ЯнгиликларМаҳаллийБухорода она-бола чақалоқфурушларга жазо тайинланди

Бухорода она-бола чақалоқфурушларга жазо тайинланди

Фикрия 2019 йилда оилавий можаролар туфайли турмушига дарз кетди. Ота уйига сиғишмаслигини билган қиз остона ҳатлаб кўчага чиқди. Унга кўча ҳаёти маъқулдек туюлди. Тартибсиз ҳаётидаги гуноҳлари эвазига ҳомиладор бўлиб қолди.

2021 йил 8 апрель.

Пешкў туманидаги Кўпанак қишлоғида яшовчи Фикрия Жўраева (исм-фамилиялар ўзгартирилди) исталмаган ҳамда никоҳсиз туғилган  болани дунёга келтиргунча дунё азобларини чеккани рост. Энди нима қилади?…

Шарифа Рўзиева қизи Ғиждувон туманидаги туғуруқхонада эканлигини эшитиб йўлга чиқди. Кўнглига чироқ ёқсанг ёришмайди. Қизининг  қишлоққа қайтиши шармандалик!

Туғуруқхонага ўз юмуши билан келган Наргиза исмли аёл билан танишиб қолган Шарифа тўлиб турган кўнглини тўкиб солди.

— Бу болани кўтариб қишлоққа боролмайди. Одамлар гап қилишади.

— Бу ножоиз йўлдан қайтара олмабсизда, афсус! Кимлардир тирноққа зор… Ҳа, айтганча, бир жиянимнинг фарзанди йўқ.  Маслаҳатлашиб кўрайлик. Кейин гаплашармиз.

Шарифанинг дили ёришгандек бўлди. “Хайрият,” деди юраги бироз тинчлангандек бўлиб, вақтни бой бермасдан Наргиза билан телефон рақамларни алмаштириб олишди.

11 апрель куни Наргиза қўнғироқ қилиб қизалоқни олмоқчи эканликларини билдирди. Воқеалардан қизи Фикрияни хабардор қилаётган Шарифа уни кўндиришга жон-жаҳди билан уринди.

— Мен уларга 8 миллион сўм берасизлар, 4 миллион қизимга,  4 миллион менга дедим.

— Онааа, қандай бўларкааан..?

— Қандай бўларди? Ҳаммаси яхши бўлади…

Аёлга тасниф берилганда аввало, у она эканлиги, фарзанди учун  жонидан кечишгада тайёр буюк зот эканлигига урғу берилади. Аммо ҳамма оналар ҳам қалби шундай меҳрга тўла, деб бўладими? Жавобингиз аниқ. “Йўқ!” Бағритош буви, юраги муз она чақалоқни уялмай-нетмай сотишга ҳозирлик кўришарди.

Гўё катталарнинг бу қилмишидан азият чекаётгандек тинмай йиғлаётган чақалоқнинг овози бутун туғуруқхонани, кейин эса, кенгликларни ларзага келтиргандек бўлди…

Чақалоқ харидори Наргиза анча чаққон экан, дарров қизалоққа гувоҳнома олиб келишди. Фалончиева Ҳаётхон Фалончиевна!

Ҳозиргина ўз қизи бағридан юлқиб олиб  бировга сотиб юборган неварасини эмас қўлга киритилган 8 миллион сўм пулларни ўйлаган буви сочларини қаерда оқартирди экан? Нега, бу хатти-ҳаракати учун жавобгарлик борлиги ҳақида ўйламади экан? Аслида, қинғир ишларини,  нопок ҳаёти гуноҳларини шу тақлид яшириб бу ёғига ҳеч нима бўлмагандек, бирови буви, бошқаси она номи билан яшаши қанчалар оғир!

2021 йил 12 апрель куни Бухоро вилоят ИИБ ТЭҚКБ ва Ғиждувон туман ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида она-ю қиз — Шарифа Рўзиева ҳамда Фикрия Жўраевалар жиноят устида қўлга олиндилар.  Улар  қилмишлари учун қонун олдида жавоб беришади. Бироқ виждон олдидаги жавобгарлик-чи?!

Бобир Умаров,
жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди раиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img