“Бу кўча ўзбек халқининг фарзанди Жўрахон Усмонов номи билан аталади”

0

Ғалабанинг 75 йиллигига!

Минскда элчихонамиз маслаҳатчиси Дониёр ака Обидов қўлимга бир хат тутганди. Лоев туман ижроия қўмитаси раиси В.А.Байкова томонидан элчимиз Носиржон Юсупов номига йўлланган ушбу расмий хатнинг мазмуни шундай: Лоев тупроғи муқаддас. У қанчалаб қаҳрамонларни ўз бағрига олган. Бу заминда ўзбекнинг 6 нафар паҳлавон ўғлони жасорат кўрсатиб Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Лоев шаҳрининг “Қаҳрамонлар хиёбони”да шу туманнинг Дережачи қишлоғида жойлашган биродарлик қабристонида 6 нафар ўзбек фарзанди ёди ҳам абадийлаштирилган. Шунингдек, Хомченко, деб номланган аҳоли пунктидаги кўча Жўрахон Усмонов номи билан аталади. Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ўтказиладиган тантанали маросимда Лоев тумани Хомченко қишлоғидаги кўчага “Бу кўча ўзбек халқининг фарзанди Жўрахон Усмонов номи билан аталади” деган лавҳ илиниши режалаштирилган. Апрель ойида бўлиб ўтадиган бу катта тадбирга элчимиз ва элчихона ходимлари ҳам таклиф қилинганди.

Қанчалар фахрли-а? Фахрли! Ўзбекистон қаерда-ю, Беларусь қаерда? Жасур ўзбек йигити туғилиб ўсган Сирдаёнинг Ховос туманига қарашли Сават қишлоғи қаерда-ю, Беларуснинг Гомель вилояти Лоев туманига тегишли Хомченко қишлоғи қаёқда. Бугун ана шу боис қишлоқда, Европанинг тубидаги бир ўлкадаги кўчалардан бири Жўрахон Усмонов номи билан аталаётганини жуда кўпчилик ватандошларимиз, айниқса бугунги ёшларимиз умуман билишмаса керак. У бу заминда жон олиб, жон берганда, сўнгги қони қолгунча курашиб, ҳалок бўлганда бор-йўғи 19 ёшда эди. 19 ёшда-я. 19 ёшда. У мана шу навқирон умр палласида ўзбек халқининг чиндан довюрак ва жасур халқ эканини ўз жасорати билан исботлай олган ҳақиқий ўзбек эди.

Ҳа, 19 ёшда!

У 19 ёшда Сож дарёсини сузиб ўтди. Дарёнинг Днепрга келиб қуйиладиган қисмида фашистлар билан жуда яқин, юзма-юз келган даҳшатли жангда газандаларни қийратди. Мислсиз тўқнашувда 13 маротаба душман ҳамласини қайтара олди. У взвод командири ёрдамчиси эди. Гуруҳда бор-йўғи 9 жангчи қолади. Катта сержант Жўрахон Усмонов гуруҳга барча ўқ-дориларни йиғиб, гранаталар билан ҳамла қилишни, қандай қилиб бўлса ҳам асосий қўшин етиб келгунча душманга тўғаноқ бўлишни буюради. Ёрдам кучлари етиб келиб, душманни тўсиб қолган Усмонов бошчилигидаги жангчиларни ярадор ҳолда жанг майдонидан олиб чиқишади. 1944 йилнинг 15 январида Жўрахон Усмонов Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

1944 йил охирида қақшатқич жангларнинг бирида у оғир ярадор бўлади. Тошкентга ҳарбий госпиталга юборилади. Жароҳат асорати туфайли 1945 йилнинг 14 февралида госпиталда вафот этади. Ғалабага эса озгина, бор-йўғи 3 ойгина қолганди.

У бор-йўғи 19 ёшда эди.

19 ёшда.

