Бугун — Халқаро Холокост қурбонлари куни

0

1945 йил 27 январь куни нацистларнинг энг йирик ажал масканларидан бири – Польша ҳудудидаги Освенцим лагери озод қилинган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюциясига кўра, 2005 йил 1 ноябрда ушбу санани Халқаро Холокост қурбонлари куни сифатида нишонлаш белгиланган. “Холокост” сўзи қадимги юнон тилида “бутунлй ёқиб юбориш, маҳв этиш, қирғин” сингари маъноларни беради.
Маълумотларга кўра, Учинчи Рейх ҳукмронлиги пайтида геноцид мақсадида бунёд этилган Освенцим лагерида 1,5 миллиондан 4 миллионга қадар инсонлар газ камераларида, улкан печларда турли ваҳшиёна усулларда ўлдирилган, уларнинг устида тиббий тажрибалар ўтказилган. Қурбонларнинг асосий қисмини яҳудийлар ташкил қилган. Шунингдек, улар орасида кўплаб совет ҳарбий асирлари, поляклар, венгерлар, лўлилар, қора танлилар, турли дин ва мазҳаб вакиллари бўлган. Иккинчи жаҳон уруши даврида минглаб ватандошларимиз ҳам ана шу разолат қурбонига айланишган.
Халқаро Холокост қурбонлари куни муносабати билан дунёнинг турли давлатларида Ер юзида геноцид ва оммавий қирғинга қарши ҳамжиҳатликни курашни тарғиб этиш, Холокост оқибатларини кенг жамоатчиликка яна бир бор эслатиш мақсадида қатор анжуманлар, хайрия тадбирлари, кўргазмалар, давра суҳбатлари ўтказилади.