Буқаламуннинг ранги қандайлигини биласизми?

0
Studio portrait of a young businessman holding a mask in front of his face against a gray background

Қинғир қилмиш — келтирар ташвиш

ДУНЁДАГИ жамики жонзотларда мавжуд бўлган тириклик дарди уларни не куйларга солмайди, дейсиз. Масалан, вазият ва шароитга қараб рангини ўзгартириб турувчи буқаламун аталмиш судралиб юрувчи жониворнинг ҳақиқий ранги қандайлигини ҳатто тегишли соҳа мутахассислари ҳам ҳанузгача кашф этолганларича йўқ. Буқаламун ўлжасини қўлга киритиш ва душманлардан жонини сақлаш мақсадида рангини бир зумда ўзгартира оладиган жонзот.

Худди шунингдек, орамизда содда одамларни алдаб, ишончига кириш ва уларнинг пешона тери билан топилган мол-мулкига осонгина эга бўлиш мақсадида минг бир тусга кира олиш қобилиятига эга кимсалар ҳам учраб туради. Устомон жиноятчилар ўлжаларини қўлдан чиқармаслик учун гоҳи “Қўй оғзидан чўп олмаган” юмшоқ кўнгил кўринсалар, гоҳида эса бўри каби тажовузкордирлар. Афсуски, аксарият ҳолларда буқаламун каби вазиятга қараб қиёфасини ўзгартириб турадиган фирибгар, тамагир, порахўр ва турли даражадаги жиноятчиларнинг асл башарасини “бошимиз деворга текканда”гина кўрамиз.

Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани Мудофаа ишлари бўлимида чақирув бўлинмасида ишлаётган Ҳусниддин Каттабоев (исм-шарифлар ўзгартирилган) расмий маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 7 июнида ўз хоҳишига кўра ишдан бўшади. Аслида эса “дўппи тор келгани учун”, янада аниқроғи, қинғир ишларини яшириш мақсадида ўн йил давомида турли лавозимларда ишлаб келган иссиққина жойидан кетишга мажбур бўлганини англаш қийин эмас. Аммо қилни қирқ ёрган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларини чалғитиб бўлмайди. Тергов давомида элликни оралаб, олтмишни қоралаган Х.Каттабоев баднафслиги, порахўр ва фирибгарлиги далиллар асосида ўз исботини топди. Оқибатда тузуккина иши орқали келиб турган ҳалол ризқу насибасидан ажралибгина қолмай, яқинлари ва элу юрт олдида боши эгилди.

Буларнинг дарди пул-да

Қашқадарёлик Норбой аканинг ҳарбий бўлиш орзуси армон бўлди. Шу сабабли ўғли Фахриддин 2018 йилнинг куз ойларида Мудофаа ишлари бўйича Чилонзор туман бўлими томонидан чақиртирилиб, муддатли ҳарбий хизмат бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлашини айтганда жуда қувонди. Ўғли тиббий кўрикдан ўтди ҳамки, ҳарбий чақирувдан дарак бўлавермагач, ўзи йўлга чиқди. 2019 йилнинг февраль ойида Мудофаа ишлари бўйича Чилонзор туман бўлимига борди. “Илҳом” исмли бўлим бошлиғи “ҳозирги кунда Президентнинг янги қарорига асосан чақирувчилар доимий рўйхатда турган жойидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилади”, дея гапни қисқа қилди. Норбой ака “бўлмаса нима учун ўғлимни овора қилдинглар”, деган саволига жўяли жавоб ололмай жиғибийрон бўлганича бошлиқнинг олдидан чиқиб, Наргиза исмли котиба қизга юрагини бўшатган бўлди. Котибадан “Буларнинг дарди пулда, берсангиз жўнатади”, деган сўзни эшитгач, нима деса деди, нима қилса қилдики, Наргизахон уни Хусниддин Каттабоевнинг хонасига олиб кириб таништирди. Чақирув бўлинмасидаги ходим бўлмиш Х.Каттабоев Норбой Холбоевнинг муаммосини эшитиб, юзлари қувончдан ёришиб кетди. Мулозамат билан ўтиришга таклиф қилгач, бир пиёла чой тутди. Норбой аканинг ҳам кўнгли бўшашди шекилли бор дардини тўкиб солди.

