Бу вакцина кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолган эди…

0

Физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофотининг биринчи совриндори бўлган немис шифокори ва дифтерияга қарши зардоб ихтирочиси Эмил Берингнинг буюк кашфиёти.
Эмил мактаб ёшига етгач, отаси уни Хохеншейн (Шарқий Пруссия)га юборишга мажбур бўлди. Берингда тиббиётга бўлган қизиқиш эрта уйғонди. Бироқ оиланинг молиявий аҳволи унинг олий тиббиёт муассасасига киришига тўсқинлик қиларди. Буни яхши тушунган Беринг отасининг талаби билан Кёнигсберг университетининг Теология факультетига ўқишга кирди.
Беринг 1880 йилда шифокорлик дипломини олди. Худди шу йили у Берлиндаги Шарит шифохонасида амалиёт ўтади ва кейинчалик Позенадаги (ҳозирги Познан, Полша) отлиқ полкида хизмат қилди.
Клиника ишлари Берингни ҳеч қачон қизиқтирмасди. Унинг асосий мақсади илмий тадқиқотлар билан боғлиқ эди. Позенда ҳам Беринг юқумли касалликларни даволаш учун жанговар шароитларда дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланишга қизиқиб қолди ва шу вақтдан бошлаб у ўзини бутунлай тадқиқот ишларига бағишлашга ҳаракат қилди. Бу имконият 1887 йилда армияда Бонн фармакология институтига кирган пайтида пайдо бўлди.
1889 йили Беринг демобилизациядан олдин Берлинда ҳарбий тиббиёт Академиясида бир йил ишлашга муваффақ бўлди. У асосан антисептик муаммолар билан шуғулланган. 1889 йилда Беринг Бактериологик тадқиқотлар асосчиси Роберт Кохнинг тадқиқот гуруҳига қўшилди. У ерда дифтерия ва қоқшолни даволаш усулларини ўрганиб чиқди.
1890 йилда у Сибасабуро Китасато билан биргаликда Эмил Ру ва Александр Эрсеннинг кашфиётларини ривожлантирди. Худди шу йили ушбу кашфиётлар асосида қон зардобини даволаш усули ишлаб чиқилди. ХХ асрнинг бошларига қадар дифтерия ҳар йили минглаб болалар ҳаётига зомин бўлган. Афсуски, тиббиёт уларнинг азобларини енгиллаштириш ва оғир кулфатдан қутқаришга қодир эмас эди. 1891 йилда Рождество кечасида дифтериядан ўлаётган Берлин болалари янги Беринг зардобининг биринчи инъекциясини қабул қилди. Уларнинг кўпчилиги касалликдан омон қолса-да, аксарияти ҳаётдан кўз юмди. Хуллас, муваффақиятга қисман эришилди, холос. Шундай мураккаб бир даврда Берингга унинг ҳамкасби ва дўсти Паул Эрлих ёрдам берди. Иммунологиядаги кашфиётлари туфайли Эрлих Берингнинг антидифтерия зардобини яхшилашга муваффақ бўлди. Антитоксиннинг тўғри дозасини ҳисоблаб чиқди ва клиник фойдаланишда ишончли бўлган юқори консентрацияли ва тозаланган зардобни олди. 1894 йилда такомиллашган зардоб 220 нафар бемор болаларда муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Болаларни ўлимдан сақлаб қолгани учун Беринг 1901 йилда физиология ва тиббиёт бўйича “зардобни даволаш ишлари, асосан, дифтерияни даволашда қўлланилганлиги, тиббиёт фанида янги йўлларни очиб, шифокорларга касаллик ва ўлимга қарши ғалаба қозонган воситани берганлиги учун” биринчи Нобель мукофотини олди.
1914 йилда институт қошида Қоқшол ва дифтерияга қарши вакцина ишлаб чиқариш бўйича компания ташкил этилди. Биринчи жаҳон уруши даврида Беринг микробларга қарши курашда янги ғалабага эришди, чунки унинг қоқшолга қарши вакцинаси кўплаб немис аскарлари ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берди ва бунинг учун у Германия ҳукумати томонидан Темир хоч билан тақдирланди.

Аввалги мақолаАйрим пул бирликларининг келиб чиқиши ҳақида (+фото)
Кейинги мақолаКоронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида