Бор бўлинг, меҳридарё одамлар…

0

Азал-азалдан бир-бирини кўрмаса туролмайдиган, сал  бетоб бўлиб қолса қўшнисини тансиқ таом билан кириб кўрмагунча кўнгли тинчимайдиган, Худо кўрсатмасин, бировнинг бошига оғир мусибат ёки жудолик тушиб қолгудек бўлса,  тунларни бирга бедор ўтказадиган, таскин, тасалли учун сўз тополмайдиган олижаноб халқимиз бор.

Кўнгиллар бир-бирини ғамлардан, қайғулардан шундай муҳофаза   қилади, шундай  меҳр туфайли тоғдек  армонлар, қайғулар титилиб кетади,  андуҳлар тарқалади.  Инсон  яшаш учун яна куч топади, яна бардош топади. Биз шундай халқмиз. Йиқилганни суяш бизга ота-бобомиздан мерос қолган. Ўзимиз ширин сўзга муҳтож бўлсак ҳам, кўнгли яримларни кўнглини тўлдиришга  ўрганганмиз. Биз олижаноб ва меҳри дарё халқмиз… Ҳукуматнинг катта карвонига қўшилган бу денгиздан томчилар элга мадад, юртга  қанот албатта.

Зеро… Хайр-эҳсон энг эзгу амаллардан бири  эканлигини яхши биламиз.

           Туя сўйиб,  элга тарқатган  танти инсон…

Эл бошига иш тушди. Бу кутилмаган  офат ҳар қандай қайғули, ҳар қандай фожиали кундан баттар.  Дунё таҳлика ичида, ер шари   кўзга кўринмас ўт ичида ёнаяпти. Жаҳоннинг барча эшиклари  беркланди, еру осмоннинг қўлларига кишан солингандек.  Дунёнинг юраги титраб турибди…

 Ўзбекистонимизнинг ҳам дарди бошқаларникидан кам эмас. Кимлардир дард билан олишмоқда, кимлардир “бу  оловдан огоҳ бўлинг, уйда қолинг, ўзингизни, яқинларингизни асранг!”, — деб бонг урмоқда. Кимлардир  шундай синовли дамларда  эл корига яраш, юртга ҳамдард бўлиш истагида. Уларнинг саховатидан баҳраманд бўлаётганлар учун бу катта мукофот, албатта. Бугун шундай замондошларимиз, миллатдошларимиз билан фахрланишнинг ўзи  камлик қилади. Уларга  ташаккур айтиш учун яхшиликнинг мукофоти яхшилик бўлсин, дея қўлимизга қалам олдик.

 Самарқанд вилояти Нуробод туманида истиқомат қилувчи Раҳмон Маҳмудов тўй қилганда ҳам туя сўймаган. Аммо халқимиз бошига тушган бу оғир синовли кунлар унинг ҳам юрагига оғирлик қилди. Юртга келган тўйга томошабин бўлиб турса бўлмас. Бугунги қийинчиликлар бир кун ўтиб кетади, аммо қўлидан келган ёрдамини бермагани учун эртага  виждони олида қийналиб юришни истамайдиган   мард ва танти одам маҳалласидаги ёрдамга муҳтож оилаларга туясини сўйиб, гўштини тарқатди. Оилаларга мадад бўлиш учун Р.Маҳмудовнинг ёнига Аваз Ҳожи, Отабек Тилавовлар ҳам қўшилди. Шунингдек, Пастдарғом туманидаги “Болғали” маҳалласидагилар  ҳам 50 та хонадонга озиқ-овқат тарқатишди.

Ўзи Америка Қўшма Штатларида бўла туриб, Тойлоқ туманидаги яқинларини, ҳамқишлоқларини ўйлаётган яна бир ҳамюртимиз  Анваржон Ҳотамовдан  тумандаги тўртта маҳалладаги 40 та оилага кўрсатган эҳсони учун ҳамқишлоқлари беҳад  миннатдор бўлди. Меҳр-оқибат шундай кунларда синалади.

         18 та оилага  бир бошдан қора мол

Қизилтепалик Суҳроб Давронов ўзи яшайдиган “Башир” маҳалласидаги 18 та  ёрдамга муҳтож  оилага бир бошдан кичик шохли қора мол тарқатиб чиқди. Ванғозилик Меҳриддин Раҳимов 50 та оилага,  Пахтаободлик Раҳим Истамов 50 кишига, Ванғозилик Меҳриддин Раҳимов 50 та оилага, Анвар Шарипов 50 хонадонга,Тошмачитлик Истам Раҳимов 52 кишига, Анвар Шарипов 30 та хонадонга, Ҳафиз Қосимов 32 та хонадонга, Исомиддин Раҳматов 23 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатди.

         Навоий вилоят адлия бошқармаси ҳам  шу кемада…

Хатирчи Навоий вилоятининг аҳолиси кўп, энг катта тумани.  Катта ҳудуднинг муаммоси ҳам катта бўлиши табиий. Бугунги оғир имтиҳонлардан хатирчиликлар ҳам ўзига хос амаллар, хайру эҳсонлар йўллари билан  ўтаяпти. Хатирчиликларга нафақат ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, балки маънавий, моддий қўллаб–қувватлашда вилоят адлия бошқармасининг ҳам ҳиссаси бор. Улар ҳам “Биз биргаликда енгамиз!” деган хайрли кемада. Бошқарма томонидан туман маҳаллаларида истиқомат қилаётган 20 дан ортиқ  кам таъминланган оилаларга 13 турдаги озиқ овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Шунингдек, “Темурбек пойдевори” хусусий корхонаси раҳбари Набижон Умирзоқов ҳомийлигида 150 та    ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга гўшт, ун, шакар, ёғ, картошка, пиёз ва нон маҳсулотлари етказилди.

         Саховатли  оналар ҳам бор…    

Биз аёлларни  ёрдамга ва  ҳимояга муҳтож дейишга ўрганганмиз. Аммо аёлларнинг меҳрига,  мурувватига, беминнат ёрдамига тенг келадигани йўқ.

Бугунги оғир дамлар, синовли кунларда ҳам аёллар четда тургани йўқ. Уйида оиласи, болаларига меҳрибонликдан ортиб,  ёрдамга муҳтожларнинг, дардмандларнинг дардига шерик бўлган  қизилтепалик ўқитувчи Зулхумор Шарипова ўнлаб  маҳалладошларига гўшт,  бир қопдан ун, 100 минг сўмдан пул берган бўлса, Айрончи маҳалласидан Гулхан Шарипова ва Роҳила Сирочевалар эса ёрдамга муҳтож ҳамқишлоқларига озиқ-овқат маҳсулотлари  етказиб беришди.  Бу рўйхатларни узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг сафи  кун сайин,  соат сайин кенгаймоқда.

Хуллас, бу  хайрли карвондан ҳеч ким четда қолгани йўқ.   Саховатли инсонларни ҳар бир  шаҳарда, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир қишлоқда  ўнлаб, юзлаб учратиш мумкин. Уларнинг кўрсатаётган ёрдамлари денгиздан бир томчи бўлиши мумкин, аммо у чин юракдан қилинган меҳрибонлик  рамзидир.  Меҳрибонлик эса ҳамиша улуғ туйғу. Бор бўлинг, меҳрибон кўнгиллар, меҳри дарё одамлар!

                                                        Маруса ҲОСИЛОВА,
                                                        журналист