— Ҳамма жойнинг ўз қонун қоидаси бор, — деди Х.Каттабоев кўнглидаги муддаосини узоқдан бошлаб, — бошқа вилоятдаги болалар Тошкентдан ҳарбий хизматга 1200 АҚШ доллари атрофида кетаяпти. Лекин мен ундай ноинсофлардан эмасман, сиз менга ёқиб қолдингиз. Ўғлингизни 600 долларга бемалол бир йиллик ҳарбий хизматга юбортира оламан. Танишларимнинг ҳам қўли узун, мен айтсам, йўқ дейишмайди. Сизга фойдам тегса хурсанд бўламан.

Норбой Холбоев шу ерда унинг таклифига қандай рози бўлганини билмай қолди-ю, кейинчалик эса 600 АҚШ доллари оз пул эмасми, ичи ачиди. “Бекор кўндим”, дегандек, ўзини койигандек бўлди. Текин даромадни тезроқ қўлга киритиш ниятида Хусниддин эса вақтни ўтказмай отини қамчилади. “Тезроқ пулни олиб келинг, бўлмаса ўғлингиз навбатдаги чақириқдан қолиб кетади”, дея қисталанг қила бошлади. Норбой Холбоев ҳар гал унинг сўровларига хўп-хўп деса-да, пул беришни пайсалга соларди. Бу орада ўғли Фахриддин мавжуд қонун-қоидаларга асосан, ҳеч кимнинг ёрдамисиз Тошкент шаҳридан ҳарбий хизматга жўнаб кетди-ю, Норбой ака узил-кесил Х.Каттабоевнинг фирибгарлигига амин бўлди.

Таҳдид: Ўғлингга ёмон бўлади…

“Менинг нафсим балодур, не кўйларга соладур”, деган экан қадимда машойихлардан бири. Холбой Норбоевнинг ўғли ҳарбий хизматга кетганлигидан хабар топган Хусниддин мўмайгина пул аччиғида бу ҳикматли сўзни хаёлига ҳам келтиришни лозим топмади. Аксинча, қайта-қайта қилган қўнғироқларига жавоб бўлавермагач, эски танишини йўқлаб унинг уйига борди. Унинг турмуш ўртоғидан Холбой ака Қашқадарёда эканлиги, ҳозирда келишилган пулни беришга имконияти йўқлигини, ке­йинчалик беришини эшитгач, азму қарори янада кучайса кучайдики, совий демади. — Хўжайинлар пулни сўраб ҳоли-жонимга қўйишмаяпти, — деди у уй эгасига навбатдаги ташрифларидан бирида. — Уларнинг олдида юзим шувут бўлиб қолди. Яна бир нарсани айтиб қўяй, агар тез кунлар ичида пулни олиб бормасам, ўғлингизга ёмон бўлиши мумкин.

Бу таҳдид Х.Каттабоевнинг оғзидан бир неча бор жаранглади. “Келишилган пулни бермасанг, ўғлингга ёмон бўлади”.

Пора бериш ҳам, олиш ҳам жиноят

Ҳар бир ота-она фарзанди ҳаёти, тақдири ҳақида гап кетганда, кўзига молу дунё кўринмаслиги аниқ. Норбой ака ҳам қариндош уруғларидан қарз-ҳавола қилиб, айтилган пулни топишга топди-ю, ўйланиб қолди. Мавжуд қонунларимизга кўра, пора бериш ҳам, пора олишдек оғир жиноят эканлиги хаёлидан ўтди. Бир қарорга келгач, Рес­публика Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Тошкент шаҳар бошқармасига ариза билан мурожаат қилди. Улар келишилган жойда учрашишди ва товламачи кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини олаётган пайтида Департаментнинг тезкор ходимлари томонидан ушланди. Суд жараёнида Х.Каттабоев ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишига пушаймонлик билдирса-да, унга суд томонидан тегишли жиноий жазо тайинланди.

Хулоса ўрнида, айрим баднафс кимсаларга “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деган ҳикматни асло унутмасликни эслатиб ўтишни жоиз топдик.

Баҳриддин ИКРОМОВ,

жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод тумани суди судьяси,

Фарида ҚОРАҚУЛОВА,

“Инсон ва қонун” мухбири