ТаҳлилБугун кўчада қолган талабадан... эртага нима кутамиз?!

Бугун кўчада қолган талабадан… эртага нима кутамиз?!

Пойтахтимиз кўчалари, жамоат жойлари, хиёбонлари тўп-тўп бўлиб, бир-бири билан чақчақлашиб, аллақайси мавзуларда баҳслашиб юрган ўқувчи ёшлар, талабалар борлиги туфайли янада файзли бўлар экан. Ҳа, биз буни янги ўқув йили бошланиши арафасида кўриб, қалбан ҳис этамиз. Келажагимиз эгаларининг илм олишга бўлган интилиши, ғайрат-шижоатига ҳам ҳавасимиз келади.

Янги ўқув йили бошланиши хурсандчиликлар олиб келиши баробарида эски муаммоларни қайтадан олдимизга кўндаланг қилиб қўяди десак, буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Шундай муаммолардан бири, шубҳасиз, талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш масаласи бўлиб, илм олиш истагида вилоятлардан Тошкент шаҳрига келган ёшларни ҳам, уларнинг ота-она­ларини ҳам кўп йиллардан буён қийнаб келаяпти.

Албатта, мамлакатимизда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилгани, яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга ошириш кўзда тутилгани, сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг сони 141 та бўлгани, қабул квотаси 3 баробар ортгани эътирофга молик. Маълумки, ёшлар камолоти, шу жумладан, уларнинг олий таълим муассасаларида ўқиши ва етук мутахассис бўлиши йўлида сарфланаётган маблағлар ҳамда ресурслар келажакка тикилган сармоя ҳисобланади. Шубҳасиз, бу харажатлар келгусида бир неча баробар фойдаси билан қайтарилади.

Майли, келажакни қўятурайлик, айниқса, талабаларнинг аксарияти ўзи ўқиётган институт ёки университет ётоқхонасида яшашга жой тополмасдан, шаҳар кўчаларида ижарага уй қидириб овораю сарсон бўлиб юрган бугунги кунда келажак ҳақидаги гапларимиз кўпчиликка ёқмаслиги аниқ. Мантиқан олиб қарасак, олий таълим муассасаларидаги талабалар сони йилдан-йилга ортиб бораётган экан, уларнинг турар жойга бўлган эҳтиё­жи ҳам ҳисобга олиниши, қўшимча ётоқхоналар қурилиши ва талабалар, энг аввало, бирламчи эҳтиёж, яъни яшаш жойи билан таъминланиши керак эди. Амалда эса ОТМларда талабалар сонининг ортиши ва уларнинг турар жойга бўлган эҳтиё­­жи қондирилиши ўртасида номутаносиблик юзага келди. Бунинг натижаси эса бугунги кунда кўплаб талабаларнинг бошпанасиз кўчада қолишида яққол кўриниб турибди. Айтишларича, кам таъминланган оиладан эканини тасдиқловчи қоғози бўлган талабаларгагина институт ётоқхонасидан жой берилаётган эмиш.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотига эътибор қаратадиган бўлсак, институтлар ва университетлар талабаларининг атиги 27 фоизини турар жой билан таъминлай олади, холос. Шу ўринда аниқ мисолга тўхталиб ўтамиз. Барчамизга маълумки, республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларида билимли, интилувчан ёшларимизнинг аксарияти отахон университетларимиздан бири — Ўзбекистон Миллий университетида ўқишни орзу қилишади. Айнан шу университетда таҳсил олаётган 17 мингдан зиёд талабалардан бор-йўғи 3 600 нафари ётоқхона билан таъминлашини қандай изоҳлаш мумкин? Ётоқхонага сиғмай қолган талабалар фалон нархларда ижара пулларини тўлаб, транспортга харажат қилиб, ўқишга қатнашга мажбур бўлишади. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг билим олишига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди.

Мамлакатимизда 2021-2022 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига 948 211 нафар абитуриент ҳужжат топширгани, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 535 минг киши ёки 36,1 фоизга кам экани, ҳужжат топширганларнинг 46 фоизи сиртқи таълимни танлагани бежиз эмас, шуларнинг бир учи талабаларга ётоқхона етишмаслигига бориб тақалар эҳтимол?!

Дарҳақиқат, бугунги кунда талаба бўлиш бахтига эришган йигит-қизларни ўзи ўқийдиган институт ётоқхона билан таъминлай олмаса, уй-жой бозорида маклерларнинг “кетмони учса”, пойтахт­­да 200 доллардан камига ижарага бир хонали уй топиш душвор бўлса, устига-устак ҳадемай контракт тўлови машмашаси бошланиб кетса… Ёшлардаги илмга чанқоқлик ҳам сўнади, улардан қанчадан-қанчаси ҳатто ОТМга ўқишга кирганидан пушаймон бўлади.

Соҳа мутасаддилари юқори минбарлардан мамлакатимизда олий таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ҳақида гапиришни хуш кўришади. Аммо талабалар илм-фан сирларини ўрганишга сарфлаши керак бўлган қимматли вақтини ижарага уй излаш билан ўтказаётгани хусусида оғиз очишни ўзларига эп кўришмайди. Шу тариқа муаммо муаммолигича қолиб келаяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларнинг турар жойи учун ойлик ижара тўловининг 50 фоизини бюджетдан қоплаб бериш ҳам бу масалага ечим бўла олмайди. Негаки, талаба ўзининг ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини исботлаши ҳам осон кечмайди.

Пойтахтда талабаларни ҳамёнбоп турар жой билан таъминлаш бугунги кунда ҳар доимгидан долзарб бўлиб турибди. Бу муаммони ҳал этишнинг йўлларидан бири — олий таълим муассасалари ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида хостеллар қуриш, имтиёзли нархларда талабаларга хоналарни тақдим эта оладиган тадбиркорларни ҳамкорликка жалб этиш экани айтилмоқда. Шериклик ёки тадбиркорлар ҳисобидан бўладими, бизга фарқи йўқ. Энг асосийси, талабалар арзон ётоқхоналар билан тезроқ таъминланиши керак. Чунки яхши ўқишини, етук мутахассис бўлиб етишишини талаб қилишдан олдин уларга, ҳеч бўлмаганда, яшаши учун шароитни яратиб беришимиз зарур. Акс ҳолда биз шу ёшлардан эртага нимани кутамиз?!.

Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img