафсилоти қулоғимизга чалиниб турибди. 

Хусусан, Фарғонада аёл ўз боласини бўғиб ўлдириши билан боғлиқ қабоҳат атрофида кўтарилган шов-шувлар эндигина тинаётган бир вақтда нафақат миллатимиз ва жамиятимиз, балки бутун инсоният учун шармандали яна бир жиноят содир этилди.

Сурхон воҳасида биз фариштага менгзайдиган бегуноҳ гўдак ўлимга маҳкум қилиниб, ҳожатхонага ташланиши барчамизнинг қалбимизни ларзага келтирди.

Бу мавзуни очишдан мақсадимиз бундай чиркин воқеа атрофида янада шов-шув кўтариш ёки кимгадир қатъий ҳукм ўқиш эмас. Балки огоҳлик бонгини қайта-қайта чалишдир, токи меҳр-шафқат, қадр-қиммат ва масъулият ҳамиша ҳар нарсадан устувор турсин.

Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб ўтишни истар эдикки, ҳар қайсики ёвузликка қўл урган кимсалар вақти келиб олий ҳакам билан юзма-юз келиши, унинг сўрови ва жавобгарлиги жуда-жуда оғир келишини билармикан?

ОНАЛАР МЕҲРИ ОЛДИДА ЎЛИМ ҲАМ ОЖИЗ 

“Жаннат оналар оёғи остидадир”, дейилади муборак ҳадиси шарифда.

Шу ўринда кўнглимиздан беихтиёр саволлар ўтади. Аёл аталмиш нозик хилқатни бундай юксак эътирофга сазовор қилган унинг гўзаллигими, ақлу фаросатими ёки латофатими? 

Бунинг сир-синоати, сеҳри нимада? Бу саволларга буюк олмон донишманди, жаҳонга таниқли адиб ва файласуф И.В.Гётенинг қуйидаги сўзларидан жавоб топиш мумкин: “Аёлнинг бор қудрати ва жозиба кучи унинг оналик муҳаббатидадир”.

Дарҳақиқат, ҳаққоний ва ҳаётий жавоб. Оналар меҳр-муҳаббати олдида ҳатто ўлим ҳам ожиз, оналар кўкси ҳамиша фарзанди учун балогардон. …Бунга башарият тарихидан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Узоққа бормайлик 1988 йилда Арманистонда бўлиб ўтган кучли зилзила ва унинг даҳшатли оқибатларини кўпчилик яхши эслайди.

Спитак шаҳрида вайрон бўлган иморатлар тагида бир аёл ёш боласи билан 12 кун жон сақлаган. Қутқарувчилар уларни олиб чиқишганида она ўлим ёқасида, 3 ёшли қизчаси эса унга нисбатан анча тетик бўлган. Кейинчалик маълум бўлишича, Она ўз томирини тишлари билан кесиб, қонини боласига ичирган, шу йўл билан унинг жонини сақлаб қолган. Арман аёлининг жасоратидан ҳайратга тушган, буни қаҳрамонлик, дея атаган халқаро жамоатчилик ва ОАВларига берган интервьюсида “Менинг ўрнимда бўлган ҳар бир аёл шундай йўл тутарди. Мен оналар қилиши лозим бўлган ишни қилдим холос”, деган эди.

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири

Давоми бор…