Ҳозир айримларимиз шу ёшдаги фарзандимиз ёки набирамизга қараб бу эндигина 19 ёшга тўлди, 19 ёш ҳам ёш-да, ҳали булар гўдакда деб қўямиз. 19 ёшда ҳам одам гўдак бўларканми? Жўрахон эса 19 ёшида қаҳрамон бўлган эди…

Шу ўн тўққиз ёшда этик кийиб сув кечган эркак эди.

“Аёлим ва фарзандларимга айтинглар, мен Ватанни ҳимоя қилдим…”

1943 йил 2 октябрь кечаси. 467-ўқчи қисмга қарашли ўқчилар ротасига махсус топшириқ келди: Гулешец қишлоғи ҳудуди орқали Днепрнинг ўнг қирғоғига сузиб ўтиб душман ўрнашган асосий нуқтани эгаллаб, ортда ҳаракатланаётган жангчиларга йўл очиб, Днепрни кесиб ўтишга чоғланган қўшиннинг хавфсизлигини таъминлаш керак эди. Эпчил ва чаққон жангчи, маҳоратли мерган Сафар Хушназаров “Днепр учун жанг” операциясида дастлабки иштирокчилар қаторида биринчилардан бўлиб дарёни ажал ҳамласи ичра сузиб ўтди. У қирғоққа чиқиб олгач, ротанинг олд қисмида ўрнашди. Душманнинг етти бора қилган қақшатқич ҳужумига мардонавор бардош берди. 35 фашист газандасини ер тишлатди. Сафар Хушназаров ва унинг қуролдош шериклари қаршисида, яқингинада турган босқинчиларни икки кун мобайнида ушлаб туриб, уларнинг ҳамласини чиппакка чиқарди. Фашистлар бурнининг тагига келиб қолган бўлса-да, Сафар Хушназаров жойидан жилмади. Душманга граната улоқтириб турди. Бу орада асосий куч Днепр дарёсини кесиб ўтади. Душман билан юзма-юз жангда Сафар Хушназаров яраланди. Тиббий пункт фельдшери ва санитарлари уни дарёнинг нариги қирғоғига хавфсиз ҳудудга олиб ўтмоқчи бўлганида рози бўлмайди: “Мен фашистлар йўлини тўсиб турган асосий жойда ўрнашганман, менинг кетишим мумкин эмас”, деб жавоб беради. Шу жангда у иккинчи бора ярадор бўлади. Қўшиннинг олд қисмида туриб душманини яқин йўлатмаган ўзбек арслони кўрсатган жасорат барча жангчиларга руҳий куч-қудрат бахш этади, уларни мустаҳкам ҳимоя ва шиддат билан олға интилишга ундайди. У Днепрнинг сўл қирғоғига юборилади. Бу ерда учинчи бор ярадор бўлди. Ёвқур ўзбек Сафар Хушназаров ўлим олдидан жангчи дўстларига оддий ва ўта таъсирли васият қилади: “Аёлим ва фарзандларимга айтинглар, мен Ватанни ҳимоя қилдим…”.

Музей бағридаги хотиралар шундай сўзлайди.

Ҳа, музей битикларида шундай ёзилган.

Ҳа, музей қаърида сақланаётган Сафар Хушназаровнинг дўстлари ёдномаларида шундай битилган.

38 ёшида ҳаёт шами сўнган, тўрт фарзанднинг отаси, жасур эркак Сафар Хушназаровнинг васияти музей қаърини титратиб, қулоқларингиз остида жаранглай бошлаганда изтироб ва оғриқ тўлғоғида ўкириб юборай дейсиз, баъзўр ўзингизни тутасиз, кўзингиздан дувиллаб қайноқ ёшлар сиза бошлайди.

Бугунги кунда қаҳрамон жангчининг ўттиздан ортиқ набира ва қанчалаб чеваралари Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғончаси ҳамда Нарпай туманида истиқомат қилади.

Биз унинг изида қолган авлодларининг ҳам бобоси каби чин инсон бўлишини истаймиз.

Эл-юрт бошига қора кун тушганида этик кийиб сув кечган Инсон руҳини шод этиш ҳам чин инсонлик белгисидир…

Давоми бор…

Қўчқор Норқобил,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист