Бунёдбек бунёд қилган термометр қандай ишлайди?

0

Мухбиримиз вирус юқишининг олдини олувчи инновацион воситалар ишлаб чиқараётган мутахассислар билан суҳбатлашди.

Акбархон Собирхонов,
Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари:

— Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан COVID-19 коронавирусидан юқори равишда ҳимояланиш мақсадида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Талабаларимиздан бири Бунёдбек Зарипов иссиқлик ҳароратини ўлчайдиган термометр ихтиро қилди. У 3D принтердан чиқарилган бўлиб, тана ҳароратини узоқдан туриб лазер ёрдамида ўлчайди.

Унинг афзаллик томонлари шундаки, хориждан келтириладиган асбоб-ускуналардан фарқли ўлароқ анча арзон ва ҳамёнбоп. Масалан, ушбу восита хориждан харид қилинса, бир донаси 36 АҚШ долларига тўғри келади. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётгани эса 220 минг сўмга айланади. Ҳозирда ушбу воситанинг прототипи ишлаб чиқилмоқда. Ва синов ишлари олиб борилмоқда.

Яна бир ишланма бу  3D принтердан чиқарилган махсус ниқоб. Ҳозир пандемия пайтида бу воситалар жуда талабгир,  15-18 минг сўм атрофида. Кўз яллиғланиши орқали ҳам вирусни юқтириб олмасликдан ҳимоялайди. Ундан кўп маротаба фойдаланса ҳам бўлади. Карантин даврида дорихона ва супермаркетларда тарқатилса, жуда асқотади. Биз кундалик фойдаланаётган ниқобларимиз юз фоиз талабга жавоб беради, деб бўлмайди.

Ҳозирда карантин бўлишига қарамай, кўплаб озиқ-овқат дўконлари фаолият олиб бораяпти. Дўконларга кириб чиқишда фойдаланадиган ҳар бир одам учун эшик тутқичлари ҳам ишлаб чиқараяпмиз. Бу воситалар инфекция юқишининг олдини олади. Биз ҳозирда бир жамоа бўлиб уй шароитида ана шу каби воситаларни ишлаб чиқараяпмиз. Уларни етарли миқдорда ишлаб чиқариб бўлгач, Инновацион ривожланиш вазирлиги номидан дорихона ва супермаркетларга тарқатмоқчимиз.

Аввалги мақолаЛола Саидова: Инсонлар ўз интеллекти устида ишламай қўйди
Кейинги мақолаБор бўлинг, меҳридарё одамлар…